Home / МАҚОЛАЛАР / Қурбонлик ибодатдир

Қурбонлик ибодатдир

Мусулмонлар азалдан Қурбон ҳайитини Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида байрам сифатида нишонлаб келади. Ҳайит куни мўмин-мусулмонлар Ҳайит намози ўқиб, эҳсонлар қилади ва ота-она, ёру биродар, қариндош-уруғларни зиёрат қилади ҳамда қўни-қўшни, етим-есир, бева-бечора ва беморларнинг ҳолидан хабар олади. Бордию аразлашганлар бўлса Ҳайит куни бир-бирларидан узр сўраб, кўнгилларни шод этади. Шунингдек, бу кунларда оталар фарзандларига сайил харжи берсалар, оналар эса қизларини ёнига олиб қўлларига хина қўйиб, кўзларига сурма суртади. Муқаддас динимизда бу ишлар хайрли ва савобли амаллардан бўлганлиги боис, уларни бажаришга халқимиз алоҳида эътибор билан қарайди.

Ислом динида Қурбонлик молиявий ибодат бўлиб, унинг моҳияти Аллоҳга бандаликни изҳор қилган ҳолда, унинг неъматлари учун шукрона этмоқ ва фидокорлик қилмоқдир. Қурбонлик луғатда “яқинлашмоқ” маъносини билдирса, шариатда Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳга маънавий қурбат (яқинлик) ҳосил қилиш мақсадида ҳайвон (жонлиқ) сўйиб муҳтожларга тарқатиш тушунилади.

Аслида, бой – қарзи ва яшаётган уйи ва зарурий эҳтиёжидан ташқари закот нисобига етарли маблағга эга ва муқим бўлган (ўз элида доимий яшаётган) ҳар бир мусулмон кишига қурбонлик қилиш вожиб ҳисобланади.

Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: Эй одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили қурбонлик лозимдир”, – деганларини эшитдим”, – деди. (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, бу амалнинг фазилати ҳақида бошқа ҳадисларда қурбонликнинг қони ерга оқиб улгурмасдан қурбонлик қилаётган кишининг гуноҳлари мағфират қилиниши ва қурбонлик қилинган ҳайвоннинг жунлари миқдорича савобланиши башорат қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Туринг ва бориб қурбонлигингизга гувоҳ бўлинг. Унинг қонини биринчи томчиси томиши билан сизнинг ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинур”, – дедилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо: “Эй Аллоҳнинг Расули, бу (қурбонликнинг қонини биринчи томчиси томиши билан гуноҳларни мағфират қилиниши) биз – аҳли байт (пайғамбар оиласи)га хосми ёки биз ва мусулмонларга умумийми?”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ. Барча мусулмонларга умумийдир”, – дедилар.

Улуғларимиз қурбонлик қилишнинг фазилати ва савоб нақадар улуғ эканлиги учун бой бўлмаган киши ҳам бир қўйни сўйишга қодир бўлса, қурбонлик қилса яхши бўлади, деб айтишган.

Қурбонлик учун сўйишга ярайдиган жонлиқлар: беш ёшга тўлган туя, икки ёшга тўлган қорамол, олти ойликдан ошган қўй ва бир ёшли эчки.

Қўй ва эчкини бир киши, туя ва қорамолни эса бир кишидан етти кишигача бир гуруҳ бўлиб бирлашиб, барчаси қурбонлик нияти билан сўйса бўлади. Қурбонлик қилинган ҳайвон гўшти, ёғи, териси кабилари сотилмайди. Уларни ихтиёрий равишда бировларга бериш ёки оиласи учун ишлатиш мумкин. Агар териси сотилса, пули садақа қилинади.

Қурбонлик учун сўйишга ярамайдиган жонлиқлар: хўроз, товуқ, кўрка ва ғоз каби уй паррандалари ҳамда гўшти ейиладиган ёввойи ҳайвонлар.

Қурбонлик учун танланган жонлиқ ўта озғин, сўйиш жойигача юриб бора олмайдиган ҳолдаги чўлоқ, кўзи кўр, қулоғи, шохи ёки думининг учдан бир қисмидан кўпроғи кесиб ташланган бўлса қурбонлик қилишга ярамайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас – ғилайлиги, беморлиги, чўлоқлиги очиқ-ойдин бўлган ҳайвон ва мияси айланиб қолган ҳайвон” – деб марҳамат қилганлар.

Қурбонлик қилиш вақти: қурбон ҳайити куни ҳайит намози ўқиб бўлингандан сўнг қурбонлик сўйиш бошланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Кавсар” сурасида шундай марҳамат қилади:

“Бас, Раббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй”.

Оятда аввал ҳайит номозини ўқишга, сўнг қурбонлик қилишга амр қилинмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутба айтиб туриб: “Албатта, бугун (ҳайит куни) биринчи бўлиб қиладиган ишимиз — намоз ўқимоқ, кейин эса, бориб қурбонлик қилмоқдир. Кимки шундай қилса, бизнинг суннатимизни адо қилибди (бажарибди)!” – деганлар.

Қурбонлик кунлари: қурбонликни уч кун ичида қилса бўлади. Ҳайит намози ўқиб бўлингандан бошлаб то ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботгунга қадар сўйиш мумкин. Қурбонликни ҳайитнинг биринчи куни сўйиш яхшироқ. Жонлиқни сўйиш қўлидан келса, қурбонлик қилаётган кишининг ўзи сўяди. Қўлидан келмаса, биладиган кишига сўйдиради ва ўзи ёнида қурбонлик қилинаётган ҳайвонга қўлини текизиб қурбонлигини қабул бўлишини сўраб дуо қилиб туради. Сўйган кишига хизмат ҳақи сифатида қурбонлик гўштидан (гўшти, териси каби нарсаларидан) бериш жоиз эмас. Унга пул бериб, рози қилинади.

Қурбонлик гўштини тақсимлаш: қурбонлик гўштини уч қисмга бўлиб, биринчи қисмини кам таъминланган етим-есир, бева-бечораларга тарқатиш, иккинчи қисмини келган меҳмонларга пишириб бериш ва учинчи қисмини оила аъзолари билан ейиш учун олиб қолиш мустаҳабдир. Агар қурбонлик қилувчи киши серфарзанд бўлса, тарқатиш ўрнига ҳаммасини оиласи эҳтиёжи учун олиб қолса ҳам бўлади.

Қурбонлик диний ибодат бўлишидан ташқари, айни вақтда унинг ахлоқий ва иқтисодий аҳамияти ҳам жуда катта. Қубонлик гўштининг бир қисмини моддий имконияти ночор бўлган оилаларга, етим-есирларга беришнинг ўзи катта ажр-савобдир. Муҳими, улуғ байрам куни муҳтожларнинг ҳам қозони қайнайди, хонодонига хурсандчилик ва байрам шукуҳи киради. Бу хайрли иш жамиятдаги ижтимоий ёрдам ва бирдамликнинг гўзал намуналаридан бири ҳисобланади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи
Исаев Йўлдошхон

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …