Home / МАҚОЛАЛАР / Ота-онанинг дуоси

Ота-онанинг дуоси

Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун-кунунга айлагани нурфош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш. 
А. Навоий

Одатда отани ва онани ҳар бир инсон табаррук зотлар сифатида эъзозлашади, чунки ҳар бир инсон учун отадан улуғ қадрдон, онадан меҳрибон ва яқин киши бўлмаса керак. Улар сиз билан бизни дунёга келтириб, кўз қорачиғидек асраб авайлаб вояга етказибгина қолмасдан ҳамма вақт қуёш янглиғ ҳаётимизга нур ато этадилар, тунимизни ёруғ, йўлларимизни ойдин қиладилар.

Она – мўътабар, азиз, оила нури, осойишталик фариштаси, тадбиркор, мўъжизакор, қалбида дунёнинг энг эзгу фазилати ва тилаклари мужассамлашган зот. Фарзандини дунёга келтириш билан унда чинакам инсоний фазилат – меҳр ва эзгулик уруғини экади, ўзининг оҳангдор алласи, меҳр қўри билан бола қалбига йўл топади. Кулол ясаган кўзасига инсонларни ажаблантирадиган, жилвакор нақшлар билан безаганидек, она кулол сингари ўзининг меҳр-муҳаббати, зукколиги ҳамма яхши фазилатлари, эътибори, чексиз меҳнати, иродаю матонати билан камолотга етаклайдиган ҳолда фарзандини тарбиялаб, вояга етказади.

Оталар фарзандларининг чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сарфлашади. Ўғил-қизларининг ахлоқ-одобини, илм-салоҳиятини ўнглашади. Фарзандга келган бало-қазоларга кўксини қалқон қилади. Ота бола учун мустаҳкам таянч, ор-номус, келажаги йўлидаги орзу-умиди, ҳақиқат ва адолат посбони ва ижтимоий меҳнат фаолияти, яхши ахлоқи, хулқи билан ўрнак, ҳар бир ишида устоз, мураббий, саховат ва мурувват мактаби ҳисобланади.

Ҳар бир ота-она фарзандини вояга етгунига қадар яхши ниятлар қилади ва боласининг ҳаққига “меҳрибон фарзанд бўлсин, иймонли, инсофли, диёнатли бўлсин, ўсиб-улғайиб камолга етсин…” дея дуолар қилади. Ота-она ҳаётда ўзлари етолмаган даражаларга фарзандининг етмоғини Аллоҳ таолодан дуолар қилиб сўрайдилар. Ота-она фарзанд томонидан энг юксак эъзозу ҳурматга сазовор бўлган инсонлардир. Бу ҳақида ояту ҳадислар жуда кўп келтирилган. Халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ота рози – Худо рози” деган ҳикмат ҳам шундан келиб чиққан. Зеро, ҳадиси шарифда “Жаннат оналар оёғи остидадур” дейилиши ҳам бежизга эмас. Халқимизнинг севимли китобларидан бири “Қобуснома” асарида шундай ҳикмат битилган “Фарзанд мевага, ота-она дарахтга ўхшайдир. Дарахтни ҳар қанча яхши тарбият қилсанг, меваси шунча яхшироқ ва ширинроқ бўлур. Ота-онага иззат ва ҳурматни қанча кўп қилсанг, уларнинг дуоси шунча тезроқ мустажоб бўлур”. Шундай экан бу улуғ зотларга иззат-ҳурматни бирон лаҳза ҳам унутмаслик ҳар бир фарзанднинг инсонийлик бурчидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий (Пайғамбар) соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта дуо шак-шубҳасиз, қабул бўлади: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандлари ҳаққига қилган дуоси”, дедилар”[1].

Ота-онанинг фарзандлар ҳаққига қиладиган хайрли дуоси… бундан яхшироқ мукофот бормикан фарзанд учун? Ота-оналарнинг сидқидилдан қилган дуолари – ўғил қизларининг узоқ умри, бахту саодати, иқбол-камолини тилаб қилган дуолари чексиз. Астойдил юракдан айтилган бу илтижоларнинг амалга ошиши шубҳасиз. Зеро, қайси бир фарзанд ота-онасини эъзозлаб, ҳурматини қилиб, дилига сурур – шодлик бахшида айласагина, уларнинг холисона дуоларига сазовор бўлади. Кексаларни, айниқса, падари бузрукворлари ва волидаи муҳтарамаларининг ва кўнгилларига хушнудлик етказишни истаган фарзанд элу-юртига ҳам садоқатли бўлади, чунки ота-оналар ўз ўғил қизлари-ю, набира-эвараларининг эҳтирому иззатларини она Ватанга муҳаббатда ҳам кўрадилар. Диёрига, элига нонкўрликни улар асло кечирмайдилар. Ҳа, ота-она дуосига мушарраф бўлиш учун уларга ҳар жиҳатдан муносиб бўлмоғимиз зарур.

Ота-онанинг ўз фарзандига қилган дуоибади, яъни фарзанд ҳаққига қилинган ёмон дуоси? Ота-она фарзанди учун қандай дуо қилса, шак-шубҳасиз қабул бўлар экан. Шунинг учун фарзанд доимо ота-онанинг яхши, хайрли дуосини олишга ҳаракат қилиши, ота-она эса доимо хайрли дуо қилиб, дуоибад қилишдан ўзини сақлаб, фарзандидан маълум бир хатолар ўтса, камчиликлар содир бўлса, сабр қилиб, ёмон дуо қилишга шошилмаслиги керак бўлади.

Кимки, ота-онасини мамнун этган ҳолда эрта билан ўрнидан турса, унга жаннатнинг икки эшиги очилади. Кимки, ота-онасини мамнун қилган ҳолда тунни киргизса ҳам шундай бўлади. Агар бирини мамнун этса, жаннатнинг бир эшиги очилади. Эй Фарзанд! Ота-она зулм ўтказган бўлса ҳам, ўтказмаган бўлса ҳам асло уларга қарши борманг!.

Кимки ота-онасини ранжитган ҳолда тонг оттирса, унинг учун жаҳаннамнинг икки эшиги очилади. Кимки ота-онасини ранжитган ҳолда кунини кеч қилса ҳам шундай бўлади. Агар бирини ранжитса, дўзахнинг бир эшиги очилади. Эй Фарзанд! Ота-она зулм ўтказган бўлса ҳам, ўтказмаган бўлса ҳам асло уларга қарши борманг!.

Дунёда пурмаъно бир сўз бор: ундан ортиқ ва яхшироқ сўзни билмайман. Эй Фарзанд! Жамиятда шундай инсон бўлингларки, фақат ота-онангиз учун энг ёқимли сўз – “Ота-онангга раҳмат”, дейилган сўзларни эшитинглар. Унинг акси ҳам бор: у энг ёмон, энг ёқимсиз – оқпадар, она сути кўр қилгур, деган сўзлардир. Эй ўғилларим, қизларим биринчи сўз доимий ҳамроҳингиз бўлсин, иккинчисидан сақланинг.

Кимки ота-онасини рози қилиб, уларнинг хайрли дуоларини олса, ўша киши учун жаннатдан икки эшик очилади. Ота-онаси рози бўлмаган киши учун эса жаҳаннамдан икки эшик очилади.[2] Ота-она фарзандига нисбатан зулм қилсалар ҳам уларга қарши турилмайди, қарши чиқилмайди. Чунки Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга шундай дейди: “Эй , Мусо! Гуноҳлар ичра шундай бир гуноҳ борки, оғирлиги дунёдаги тоғларнинг оғирлигича келади”. “Аллоҳим! Ўша қандай гуноҳ?!” – деб сўради Мусо алайҳиссалом, Аллоҳ таоло марҳамат этди: “Ота-онаси ёки улардан бири чақирганда фарзанд жавоб бермаслиги!” Демак, ота-оналаримиз чақирганда уларга “лаббай” дея жавоб беришимиз лозим.

Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқувчи киши ота-онасини асло ранжитмайди, қандай қилиб бўлса ҳам, иложини топиб, уларнинг кўнглини, розилигини ва дуоларини олади.[3]

Ҳатто, хафа қилсалар ҳам, фарзанд уларга қарши бош кўтармайди, уларнинг истакларига, кўнгилларига қарайди. Агар улар янглиш, хато ва ҳаром ишга таклиф қилсалар, уларга буни жуда мулойим тарзда билдириши, ишонтириши ва огоҳлантириши лозим бўлади.

Фарзанд ота-она озор берса, ранжитса, оғир сўз айтса ҳам дарҳол қўлларини ўпиб, кўнгилларини юмшатиш, дуоларини олишга киришиши ҳамда уларнинг ҳам ҳақларига мудом дуода бўлмоғи керак.

Суфён раҳматуллоҳи алайҳдан сўрадилар: “Инсон ўз ота-онасини қанча марта дуо қилади, ҳар куними, ҳар ойдами, ёки ҳар йилдами?”. У киши: “Уларни ташаҳҳуднинг охирида дуо қилсин, деб ўйлайман”, – дедилар. Яъни фарзанд ҳар намозида, намозининг ичида, ҳали салом бермасдан, дуолар ижобат бўладиган пайтда ота-онанинг ҳаққига дуо қилмоғи керак экан.

Уларга совғалар бериш уларни севинтириш ва кўнгилларини топишнинг энг қулай йўлидир. Ота-она кекса бўлса, уларга ёрдам бериш ва ёлғиз қолдирмаслик керак. Бошқаларнинг улар билан енгил-елпи муомалаларига йўл қўймаслик, ҳизматларини тўла адо этиш учун қўлдан не келса бажармоқ лозим.

Баъзи ҳолларда фарзандлар ота-оналарига нотўғри услубда диндан гапириб, даъват қилиб, ота-оналари тарафидан диннинг сўкилишига сабаб бўлиб қолганини эшитиб қоламиз. Фарзандлар бу борада ўта зийрак бўлишсинки, ўзининг баъзи нотўғри хатти-ҳаракатлари билан ота-оналарининг диндан чиқадиган ёки катта гуноҳ бўладиган сўзларни айтишига сабаб бўлиб қолишмасин.

Ота-она розилиги фарзанд учун икки дунё саодатига етказувчи энг асосий омил бўлиб, уларнинг хизматларида доим камарбаста бўлиб, яхшиликлар қилиб, дуоларини олиб инсон Аллоҳ таолонинг розилигига етади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими мутахассиси,
И.Даурбекова
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Адаб ал-муфрад. 1-ж. –Б.130. – Т.-2011.
[2] “Эй, фарзанд”. Абу Ҳомид Ғаззолий. Т.: – 2005. Мовароуннаҳр. – Б. 51.
[3] Ўша асар.-Б.52.

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …