Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ислом динида аёлларнинг ўрни олималар нигоҳида

Ислом динида аёлларнинг ўрни олималар нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 13 август куни АҚШнинг Стэнфорд университети маърузачиси бўлган ёш ватандошимиз – диншунослик ва Ўрта Осиё тарихи фанлари бўйича фалсафа фанлари доктори Азиза Шоназарова иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтади.

Маълумки, тарихнинг турли даврларида нафақат Ислом дини, балки бутун мусулмон дунёси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг аксарияти Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан. Бугун Ўзбекистон заминида кўплаб зиёратгоҳлар мавжудлиги, илмий муассасаларимизда энг нодир қўлёзмалар сақланаётгани, аждодларимизнинг хоки пойи мангу қўним топган ёдгорлик мажмуалари халқаро зиёрат туризимининг машҳур объектлари саналишининг боиси ҳам шунда.

Айни пайтда улуғ ота-боболаримизнинг анъаналарини давом эттириш, уларнинг бебаҳо илмий-маърифий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш, татбиқ этиш ва тарғиб қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ислом динида аёлларга муносабат таълимотидан келиб чиққан ҳолда, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, давлат бошқаруви, қонун ижодкорлиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби ғоят муҳим соҳалаларда уларнинг иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти Ёш олимлар кенгаши билан ҳамкорликда ўтказиладиган мазкур семинар-тренингда айни шу мавзуда – дунёда энг кенг тарқалган динлардан бири бўлган Исломда аёлларнинг тарихий ўрни, аёллар тўғрисидаги оятлар ва уларнинг талқинлари, ҳадисларда баён этилган аёлларнинг жамиятдаги ролига оид масалалар ҳақида фикр юритилади.

Азиза Шоназарованинг “Ислом динида аёлларнинг ўрни олималар нигоҳида” мавзуидаги маърузаси тингланади.

Эслатиб ўтамиз, Стэнфорд университети АҚШ инновацион олий мактаблар рейтингининг биринчи поғонасида туради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …