Home / КИТОБЛАР / ҲАЖ КИТОБИ

ҲАЖ КИТОБИ

Ҳаж – исломнинг бешта асосий арконларидан бири бўлиб, қодир бўлган инсоннинг умрида бир марта адо этиши фарз ибодатдир.

Ҳаж сўзи луғатда қасд қилиш, маъносини билдиради, шаръий истилоҳда эса, махсус шартлар билан шариат белгилаб берган махсус бир вақтда ва махсус сифатлар билан Байтуллоҳга боришни қасд қилиш демакдир.

Ҳаж ҳам жисмоний, ҳам молиявий ибодат бўлиб, исломнинг бешинчи рукнидир.

Ҳаж балоғатга етган, ақли расо, ҳур-озод, оиласидан ошиқча етарли озуқа ва сафар воситасига қодир бўлган, жисмонан соғ-бақувват мусулмонларга йўллар очиқ ва бехатар бўлган тақдирда умри давомида бир марта фарздир.

Ҳаж ҳижратнинг тўққизинчи йили, баъзи ривоятларга кўра эса, олтинчи йили Қуръони карим ва суннат ҳукми билан фарз бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча жойида бу масалани зикр қилган, жумладан, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг! Агар (касаллик ёки қароқчилар туфайли) қуршовда қолсангиз, қурбингиз етган бирор (бўталоқ, сигир, қўй каби) жонлиқ сўйинг. (Ўша) қурбонлик (сўйиладиган) жойига етиб бормагунича, бошларингизни (сочингизни) қирманг!

Сизлардан кимдир (ҳажда) касал бўлса ёки бошидан (бирор дарддан) азият чекса (сочини олдинроқ олдириши ёки қисқартириши мумкин лекин у), рўза ёки садақа ёхуд қурбонлик билан фидя тўлайди”.

Бошқа оятда яна Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!”.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ учун Байтуллоҳни одамларга ҳаж қилиш фарздир”.

Шунингдек, ҳажнинг фарзлиги Пайғамбаримиздан ривоят қилинган ҳадислар билан ҳам тасдиқланган: “Ҳаж қилиш ҳар йили фарзми ёки умрда бир мартами?” – деб сўралганда, Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Йўқ, бир мартаси фарз, биттадан ортиғи нафл”, – деганлар.

Тарихий ёзма манбалардан маълумки, ҳаж ибодати Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан Байтуллоҳни бино қилгани, унинг асосини кўтарган вақтдан бошланган. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг севимли хотини Ҳожар ва фарзандлари Исмоил алайҳиссаломдан иборат кичик оиласига ҳеч нарса униб-ўсмайдиган Макка водийсида яшашни амр этган.

Илоҳий иноят билан бу водий инсоният учун нурли истиқбол, ҳақиқат овози келадиган муборак диёр, имон нури тараладиган мунаввар жойга айланди.

Иброҳим алайҳиссалом Парвардигор амрига бўйсунди, ҳавойи нафсини енга олди, Аллоҳ таолодан ночор ва заиф оиласига яхши ҳаёт, тинчлик ва омонлик, бирон наботот ўсмайдиган бу саҳрода емак-ичмак билан таъмин этишини сўраб, илтижо қилди. Ўшандан буён ҳар йили кўплаб мусулмонлар ана шу муборак заминга бориб, Аллоҳнинг Байтини тавоф қиладилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларида ҳажни адо этишнинг тартиб-қоидалари, унинг одоблари батафсил кўрсатиб ўтилган.

Ҳаж, бошқа ибодатлар сингари, Расулуллоҳ (с.а.в.) таълимотлари ва кўрсатмаларига мувофиқ адо этилиши шарт.

Ҳаж амали Яратганнинг розилиги учун, риё ва гуноҳлардан холи, сахийлик ҳамда чиройли хулқ ва комил ихлос билан амалга оширилса, “ҳажжу-л-мабрур” дейилади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, – деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда ҳаж пайти гуноҳлар ва фасод ишлардан тийилиб, ҳаж амалини тўкис адо қилган кишининг онадан қайта туғилгандек пок бўлиши” таъкидланган.

Ҳаж инсоннинг умрида бир марта насиб бўлиши мумкин бўлган ўта масъулиятли, ўта шарафли ва кўп эътибор қаратилиши лозим бўлган ибодатдир. Шунинг учун, бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимизнинг ҳаж моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади.

Ҳаж сафарига отланган ҳожи сафар харажатларини ҳалол йўл билан топган бўлиши, Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилиши, риё, ном чиқариш, кибрланиш каби иллатлардан узоқ бўлиши керак.

Улар, шунингдек, ҳаж ва умранинг фарз, вожиб, суннатлари, улар қаерда ва қандай бажарилишини яхши ўзлаштириб олишлари зарур.

Сафар олдидан васият, қарз олди-бердиси ва омонатларини ёзиб қолдириш – мустаҳаб амал. Сафар олдидан қарзларни эгаларига қайтариш, ноҳақ хатти-ҳаракатлари учун жабр кўрганлардан узр сўраши, гуноҳларига тавба қилиши шарт.

Ҳаж сафарига борган киши чақимчилик, ғийбат, билмаган нарсасини гапириш, атрофидагиларга қўполлик қилиш, ҳаж ва умрани адо этаётганларни қийин аҳволга солиб қўйиш каби ишлардан қаттиқ сақланмоғи лозим. Ҳар бир ҳожининг раҳм-шафқатли, меҳрибон, сабрли ва хуш муомалали бўлиши мақсадга мувофиқ.

Ҳаж қилишга қодир бўлмаган кишининг ҳажи

Агар унга бировлар томонидан сарф қилинса ҳам, вожиб бўлмайди. Агар камбағал ҳаж қилса, фарз ўрнида тушади. Чунки, ҳаж қилиш аҳли томонидан топилди, шунинг учун, у ҳаж ўрнида ўтади.

Абу Бакр Розий. ТУҲФАТУ-Л-МУЛУК китобидан.
ИБХИТМ Матбуот хизмати