Home / МАҚОЛАЛАР / Мутакаббирлик ёмон иллат

Мутакаббирлик ёмон иллат

Ҳар бир инсон эҳтиёт бўлиши лозим бўлган энг ёмон иллатлардан бири мутакаббирликдир. Мутакаббир, кибр, такаббур, кибриё сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Манмансираш, озгина амал учун ўзини бошқалардан юқори деб билиш ёки озгина бойлик қўлга кириб қолса, кечаги кунини унутиб, катта гапириш, одамлардан нимаси биландир баланд эканини кўрсатиш мутакаббирлик белгиларидан бўлади. Мутакаббирлик шайтон қиладиган амалдир. Жаннатда Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, унга сажда қилишни буюрганида “мени оловдан яратдинг уни лойдан яратдинг” деб шайтон ҳасад ва мутакаббирлик қилиб осий бўлган эди. Бундан кўринадики, кўп гуноҳ ишлар мутакаббирлик ва ҳасаддан бошланади.

Мутакаббирликка кўпинча қуйидагилар сабаб бўлади: илм, амал, насаб, жамол (чирой), молу дунё, куч қудрат ва ўзининг тарафдорлари билан кибрланиш. Мана шу неъматга эга инсон ҳамиша ўзини кибр деган ёмон иллатдан сақлашга ҳаракат қилмоғи лозим. Мутакаббирлик Аллоҳга хос, бандалар бу хислатни ўзларига олишса, хато қилишади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Осмонлар ва ердаги барча буюклик ёлғиз Уникидир! У қудратли ва ҳикматли зотдир”[1]. Инсон ҳеч қачон бу иллатни ўзига раво кўрмаслиги лозим. Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида заррачалик кибри бор одам жаннатга кирмайди ва қалбида заррачалик имон бўлса, дўзахга кирмайди (дўзахда абадий қолиб кетмайди)”, – дедилар. Шунда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Расуллуллоҳ, кўриб турибсиз, Аллоҳ мени чиройли қилиб яратган. Ўзим чиройли бўлганимдек кийимларим (ҳам) чиройли бўлиб бошқалардан ажралиб туришини ҳохлайман, (шу кибрми)?”, – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло гўзалликни яхши кўради (у кибр эмас). Кибр – ҳақни инкор қилиш ва одамларни менсимаслик”, – дедилар”[2]. Аллоҳ таоло бандага неъмат берган бўлса, шу неъматни бандасида кўришни, дунё берган бўлса, уни яхшиликка сарфлаётганини кўришни хоҳлайди.

Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларининг бир қанчасида мутакаббирнинг жазоси ҳақида бандаларига хабар берган: “Энди ўзларингиз мангу қоладиган жаҳаннам дарвозаларидан кирингиз! Мутакаббир кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон!”[3]. “Жаҳаннам дарвозаларидан у жойда мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз! Бас мутакаббир кимсаларнинг жойи нақадар ёмондир!”[4]. “(Шунда уларга) айтилди: “Жаҳаннам дарвозаларидан киринглар! Сизлар ўша жойда мангу қолурсизлар!» Бас, кибрли кимсаларнинг жойлари нақадар ёмондир!”[5]. Мазкур оятларда Аллоҳ таоло ва расулига итоат қилмаган мутакаббирларнинг жазоси фақат жаҳаннам экани таъкидланган. “Мусо айтди: “Мен Раббим ва Раббингиз (бўлмиш Аллоҳ)дан Ҳисоб кунига имон келтирмайдиган барча мутакаббирларнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўрайман”[6]. “Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжатсиз тортишадиган кимсалар Аллоҳ наздида хам, имон келтирган зотлар наздида хам катта нафратга дучор бўлурлар. Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравоннинг қалбини мана шундай муҳрлаб қўяр”[7]. “Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қорайган ҳолда кўрурсиз. Жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?!”[8] ушбу оятлардаги мутакаббирдан мақсад, ҳақни тан олмаслик, маъсият ишларни қилиш ва ҳақни ёлғонга чиқариш назарда тутилган.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло қиёмат куни уч тоифа одамларга гапирмайди, уларга қарамайди ва уларни гуноҳлардан покламайди, улар учун аламли азоб бор: зинокор чол, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағал”, – дедилар”[9]. Бойнинг мутакаббирлиги мол-дунёси учун деб ўйлармиз, энди камбағал бўла туриб мутакаббир бўлиш ҳеч бир ақлга сиғмайдиган ҳолат бўлади. Бу билан бой одамнинг мутакаббир бўлиши мумкин дегани эмас. Аллоҳ бой мутакаббирни ҳам ёмон кўради, ундан ҳам кўра камбағал мутакаббирни ёмон кўради.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саккиз тоифа кишининг қиёмат куни Аллоҳ таоло махлуқлари ичида энг ёмон ҳисобланиши ва азобга қолишини таъкидлаганлар. Улар: ёлғончилар, мутакаббирлар, қалбларида мўмин биродарларига нисбатан буғзу адоват сақлаган ҳолда уларни кўрганларида мулозамат қилувчи кимсалар, Аллоҳ ва расулининг даъватини секин, шайтоннинг буйруғини эса тез бажарувчилар, ноҳақ бўлсин қасам ичиб, дунёдан тама қиладиган кишилар, чақимчилар, дўст-биродар кишиларни бир-биридан айиришга ҳаракат қилиб юрувчилар, гуноҳсиз одамларга ноҳақ бўҳтон қилувчилар. Бу тоифа одамлардан бўлиб қолишдан сақланишимиз жамиятда тинч тотувлик, оилаларимиз хотиржамлиги, ёш авлод тарбияси ва одамларнинг хотиржамлигига, охиратда эса, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади.

Қаноатнинг меваси роҳат, камтарнинг меваси муҳаббат. Камтар одамни ҳамма яхши кўради. Ҳар бир ишнинг ўртача бўлгани яхши, ҳар бир сўзнинг тавозе, камтарона айтилгани ундан ҳам яхши. Ҳар доимо камтарли бўлишга, ҳар ишда ўртача йўл тутишга ҳаракат қилайлик. Келтирилган оят ва ҳадислардан ибрат олиб, ҳаётга татбиқ қилиб, иложи борича яхши ишлар қилишга, покиза зурриёт тарбиялашга ҳаракат қилайлик. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Қ. Маҳмудов
[1]Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. –– Т.:  ТИУ. 2001. Жосия сураси 37-оят мазмуни.
[2] Термизий. Сунани Термизий.  – Ж. 4. – Байрут. Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий. 1999-ҳадис. –Б.361.
[3] Наҳл сураси 29-оят мазмуни.
[4] Ғофир сураси 76-оят мазмуни.
[5] Зумар сураси 72-оят мазмуни.
[6] Ғофир сураси 27-оят мазмуни.
[7] Ғофир сураси 35-оят мазмуни.
[8] Зумар сураси 60-оят мазмуни.
[9] Муслим. Саҳиҳи Муслим. – Ж. 1. – Байрут. Дор иҳёи-т-туроси-л-арабий. 107-ҳадис. –Б.102.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …