Home / ҲАДИС / Ота-онасини топиб жаннатга кира олмаган киши ҳақида

Ота-онасини топиб жаннатга кира олмаган киши ҳақида

۱٠ – باب من أدرك والديه فلم يدخل الجنة

10-боб. Ота-онасини топиб жаннатга кира олмаган киши ҳақида

٢۱ – حدثنا خالد بن مخلد قال: حدثنا سليمان بن بلال قال: حدثنا سهيل عن أبيه عن أبى هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: «رغم أنفه رغم أنفه رغم أنفه» قالوا: «يا رسول الله من» قال: «من أدرك والديه عنده الكبر أو أحدهما فدخل النار». أخرجه مسلم فى البر و الصلة (٨), و الترمذى فى الدعوات (٣٥٤٥).

  1. 21. Бизга Холид ибн Мухаллид ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Сулаймон ибн Билол ҳадис айтди, – деди. У: Бизга Суҳайл отасидан у эса Абу Ҳурайрадан ҳадис айтди, – деди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин!” – дедилар. Шунда (саҳобийлар): “Ё Расулуллоҳ, кимни?” – деб сўрашди. (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ота-онасини ёки улардан биттасини катта ёшлиги (кексайиб қолган вақти)да топиб (уларни рози қилиб, дуосини олмай) дўзахга кирган кишини”, – дедилар.[1]

Ҳадиснинг умумий маъноси:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин!” – дедилар.”

Яъни, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзларни “хор бўлсин, хор бўлсин” деган маънода айтдилар. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи валлам одатда ҳеч кимни ёмон дуо қилмас, қарғамас эдилар. У зотнинг муборак оғизларидан бундай сўзларни эшитиш саҳобаларни мутлақ диққатини тортди.

“Шунда (саҳобийлар): “Ё Расулуллоҳ, кимни?” – деб сўрашди.” (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ота-онасини ёки улардан биттасини катта ёшлиги (кексайиб қолган вақти)да топиб (уларни рози қилиб, дуосини олмай) дўзахга кирган кишини”, – дедилар.

Ота-она хизматини қилиб, уларнинг дуоларини олиш ҳар бир инсоннинг фарзандлик бурчидир. Ислом динида бу амал тавҳиддан кейин турадиган энг савобли ибодат даражасига кўтарилган. Бақара сурасининг 83-ояти, Исро сурасининг 23-ояти, Нисо сурасининг 36-ояти, Анъом сурасининг 151-ояти, Аҳқоф сурасининг15-ояти бунинг мисолидир.

Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидан ҳам ота-онанинг фарзандидан хурсанд бўлиб унинг ҳаққига қилган дуолари фарзанднинг дунё ва охиратига нечоғлик фойдали эканлигини ушбу ҳадисдан ҳам билса бўлади. Ота-она доим фарзандининг камолини орзу қилади, ҳаётда ўзлари етолмаган муваффақиятларга фарзандлари эришишларини истаб яшайдилар. Фарзандлар ҳам ота-оналарининг ушбу покиза ниятларига муносиб тарзда уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиш ҳаракатида бўлиши лозим ва фарз амаллардан бири ҳисобланади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ота-она кексайган вақтларида уларнинг хизматига эътиборли бўлиш.
  2. Уларнинг хизматидан бўйин товлаш Аллоҳ ва расулига нисбатан исён эканлиги.
  3. Ота-она хизматидан бўйин товлаган киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу дуоибадларига дохил бўлиши.
  4. Уларнинг хизматини қилиш билан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг дуои хайрларига ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш мумкинлиги.
  5. Ота-онасининг хизматидан бўйин тоблаган кишини охиратдаги борар манзили дўзах эканлиги
Қобилов Нодир
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқотлар маркази илмий ходими

[1] Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад. 10-боб, 21-ҳадис.

Check Also

ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло инсонга ота-онаси билан яхши муносабатда бўлишни ва доимо уларга мурувват кўрсатишни буюрган. Аллоҳ …