Home / МАҚОЛАЛАР / Қуръони каримда номи зикр қилинган фаришталар

Қуръони каримда номи зикр қилинган фаришталар

Оламда инсониятни яратишдан олдин Аллоҳ таоло фаришталар (Малоика)ни яратган ва улар ҳар доим Аллоҳга итоат қилиб, ўз вазифаларига эга бўлишган.

Қуръони карим ва суннати мутоҳҳаро бир неча синф фаришталарга далолат қилган. Ҳар бир бандага хам фаришталар вакил қилинган бўлиб, унинг ишларини муҳофаза қилади. Ҳисоблаб ёзиб борадилар. Улимга ҳам алоҳида фаришталар вакил қилинган. Қабрда савол қилишга, фалакларга, қуёшга, ойга, жаннатга, дўзахга алоҳида-алоҳида фаришталар вакил қилингандир. Фаришталар дунёда Аллоҳнинг энг улуғ аскарларидир.

Қуръони каримда фаришталардан фақатгина ушбу Жаброил, Микоил, Хорут ва Морут алайҳиссаломларнинг номи келтирилган.

Аллоҳ таоло буларнинг исмини Қуръони каримнинг Бақара сурасида келтириб утган. Яъни Жаброил алайҳис салом:

﴿قُلْ مَن كَانَ عَدُوًّا لِّجِبْرِيلَ فَإِنَّهُ نَزَّلَهُ عَلَىٰ قَلْبِكَ بِإِذْنِ اللَّهِ مُصَدِّقًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ وَهُدًى وَبُشْرَىٰ لِلْمُؤْمِنِينَ﴾

Жаброил алайҳиссаломга душман бўлганларга айт, албатта у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди. (Бақара, 97-оят)

“Жаброил алайҳиссаломга душман бўлганлар”–яҳудийлардир. Улар Жиброил фаришта алайҳиссаломни ўзларига душман ҳисоблашар эдилар. Бунга далил ўлароқ Имом Аҳмад Ҳанбал ривоят қилишича яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан узоқ суҳбат қурган эдилар. Шунда, “Улар: “Ҳар бир Пайғамбарнинг унга хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айт-чи, сенинг соҳибинг ким?” дедилар. У киши: “Жиброил алайҳиссалом”, дедилар. Улар: “Жаброил урушни, жангни, азобни туширади, бизнинг душманимиз, агар раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил алайҳиссалом деганингда, яхши бўларди”, дедилар. Жаброил калблар ва рухлар хаёти булмиш вахийга вакилдир.

Микоил алайҳиссалом:

﴿مَن كَانَ عَدُوًّا لِّلَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَرُسُلِهِ وَجِبْرِيلَ وَمِيكَالَ فَإِنَّ اللَّهَ عَدُوٌّ لِّلْكَافِرِينَ﴾

Ким Аллоҳга, унинг фаришталарига, Пайғамбарларига, Жаброилга ва Микоилга душман бўлса, албатта, Аллоҳ кофирларнинг душманидир. (,Бақара, 98-оят)

Ҳорут ва Морут номли икки фаришта:

﴿وَاتَّبَعُوا مَا تَتْلُو الشَّيَاطِينُ عَلَىٰ مُلْكِ سُلَيْمَانَ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَانُ وَلَٰكِنَّ الشَّيَاطِينَ كَفَرُوا يُعَلِّمُونَ النَّاسَ السِّحْرَ وَمَا أُنزِلَ عَلَى الْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَارُوتَ وَمَارُوتَ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَا إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌ فَلَا تَكْفُرْ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُم بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنفَعُهُمْ وَلَقَدْ عَلِمُوا لَمَنِ اشْتَرَاهُ مَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنْ خَلَاقٍ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا بِهِ أَنفُسَهُمْ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ﴾

Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: “Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва икковларидан зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон! (Бақара, 102-оят)

Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: “Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима–кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога “Сулаймон кофир бўлмаган” деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони “Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар”, деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини? “Эр-хотиннинг ўртасини бузишга”. Демак, ёмон нарсага. Cеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар.

А. Рахимов
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шуъбаси илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …