Home / МАҚОЛАЛАР / Тафриқа – динимиздаги улкан мусибатдир
tafriqa

Тафриқа – динимиздаги улкан мусибатдир

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Халқимизнинг қон-қонига, онгу шуурига сингиб кетган Ислом дини инсонларни ўзаро аҳил ва иноқ яшашга, бир-бирларини яхшиликка бошлаб, ёмонликдан қайтаришга ундайди. Аллоҳ азза ва жалла томонидан юборилган барча пайғамбарлар ўз умматларини бирдамликка, талашиб-тортишмасликка ва баҳамжиҳат яшашга даъват қилганлар. Муқаддас динимизнинг барча кўрсатмаларига амал қилиб яшаган халқимиз азалдан бир-бирлари билан иноқ, тинч-тотув ҳаёт кечиришган, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳеч қачон эътиборсиз қолмаган, уларга қўлларидан келганича ёрдам бериб, меҳр-мурувват кўрсатиб келишган. Ота-боболаримиз, онахону момоларимиз ёшларни аҳиллик, тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат руҳида тарбиялаб келганлар. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман)халқлар ва қабила(элат)лар қилиб қўйдик. (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ушбу илоҳий чақириқ барча инсонларнинг асли бир эканлигига, шунинг учун ҳам бир-бирлари билан гўзал муомалада бўлиб, аҳил ҳаёт кечиришлари лозимлигига далолат қилади. Бошқа бир оятда мана бундай хитоб қилинади: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз”. (“Ҳужурот” сураси, 10-оят).

Инсонларнинг ҳар хиллигида ҳам бир ҳикмат бор. Бу ҳикмат қуйидаги ояти каримада бундай баён қилинади: “Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди”. (Ҳуд сураси, 118-оят).

Бинобарин, Аллоҳ таоло инсонларни ҳар хил қилиб яратди. Унинг иродаси шундай бўлди. Агар хоҳласа, уларни бир уммат қилиб қўярди. Чунки инсон табиатидан маълум нарса шуки, бир хилликдан зерикади, малолланади. Бундан келиб чиқадики, инсониятни ҳар хиллиги бир хилликка хизмат қилар экан.

Фирқаларга бўлиниш жуда кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Уларни қуйида далиллар билан алоҳида баён қилиб ўтамиз. Фирқаларга бўлиниш Ислом дини томонидан қайтарилган ишларнинг туркумига киради. Чунки, фирқаларга бўлиниш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган қабиҳ иш саналади. Ўзини чин уммат деб билувчи ҳар бир инсон бу ишни қилишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлмоғи лозим бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фирқаланишдан эҳтиёт бўлинглар!”, дея бундан огоҳлантирганлар.

Тарихдан маълумки, фирқаланиш ортидан одамлар устига қанчадан-қанча бало-офатлар, азобу мусибатлар, турли хил кулфатлар келган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Динларини тафриқа қилиб, ўзлари гуруҳбозлик қилганлар билан ҳеч бир алоқанг йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола. Сўнгра қилган ишларининг хабарини берур”. (Анъом сураси, 159-оят).

Имом Бағавий раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги оятни қуйидагича изоҳлайди: “Улар (тафриқа қилувчилар) бидъат ва ҳаво эгаларидир”. (Шарҳус сунна 1/210).

Бу тўғрисида Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Фирқаланиш бидъатчиларнинг энг ёмон сифатларидан биридир”, деганлар. (Ал иътисом, 1/113).

Эътиқоди мустаҳкам бўлган инсон Аҳли сунна вал жамоани маҳкам ушлаб, унга қатъий амал қилади. Тарафкашликдан эҳтиёт бўлади. Эътиқоди суст, мутаассиб ёки эътиқоди бузуқ одамгина тарафкашлик қилади.

Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ёзилганига минг йилдан зиёд вақт ўтган, ўзининг машҳур “Ақидатут Таҳовия” асарида: “Аҳли сунна вал жамоатга эргашамиз. Ажралиш, хилоф қилиш ва фирқаланишдан тийиламиз”, дедилар.

Яна мазкур асарнинг бошқа жойида у киши шундай деганлар: “Биз Аҳли сунна вал жамоатни ҳақ ва тўғри, фирқаларга бўлинишни эса, йўлдан оғишиш ва азоб деб биламиз”.

Дарҳақиқат, мусулмонлар мана шу ақидага оғишмай амал қилган вақтларда хайр-баракада, фаровонлик ва тинчликда ҳаёт кечирдилар. Қачонки, ихтилоф, ўзаро келишмовчилик, фирқаларга бўлиниш ва эътиқоднинг бузилиши бошланганда, уммат орасида турли хил бало ва офатлар келди.

Динимиз ўзаро ихтилоф қилишдан, тафриқага бўлинишдан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо бўлишига сабаб бўлади. Айниқса, динда тафриқага бўлиниш залолат саналиб, инсоннинг икки дунёсини ҳам барбод бўлишига олиб боради.

Бинобарин, тафриқа қилиш, бўлиниш, айрилиш – буларнинг ҳаммаси эгри йўллардир. Бу йўллар инсонни фақат зулмат ва дўзах сари етаклайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло менинг умматимни залолат устида жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоат узрадир. Кимки жамоатдан ажралса, ажралиб жаҳаннамга киради”, дедилар. (Термизий ривоят қилган).

Динимизда барча муаммоларга жавоб бор. Юқорида тафриқа, бўлиниш, ажралиш, пароканда бўлиш нима оқибатларга олиб бориши далиллар билан айтиб ўтилди. Бунинг ечими ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай баён қилади: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз”. (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Албатта, мени умматим залолат устида жамланмайди. Шундай экан, қачон ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга саводи аъзамни (яъни, энг улуғ жамоани) лозим тутинг”. (Ибн Можа ривоят қилган).

Уламоларимиз ҳадисдаги “Саводи аъзам” калимасини “Аҳли сунна вал жамоа” деганлар.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, фирқаларга бўлинмасликнинг асосий ечими икки нарсададир:

Биринчиси: фирқаларга бўлинмаслик учун Аллоҳнинг арқони – Қуръони каримни маҳкам ушлаш, уни ўқиб ўрганиш. Чунки Қуръонда фирқаларга бўлинишдан қайтарилади. Бу эса ўз навбатида кишида илм бўлишини талаб қилади.

Иккинчиси: жамоатни тарк этмаслик, яъни Аҳли сунна вал жамоани маҳкам ушлаш. Бу эса кишидан амал қилишни талаб этади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни тафриқадан сақласин. Бир-бирларимиз билан аҳил-иноқ, меҳр-оқибатли ва тинч-тотув ҳаёт кечириш бахтига муяссар қилсин.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси раҳбари
Абдуҳалим Муҳиддинов

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …