Home / МАҚОЛАЛАР / МАРКАЗИЙ ОСИЁГА ХАТТОТЛИК САНЪАТИНИНГ КИРИБ КЕЛИШИ

МАРКАЗИЙ ОСИЁГА ХАТТОТЛИК САНЪАТИНИНГ КИРИБ КЕЛИШИ

Шарқ халқларининг узоқ асрлик тарихида чуқур из қолдирган маданий меросида хаттотлик ва китобат санъати алоҳида аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради. Араб истилосидан сўнг Ўрта Осиё халқлари томонидан ислом динининг қабул қилиниши муносабати билан Қуръони карим билан бир қаторда, араб ёзуви ҳам кириб келди. Араб ёзуви ўз навбатида исломгача бўлган Ўрта Осиё халқлари ёзувлари, жумладан, қадимий уйғур, урхун-енисей, суғд ва хоразм ёзувларини сиқиб чиқарди ва VIII асрдан бошлаб араб ёзуви ўрта шарқ халқлари учун илм-фан ва давлат ишларида ҳам ягона ёзув сифатида фойдаланилган:

Араб ёзуви узоқ асрлар давомида икки хил вазифани бажариб келган Биринчи: барча халқлар ёзуви сингари ислом дини орқали кириб келган маънавий маданият тараққиёти учун хизмат қилган ҳамда илм-маърифат ва маданий ёдгорликларни бизнинг давримизгача сақлаб келган асосий воситалардан бири бўлган. Иккинчи: араб ёзувининг график асослари бир хил бўлишига қарамасдан, ҳарфлар шакл жиҳатдан турли услубларда тараққий этган. Бу ҳолат араб ҳарфларига ҳусн киритиш ва уларни тобора гўзаллаштиришга бўлган интилишлари натижасида келиб чиққан. Натижада Ўрта Осиё халқлари қабул қилган 32 та араб ҳарфи билан ёзиладиган хат шакл жиҳатидан 37 тага етган. Араб ёзуви дунёдаги кўп халқлар ёзувидан бир жиҳати билан фарқ қиладики, бу ёзувнинг гўзаллигига алоҳида эътибор берилиши натижасида араб хати маъно ташиш воситасидан ташқари, яна кишиларга юксак эстетик завқ берувчи санъат асарига айланган. Бу санъат узоқ ўтмишдан бери ҳуснихат (каллиграфия) номи билан шуҳрат қозонган. Ўрта асрларда ҳали китоб босиш техникаси ихтиро этилммасдан аввал ҳар қандай асар қўлда кўчирилиб, китобат қилинган. Китобат қилиш феодализм даврида ҳам алоҳида ўринни эгаллаган бўлиб, китоб кўчириш катта ҳунар ва санъат ҳисобланган ва бу ҳунар эгалари тарихда хаттот ёки котиб номи билан машҳур бўлган.

Ўрта Осиёда хаттотлик санъатининг ривожланиши Темур ва темурийлар давридан бошланган бўлиб, ҳуснихат санъати дастлаб Хуросон пойтахти Ҳиротда ривожланиб, у ерда Султон Али Машҳадий томонидан йирик хаттотлик мактаби ташкил этилган. Мактабнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, бу ерда асосан XIV асрда Мир Али Табризий яратган настаълиқ хат услуби Султон Али томонидан такомиллаштирилган ва бу услубда асосан бадиий, тарихий асарларни ёзишда фойдаланилган. Диний ва баъзи илмий асарлар эса, насх хатида кўчирилган бўлса кўфий, риқоъ ва сулс хатларида кўпроқ меъморчилик, наққошлик санъати йўналишларида ишлатилган. XVI асрда темурийлар салтанати инқирозга юз тутиб, сиёсий ҳукмронлик шайбонийлар қўлига ўтиши билан Бухорода маданий ҳаёт маълум даражада тараққий этган. Шу жумладан, хаттотлик санъати ҳам. Ҳирот хаттотлари, рассомлари ва маданият арбобларидан бир қисми Бухорога келиб, у ерда Бухоронинг ўзига хос бўлган янгича китобат ва ҳуснихат санъати маълум даражада ривож топади. XVI ва XVII асрларда яшаб ижод этган Бухоро хаттотлари ҳуснихат бобида ўзига хос услуб — Бухоро хаттотлик мактабини яратди.

Ўрта Осиёда олтита хаттотлик мактаби мавжуд экани аниқланган бўлиб, булар Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Тошкент ва Ҳирот хаттотлик мактабларидир. Бироқ темурийлар даврида бугунги Афғонистон, Эрон ҳамда Ўрта Осиё бир давлат сифатида Темур авлодлари томонидан идора этилгани учун туркий халқлар, шу жумладан, ўзбек халқи маданияти қисман Хуросонда, айниқса, унинг пойтахти бўлмиш Ҳиротда тараққий этган. XVI аср шайбонийлар давридан бошлаб Бухоро, Хива ва Қўқон каби маданий марказларда то XIX асргача Ҳирот хаттотлик мактаби ҳуснихат санъатида юксак намуна ҳисобланган. Сўнгги тўрт аср давомида Бухоро, Хива ва Қўқонда тараққий этган хаттотлик мактаблари, асосан, Мир Али Табризий, Султон Али Машҳадий, Муҳаммад бин Нур, Дарвеш Муҳаммад Тоқий ва Мир Алн Ҳиравин каби санъаткор хаттотлардан таълим олиб, уларнинг анъаналарини давом эттириш натижасида юқори босқичига кўтарилган. Ҳирот Урта Осиё халқларининг маданий марказларидан бири бўлганлиги боис Ўрта Осиёдаги бешта хаттотлик мактабига шартли равишда олтинчи хаттотлик мактаби сифатида Ҳирот хаттотлик мактабини ҳам киритишимиз мумкин.

Бахтиёр ИБОТОВ
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …