Home / ЯНГИЛИКЛАР / «Саҳиҳ ул-Бухорий» ва «Дунё ислом шаҳарлари»

«Саҳиҳ ул-Бухорий» ва «Дунё ислом шаҳарлари»

Бундан кўп йиллар муқаддам бобом Умра зиёратига бориб келди. Уёқдагиларнинг юртимиз ҳақидаги фикрлари қандай эканини сўрадим, ўшанда. «Э, болам, кўплаб бошқа давлатлар биз ҳақимизда, ҳатто, билишмасакан. Чунки биздан жуда кам одам борарканд-а. Бизни ўраб олган бир талай чет элликлар таржимон йигит билан гаплашгандан кейин ҳаммаси келиб мен билан кўришиб, «о, Бухарий-Бухарий» дейишиб, ўз тилида яна нималарнидир гапириб, мени қайта-қайта зиёрат қилишди. Тилмоч боламдан сўрасам, «сизни Бухорийга ўхшатишди, бобо», деди қурмағур, ҳазиллашиб…» Юқорида айтганимдек, бунга анча йиллар бўлди. Қарангки, юртимизни улар Бухорий бобомиз борлиги учунгина билган. Раҳматли бобом билан бўлган ўша суҳбатни эслаб, ҳозирги кунимизга шукрона айтаман. Чунки энди бизни барча танийди. Юртимизда яратилган кенг имкониятлар туфайли энди халқимиз Ҳаж ва Умра зиёратидан бошқа исталган вақтда Макка ва Мадинани зиёрат қилмоқдамиз…

Майли, мавзудан чалғимайлик, Имом Бухорий. Бу ном бутун ислом дунёсида самимий меҳр-муҳаббат, катта ҳурмат-эътибор билан тилга олинади. Шарқнинг турли бурчакларида бу номни эшитмаган бирор кимса, бу ном етмаган бирор жой бўлмаса керак. Мусулмон дунёсининг барча Мадраса ва дорилфунунларида Имом Бухорийнинг ўлмас асарлари қўлланма сифатида муҳим дастуруламал ҳисобланади. Давлат ва дин пешволари, жамият арбоблари, олиму уламолар Имом Бухорийнинг асарларидан ҳар қадамда истифода қилиб, унга таяниб иш тутадилар.

Эсингизда бўлса, президентимизнинг «Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида бир қатор вазифалар белгиланган эди. Маркази ташкил этилгандан сўнг, ўтган  вақт мобайнида дунёнинг 15 дан ортиқ етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлари билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзолади.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 15 июнь куни Тожикистон Республикаси Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган «Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммити»да сўзлаган нутқида Осиёда ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш ва ривожлантириш,  ўзаро ишонч чораларини ошириш бўйича давлатимизнинг қатор таклиф ва ташаббусларини билдирди. Хусусан, «Динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйишни таклиф этди. Бунда Тошкентдаги Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази самарали платформа бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини билдирди.photo_2019-07-22_15-25-49 (2).jpg

Мазкур ташаббус хорижий илмий-тадқиқот марказларининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига бўлган қизиқишини янада оширди ва улар томонидан ҳамкорликка оид қатор таклифлар билдирилмоқда.

Бундант руҳланган туркиялик таниқли фотограф Орҳан Дургутнинг Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида фотокўргазмасини ташкил этиши ҳам мазкур ташаббус нишонасидир.

Фотогроф ўз асарларда дунёнинг 60 та Ислом шаҳарларининг тарихий бино ва муқаддас қадамжоларини акс эттирган. Эътиборли жиҳати, фотогроф Имом Бухорий илмий сафарларда бўлган Макка, Мадина, Басра, Куфа, Бағдод, Дамашқ, Қайсария, Асқалон ва Эъзоб  шаҳарларида бўлиб, у ердаги машҳур Ислом маданий меросларини ўз ижодида акс эттирган. Шунингдек, юртимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Тошкент, Термиз шаҳарларида жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, хусусан, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Регистон ансамбли, Шоҳизинда, Ичан Қала, Ҳаким ат-Термизий, Хасти Имом, Кўҳна Арк каби машҳур тарихий обидалар ва мақбаралар ҳам ўрин олган. photo_2019-07-22_15-25-49 (3).jpg

Мазкур халқаро фотокўргазма Имом Бухорий таваллуд топган ой (810 йил 20 июль) муносабати билан ташкил этилаётганлиги боис, муҳаддиснинг «Саҳиҳ ал-Бухорий» асарининг қўлёзма нусхалари ҳам кўргазма доирасида халқимиз эътиборига ҳавола этилмоқда. «Саҳиҳ ул-Бухорий асарининг қўлёзма нусхалари»  ва «Дунё Ислом шаҳарлари» номли халқаро фотокўргазма жорий йилнинг 19 июлидан 19 августига қадар давом этади.

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби шоҳ асарларини ўрганиб, ундан тўғри хулоса чикариш, ҳар бир киши учун катта фойда келтиради. Алломанинг асарларида илоҳиёт, диний масалалар билан бирга ўз даврининг ахлоқий ва сиёсий анъаналари, инсонпарварлиги, инсонларни бирлаштирувчи, улар ўртасида зиддият, низоларнинг олдини олувчи, адолат ўрнатишга қаратилган ахлоқий фикрлар ҳам кенг ўрин олган.photo_2019-07-22_15-25-51 (2).jpg

Уларда ҳар бир инсонни инсонпарвар, ватанпарвар, адолатли, маърифатли, маънавиятли, юксак одоб-ахлоқ соҳиби, бунёдкор, яқинларга ғамхўр бўлиши такрор ва такрор уқтирилади. Сирасини айтганда, алломанинг асарлари маънавий-ахлоқий тарбияга оид бўлган фикрларнинг мукаммал тўпламидир.

Барчамизга маълумки, Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳ ул-Бухорий” китоби бутун ислом оламида Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли манба сифатида тан олинган.

Халқаро фотокўргазманинг очилиш маросими дастурига ўндан ортиқ профессор-олимлар ва тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари ва ёш олимларнинг маърузалари киритилди. Тадбир доирасида ўтказилган давра суҳбатида соҳани янада ривожлантириш учун илмий-тадқиқот марказлари ва соҳага тегишли мутасаддиларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифлари эшитилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.photo_2019-07-22_15-25-54 (2).jpg

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 11 январида Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кутубхонасидаги нодир асарлар мазмун-моҳиятини тўлиқ ўрганиш ҳамда халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш, босқичма-босқич таржима қилиш  вазифаси берилган эди.

Мазкур топшириққа асосан  Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом     Мотуридий, Имом Доримий, Абу Лайс Самарқандий, Абул Баракот Насафий каби буюк алломаларимизнинг 21 та асарини таржима қилиш бўйича Республикадаги етакчи исломшунос ва шарқшунос олимлар ва марказ илмий ходимларидан иборат таржимонлар гуруҳи тузилиб, улар томонидан бугунга қадар Имом Бухорийнинг  «Холқу афъали-л-ибад»,  «Сулосиётул Бухорий», «Биррул волидайн», «Ат-тарих ас-сағир» китоблари,  Абул Мунтаҳо Мағнисовийнинг «Шарҳул-Фиқҳил Акбар», Алоуддин Косонийнинг «Эътиқод ал-Косоний» асарлари, шунингдек, «Тасоъид ҳиддат зоҳират ал-Исламафобия фий Аврубо» (Европада исломафобиянинг жадаллашуви) ва «Истиротижийяту даъиш фий истиқтоб ва тажнид аш-шабаб» (Ишиднинг ёшларни ўзига жалб қилишга доир стратегияси) китоблари таржима қилиниб, ҳозирда таҳрир ишлари якунига етказилмоқда.photo_2019-07-22_15-25-54.jpg

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 25 мартда Имом Бухорий илмий меросини тадқиқ, этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш баёни билан «Имом Бухорий илмий меросини тадқиқ, этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича» «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан 2018 йилда буюк алломаларимиз илмий меросига бағишлаб тайёрланган 16 номдаги китоб ва рисола («Имом Бухорий таърифи», Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кутубхона  фондида сақланаётган «Қўлёзмалар каталоги», «Имом Бухорий мажмуаси китоб-альбоми», «Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси», «Самарқандлик алломалар», Абдуллоҳ ибн Муборакнинг «Муснад» асари Жалолиддин Суютийнинг «Лубобул ҳадис», «Алоуддин Усмандий Самарқандий (Ўсмат Ота) ҳаёти ва илмий мероси», «Исмоил Саффор Бухорий ҳаёти ва илмий мероси», «Ўрта асрларда яшаган кешлик алломалар, «Имом Бухорий ҳаёти «Иштихоний алломалар», Абу Бакр Розий «Туҳфатул мулук», «Абу Мутиъ Макҳул Насафий», «Имом Бухорий муҳаддислар султони»), «Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон», Одоблар дурдонаси», «ИШИДнинг ботил даъволари ва уларга раддиялар» «Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон», Одоблар дурдонаси», Талабалар истаги» китобларини нашр этиш вазифаси белгиланган эди. Бугунги кунда мазкур китоб ва рисолалар тўлиқ таҳрирдан чиқарилиб, уларнинг ўзбек, араб, инглиз ва рус тилида аннотациялари тайёрланиб, яқин кунларда нашр этилади ва кенг китобхонлар оммасига тақдим этилади.

Бундан ташқари, марказ илмий ходимлари томонидан Имом Бухорий асарлари асосида турли ёшдаги китобхонларга мўлжалланган бир қатор оммабоп рисолалар тайёрланиб, нашр этиш арафасида турибди. «Болалар одоби», «Ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги бурчи», «Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчи», «Ота-онанинг розилиги ва уларга яхшилик қилиш» рисолалари шулар жумласидан.photo_2019-07-22_15-25-56 (2).jpg

Мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган «Касб ўрганишнинг фазилати», «Имом Бухорийнинг ёшлиги», «Илм олиш одоби», «Одоблар дурдонаси», «Одобинг офтобинг» каби рисолалар ҳам муҳаддиснинг асарлари асосида тайёрланди.

Ҳозирда илмий ходимлар томонидан «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси остида олий таълим муассасалари талабалари учун юртимиздан етишиб чиққан алломалар илмий мероси асосида бузғунчи оқимларнинг сохта даъволарига раддия тарзида  «Жаҳолат нима?», «Ботил ақидалар», «Исломофобия», «Ғарб маданияти», «Ахлоқсизлик — таназзул» каби мавзуларда рисолалар тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.

Манба: bong.uz
Нуриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,
«Жамият» мухбири

Check Also

Германиядаги Оснабрук университети Ислом теологияси институти талабалари Марказ фаолияти билан танишди

Бугун юртимизга ташриф буюраётган ҳар бир хорижий мамлакат фуқароси, у хоҳ сиёсий доира вакили бўлсин …