Home / ЯНГИЛИКЛАР / Тошкентда илк бор икки қадимий Қуръон қўлёзмалари намойиш этилади

Тошкентда илк бор икки қадимий Қуръон қўлёзмалари намойиш этилади

“Ўзбекистон – буюк йўллар ва тамаддунлар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” маданий мерос ҳафталиги қатнашчилари 23 августда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига ташриф буюради. Шу куни меҳмонлар Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида ҳам бўлиб, дунёдаги илк Қуръон қўлёзмалари – Усмон Қуръони, Катта Лангар Қуръони нусхаларини кўришга муваффақ бўлади.
 
Усмон Қуръони туғилмаган бузоқ терисига битилган бўлиб, муқаддас китобнинг илк қўлёзмаси саналади. Барча мусулмон олами вакиллари учун табаррук бўлган нодир қўлёзмани кўриш учун ҳар йили Тошкентга кўплаб мамлакатлардан минглаб сайёҳлар ташриф буюради.
 
Машҳур Катта Лангар Қуръони ислом дини ва барча мусулмонлар учун оламшумул аҳамиятга эга. Бу қадимий китоб бутун инсониятнинг мероси ҳисобланувчи маданий ва тарихий бойликлар қаторига киритилган.
 
Экспертларнинг фикрича, Катта Лангар Қуръони қўлёзмасининг умумий ҳажми 206 саҳифа бўлиб, бугунги кунгача ундан деярли ярми – 97 саҳифаси сақланиб қолган. Қуръон саҳифаларининг 81 варағи Россияга олиб кетилган ва ҳозирда Россия Фанлар академиясининг Қўлёзмалар институтида сақланмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра қўлёзманинг 16 варағи Ўзбекистонда сақланади. Айни вақтда бу нодир қўлёзманинг қолган саҳифалари тақдири номаълумлигича қолмоқда.
 
Шу муносабат билан ЎзЭОАВМА “Sevimli TV” телеканали ҳамда “Би-Би-Си” ўзбек хизмати билан ҳамкорликда афсонавий Қуръоннинг йўқолган саҳифаларини излаб топишга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда. Бу борада “Катта Лангар Қуръони: афсона ва ҳақиқатлар” мавзуида ҳужжатли фильм ҳам тасвирга олинди. Уни тасвирга олиш ишлари Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида олиб борилди. Фильм лавҳалари Қуръон саҳифаларининг асосий қисми қандай қилиб Санкт-Петербургга бориб қолгани билан боғлиқ тарихий ҳақиқатларни очиб беради. Ҳужжатли фильмда Араблар қишлоғида яшовчи оқсоқоллар ва маҳаллий аҳоли хотиралари, Катта Лангар Қуръони билан боғлиқ афсона ва ҳақиқатлар ҳикоя қилинади.
 
Лойиҳа доирасида 30 та 15 дақиқалик фильм тасвирга олинган. Бу фильм жорий йил Рамазон ойида “Sevimli” телеканалида ва “Би-Би-Си” ўзбек хизмати веб-сайтларида томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.
 
Ислом цивилизацияси маркази ўз моҳиятига кўра Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Марказнинг янги биноси ва илмий мажмуанинг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан 2017 йил декабрь ойида бошланган.
 
Марказ олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, унинг таркибида академия, ислом санъати музейи, мамлакатимизда ва хорижда сақланаётган қадимги ноёб қўлёзмалар, литографик китоблар, буюк алломалар ва дин арбоблари қолдирган тарихий ҳужжатлар, шунингдек, ушбу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқотлар билан бойитиладиган фонд бўлиши назарда тутилган.
Манба: ЎзА

Check Also

Россия кутубхоналаридан Ўзбекистон тарихига оид энг нодир қўлёзмалар топилди

Ўзбекистон замини маданий бойликларга бой. Айни пайтда тақдир тақозоси билан халқимиз маданиятига оид мерос бутун …