Home / АЛЛОМАЛАР / Имом Бухорий муфассир сифатида

Имом Бухорий муфассир сифатида

Ҳадис илми фақатгина ҳадисларни тўплаш, ровийлар ҳақида сўз юритиш, ҳадисларни саҳиҳ ва саҳиҳ эмасга ажратишдангина иборат бўлмай, балки бутун бир дин илмидир. Ҳадисларни илдиз-илдизигача ўрганган киши муҳаддисгина бўлиб қолмайди, балки муҳаддис, муфассир, фақиҳ, ақоид илми билимдони, луғат илми мутахассиси ва боринки, ислом илмларининг барча жабҳаларини ўзида мужассам этади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ана шундай барча илмларда моҳир эди.

Имом Бухорий ҳадис илмининг султони, муҳаддислар имоми деб улуғлансада, биринчи галда Қуръон аҳлидан бўлган. Имом Доримий бу ҳақда: “У (Бухорий) Аллоҳнинг бандалари ичида энг зийраги, Унинг китобидаги ва Набийсининг суннатидаги буйруқ ва қайтариқларни чуқур фаҳмлаган кишилардан эди. Агар Муҳаммад Қуръон ўқийдиган бўлса, бутун вужуди билан ўқир, қалби, кўзи қулоқлари унга машғул бўлиб қоларди. Қуръон ҳақида тафаккур юритар ва ундаги ҳалолу ҳаром ҳукмларни жуда яхши ажратиб олар эди”, деб эътироф этган.

Бакр ибн Мунир айтади: “Бухорий кунларнинг бирида намоз ўқиётганда, уни 17 марта ари чақиб олди. Намозни тугатгандан кейин: “Қарангларчи, намозимда менга азият берган нарса нима экан?” деб юзланди. Қарасалар 17 жойидан ари чақиб ташлаган экан. Шунда ҳам у намозини бузмабди. Нега бундай қилгани сўралганда: “Бир оят ҳақида тадаббурда эдим, тугатиб қўйишни хоҳладим”, деб жавоб берган экан.

Имом Бухорийнинг тафсирга доир иккита китоби мавжуд бўлган. Биринчиси “Тафсирул кабир” китоби бўлиб, Муҳаммад Фозил ибн Ошур “Тафсир ва унинг соҳиблари” номли китобида Бухорийнинг тафсирга доир алоҳида “Тафсирул кабир” номли китоби бўлгани, бироқ бизгача етиб келмаганини айтади. Ҳожи Халифа ўзининг “Кашфуз зунун” номли асарида ҳам санади Бухорийнинг шогирди Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийга етиб борадиган нақлга таяниб, ушбу тафсир ҳақида маълумот берган.

Иккинчиси “Саҳиҳул Бухорий” асари ичидаги “Китобут тафсир” китоби. Бу китобнинг ёзилиш жараёни давомида Бухорийнинг чексиз илм соҳиби эканини ифодаловчи қуйидаги воқеа юз берган: Имом Бухорийнинг таржимаи ҳоллари ҳақида маълумот берган “Тарихи Бағдод”, “Таҳзийбул Асмаа” каби китобларда Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқдан ушбу ривоят келтирилади. У киши бир куни Имом Бухорийнинг чалқанча тушиб ётганларини кўрди. Улар ўшанда Фирабрда эдилар. Тафсир китоби тасниф қилинаётган эди. Имом Бухорий ўша куни жуда кўп ҳадисларни чиқариб қаттиқ чарчаган эди. Варроқ у кишига: “Эй Абу Абдуллоҳ! Бир куни “Мен ақлимни таниганимдан буён бирон нарсани илмсиз қилган эмасман”, деганингизни эшитган эдим. Ушбу чалқанча ётишда қайси илм бор?” деди. “Бугун ўзимизни қаттиқ чарчаттик. Бу сарҳадлардан биридир. Душманлардан бирор иш содир бўлмасин деб қўрқдим. Бир оз дам олиб, тайёргарлик кўрай дедим. Агар душман бизни ғафлатда қолдирмоқчи бўлса, тезда ҳаракатга тушамиз”, деган экан Имом Бухорий.    

“Саҳиҳул Бухорий” асари кўп жиҳатдан тафсирга алоқадор китобдир.  У тафсирга доир кўплаб бобларни ўз ичига олган. “Ваҳийнинг бошланиши китоби”, “Яратишнинг бошланиши китоби”, “Анбиёлар китоби”, “Қуръон ва суннатга маҳкам боғланиш китоби”, “Тавҳид китоби”, “Тафсир китоби”, “Қуръон фазилатлари китоби” каби китоблар бевосита уни тафсир илми билан чамбарчас боғлайди.

Имом Бухорий тафсир китобини ёзишда Қуръон илмларидан моҳирона фойдаланган. Китобда аввалги ва охирги нозил бўлган оятлар, нозил бўлиш сабаблари, носих ва мансух оятлар, қироатлар, умумий ва хос маънони англатувчи оятлар ҳақида келтирилган ҳадислар унинг тафсир илмида чуқур билим соҳиби бўлганига далолат қилади.

Китобда ақидага доир оятларнинг тафсирида хавориж, муржиъий, қадарий, мўътазилий, жаҳмий сингари фирқалар ақидасига қарши раддия бўлувчи йўлни тутган, фиқҳга доир оятларни тафсирида эса дастлаб асос бўлувчи оятлар сўнгра улардан келиб чиқувчи ҳукмларни келтирган ва ўзининг фиқҳ илмида ҳам пешволигини кўрсатган. Қуръон қиссаларида ҳам қиссаларга саҳиҳ ривоятлар эргаштириш билан уларнинг маъноларини янада очиқлаган.

Бухорийнинг тафсир илмига нисбатан муносабатини ўрганган ҳолда шуни хулоса қилиш мумкинки, у илм йўлидаги мақсадларининг энг асосийлари қаторида тафсир илмини қўйган. Минглаб тафсирга доир маъноларни ёритиб берган. Ҳадис илмида имом бўлгани сингари тафсир илмида ҳам имом бўлган. Қуръони карим тафсири орқали аҳли сунна валжамоа ақидасини турли фирқаларнинг ботил ақидасидан ҳимоя қилган. Ибн Арабий, Қуртубий, ибн Касир сингари буюк муфассирлардан тортиб шу кунгача келган тафсир илми билан шуғулланувчилар Бухорийнинг “Саҳиҳи”га муҳтождирлар ва муҳтож бўлиб қоладилар.

Усмонхон Муҳаммадиев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …