Home / ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази дунёдаги 15 дан ортиқ марказ ва университетлар билан меморандумлар имзолаган

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази дунёдаги 15 дан ортиқ марказ ва университетлар билан меморандумлар имзолаган

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази дунёдаги 15 дан ортиқ етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлари билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзолаган.
 
Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
 
Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистондаги илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Малайзиянинг Ислом илмлари университети, Ислом цивилизацияси институти, Исломни англаш институти билан буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш ва кенг тадқиқ этиш йўналишида келишувларга эришди.
 
photo5309884814578527205.jpg
 
Саудия Арабистонининг Подшоҳ Абдулазиз университети, Сунна ва Набавий меросни ўрганиш маркази билан хорижда сақланаётган нодир қўлёзмаларнинг нусхаларини олиш бўйича битим имзолади.
 
Президентимиз жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кутубхонасидаги нодир асарларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ ўрганиш ҳамда халқимизга етказиш мақсадида уларни саралаш ва босқичма-босқич таржима қилиш вазифасини айтган эди.
 
Мазкур топшириққа асосан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Доримий, Абу Лайс Самарқандий, Абул Баракот Насафий каби буюк алломаларимизнинг 21 та асарини таржима қилиш бўйича Республикадаги етакчи исломшунос ва шарқшунос олимлар ҳамда марказ илмий ходимларидан иборат таржимонлар гуруҳи тузилди. Бугунга қадар Имом Бухорийнинг “Холқу афъали-л-ибад”, “Сулосиётул Бухорий”, “Биррул волидайн”, “Ат-тарих ас-сағир” китоблари, Абул Мунтаҳо Мағнисовийнинг “Шарҳул-Фиқҳил Акбар”, Алоуддин Косонийнинг “Эътиқод ал-Косоний” асарлари, шунингдек, “Тасоъид ҳиддат зоҳират ал-Исламафобия фий Аврубо” (Европада исломафобиянинг жадаллашуви) ва “Истиротижийяту даъиш фий истиқтоб ва тажнид аш-шабаб” (Ишиднинг ёшларни ўзига жалб қилишга доир стратегияси) китоблари таржима қилиниб, ҳозирда таҳрир ишлари якунига етказилмоқда.
 
photo5309884814578527206.jpg
 
– Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 25 мартда Имом Бухорий илмий меросини тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилиш баёнида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланган, – дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шукурулло Умаров. – Мазкур “Йўл харитаси”да Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари томонидан ўтган 2018 йилда буюк алломаларимиз илмий меросига бағишлаб тайёрланган 16 номдаги китоб ва рисолалар асосида “Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон”, “Одоблар дурдонаси”, “ИШИДнинг ботил даъволари ва уларга раддиялар”, “Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон”, “Одоблар дурдонаси”, “Талабалар истаги” китобларини нашр этиш вазифаси белгиланган эди. Бугунги кунда мазкур китоб ва рисолалар тўлиқ таҳрирдан чиқарилиб, уларнинг ўзбек, араб, инглиз ва рус тилидаги аннотациялари тайёрланиб, яқин кунларда кенг китобхонлар оммасига тақдим этилади.
 
Бундан ташқари, марказ илмий ходимлари томонидан Имом Бухорий асарлари асосида турли ёшдаги китобхонларга мўлжалланган бир қатор оммабоп рисолалар тайёрланиб, нашр этиш арафасида турибди. “Болалар одоби”, “Ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги бурчи”, “Фарзанднинг ота-она олдидаги бурчи”, “Ота-онанинг розилиги ва уларга яхшилик қилиш” рисолалари шулар жумласидан.
 
Мактаб ўқувчиларига мўлжалланган “Касб ўрганишнинг фазилати”, “Имом Бухорийнинг ёшлиги”, “Илм олиш одоби”, “Одоблар дурдонаси”, “Одобинг офтобинг” каби рисолалар ҳам муҳаддиснинг асарлари асосида тайёрланди.
 
photo5310090723900632533.jpg
 
Аҳоли, кенг қатламига мўлжалланган “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” туркумидан Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Доримий, Маҳмуд Замахшарий каби алломаларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, бой илмий меросига бағишланган алоҳида оммабоп рисолалар тайёрланди.
 
Ҳозирда илмий ходимлар томонидан “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси остида олий таълим муассасалари талабалари учун юртимиздан етишиб чиққан алломалар илмий мерослари асосида бузғунчи оқимларнинг сохта даъволарига раддия тарзида “Жаҳолат нима?”, “Ботил ақидалар”, “Исломофобия”, “Ғарб маданияти”, “Ахлоқсизлик – таназзул” каби мавзуларда рисолалар тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.
 
Марказ томонидан амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёш авлод онгига чуқур сингдириш ҳамда шу орқали уларни ўзаро ҳурмат ва диний бағрикенглик руҳида тарбиялашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
 
Манба:ЎзА,
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат)

Check Also

Россия кутубхоналаридан Ўзбекистон тарихига оид энг нодир қўлёзмалар топилди

Ўзбекистон замини маданий бойликларга бой. Айни пайтда тақдир тақозоси билан халқимиз маданиятига оид мерос бутун …