Home / МАҚОЛАЛАР / «САҲИҲИ БУХОРИЙ»ГА НИСБАТАН ДИҚҚАТ-ЭЪТИБОР

«САҲИҲИ БУХОРИЙ»ГА НИСБАТАН ДИҚҚАТ-ЭЪТИБОР

“Саҳиҳи Бухорий”ни аҳли суннат ва жамоат уламолари, мусулмон умматининг аксар қисми “Қуръон”дан кейинги энг ишончли манба деб билганлар. Шунинг учун, уламоларнинг ҳам, мусулмон умматининг ҳам “Қуръон”дан кейинги энг катта ва энг кучли диққат-эътиборлари унга нисбатан бўлган, десак муболаға бўлмайди.
Имом Бухорийнинг шахсан ўзидан “Саҳиҳи Бухорий”ни 90 000 нафар киши ўқиганлиги манбаларда қайд қилинган. Асрлар давомида дунё уламолари “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқишга, ўқитишга катта аҳамият бериб келганлар. Уни ўрганиб, тадқиқ ва таҳлил қилишга диққат қаратганлар.
Жумладан, Тақийуддин Муҳаммад ал-Ихноий (660-750 ҳ./1262-1349 м.) моликий мазҳаби бўйича Миср диёрларига қозикалон бўлган. Бироқ, кўп китоб ўқиганлиги натижасида ёшлигида кўзлари ожиз бўлиб қолган экан. Ўша даврнинг султони унинг олимлигини кўриб, “Агар кўзингиз аъмо бўлмаганида, сизни қози қилиб таъйинлаган бўлар эдим”, дебди. У султондан муҳлат беришини сўраб олибди. Ўша давр табиблари роса уни даволашибди, олти ойларда кўзи батамом кўрадиган бўлибди. Султон ҳам ваъдасига вафо қилиб, уни 732 ҳ./1332 м. йили бутун мамлакатга қозикалон қилиб таъйинлабди. “Мен ҳеч қачон қозиликдан бўшатилмайман. Агар бўшатиладиган бўлсам, яна кўр бўлиб қоламан!”, дер экан. Ҳақиқатдан ҳам, вафотига қадар қозикалон бўлган.
Тақийуддин Муҳаммад ал-Ихноий қозикалон бўлганидан сўнг бутун мамлакатнинг илм толиблари ва аҳли илмларини йиғиб, “Саҳиҳи Бухорий”ни ўқиб беришни мақсад қилибди. Бунинг учун роппа-роса 210 та мажлис (дарс, баҳс, суҳбат) ташкил қилинган экан. Бу оммавий дарс жараёни икки йилга чўзилган. “Саҳиҳи Бухорий” дарсида олим ҳар бир бобни чуқур таҳлил ва таҳқиқ қилиб, баҳс ва мунозараларга ўрин бериб, катта илмий тадқиқот билан амалга оширибди.
“Саҳиҳи Бухорий”ни тўлиқ ўқиб-ўқитиш билан бирга уни тўлиқ ёд олиш анъанаси мусулмон умматида у ёзилган даврдан бери то ҳозирги кунгаа давом қилиб келмоқда. Бу “Саҳиҳи Бухорий”га нисбатан мусулмон умматининг диққа-эътибори не чоғлик эканини билдиради. Китобхонлик, “Саҳиҳ”хонлик, “Саҳиҳи Бухорий”хонлик, Имом Бухорий меросига эътибор мана бундай бўлади:
Яман муҳаддиси ва алломаси, ҳанафий олими Сулаймон ибн Иброҳим ат-Таъаззий (745-825 ҳ./1345-1422 м.) ўз даврининг жуда кўплаб муҳаддисларида таълим олган бўлиб, ўз замонасида яманликларнинг ҳадис илмидаги шайхи бўлган. У “Саҳиҳи Бухорий”ни 150 марта ўқиб-ўтказган, шогирдларига таълим берган, устидан кўриб, шарҳ ва изоҳлар тузиб чиққан экан.
Қоҳирада ҳанафий мазҳабидаги Абу Бакр ибн Муҳаммад ал-Қоҳирий (ваф. 905 ҳ./1500 м.) деган савдогар яшаб ўтган экан. У ипак бозорида савдогарлик қилган. Лекин, камгап, салобатли, виқорли бўлган. Ёши ўтган сайин тижоратдан кўра илм олишга ҳаваси орта борибди. Ёши бир жойга борганда илм олишга киришибди ва дарс бера оладиган “Савдогар олим” деган ном билан танилибди. У саксон ёшида “Саҳиҳи Бухорий”ни бошдан-охир тўлиқ равишда роппа-роса 95 (тўқсон беш) марта ўқиб чиққанлигини эътироф қилганлар! Манбаларда уни бундан кейин ҳам “Саҳиҳи Бухорий”ни бир неча марта ўқиб чиққан, деб қайд қилинган. Демак, уни муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратларининг шоҳ асари “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарини роппа-роса 100 марта ўқиб чиққан олим бўлиб тарихда қолган, дейишимиз мумкин.
Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Абу Толиб ал-Ҳажжор (ваф. 730 ҳ./1330 м.) талабаларга “Саҳиҳи Бухорий”ни 70 мартадан кўпроқ ўқитгани маълум. У Дамашқда “Солиҳия” мадрасасида таълим берган. Кейинчалик Ҳимс, Ҳумот, Баълабакка ва Қоҳира шаҳарларига бориб ҳам талабаларга “Саҳиҳи Бухорий”дан маъруза қилган экан.
Яна бир ҳанафий олими Шаҳобиддин ал-Кулутоний (762-835 ҳ./1360-1431 м.) “Саҳиҳи Бухорий”ни 50 марта тўлиқ ўқиб чиққан экан. У ҳам Қоҳирада яшаб, талабаларга дарс берган олим ҳисобланади.
Яна бир олим Фахриддин Усмон ат-Тўзарий (630-713 ҳ./1233-1313 м.) бўлиб, минг нафар устозда таълим олган. Маккада “Ҳарами шариф”да ибодат билан машғул бўлган ва таълим берган. У “Саҳиҳи Бухорий”ни 30 марта тўлиқ ўқиб чиққан экан.
“Саҳиҳи Бухорий”нинг машҳур шарҳларидан бири, кўп жилдлик “Иршод ас-сорий” деб аталади. Уни қоҳиралик шофеъий мазҳаб олимларидан бири Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Қасталоний (851-923 ҳ./1448-1517 м.) ёзган. Унинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бағишланган “ал-Мавоҳиб ал-ладуния” деган асари ҳам жуда машҳур. Мана шу зот битта шогирдларига “Саҳиҳи Бухорий”ни 5 та ўтиришда (мажлис) дарс қилиб тўлиқ ўқитиб чиққан. Бундай воқеалар у зотнинг ҳаётларида кўплаб содир бўлган экан.
Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Мунир ал-Қаввос ад-Димишқий (ваф. 738 ҳ./1338 м.) деган олим роппа-роса 28 нафар устози ҳузурида “Саҳиҳи Бухорий”ни такрор-такрор ўқиб чиққан. Бир марта қайсидир устози ҳузурида Дамашқ жомеъсида 32 мажлисда “Саҳиҳи Бухорий”ни тўлиқ ўқиб чиққан.
Манбаларда ёзилишича, Рукниддин аз-Зарзорий (653-719 ҳ./1255-1319 м.), Афифуддин ал-Ирбилий (650-725 ҳ./1252-1325 м.), Шаҳобиддин Муҳаммад ал-Ансорий (ваф. 690 ҳ./1291 м.), Муҳаммад ибн Умар ад-Димишқий (649-725 ҳ./1251-1325 м.), Абулбаракот Солиҳ ал-Ҳамадоний (655-716 ҳ./1257-1316 м.), Усмон ибн Абдуссамад ал-Ҳаристоний (648-726 ҳ./1250-1326 м.), Али ибн Жаъфар ат-Танухий (651-736 ҳ./1253-1336 м.), Алоуддин Абулҳасан ат-Танухий (XIVаср), Али ибн Яҳё ал-Ҳимярий (XIVаср), Баҳуддин Исо ибн Абдулкарим ал-Қайсий (658-741 ҳ./1260-1341 м.) деган олимлар ҳам 28 нафар устози ҳузурида “Саҳиҳи Бухорий”ни такрор-такрор ўқиб чиққанлар. Демак, афтидан, Дамашқда мелодий XIII-XIV асрларда “Саҳиҳи Бухорий”ни айнан 28 нафар устоз ҳузурида ўқиб чиқиш одат тусига кирган бўлган.
Муҳаммад ибн Абдулмалик ал-Ишбилий (507-595 ҳ./1114-1199 м.) деган олим эса ўз даврининг Жолинуси деб аталган моҳир табиб бўлган. У табиблигига қарамасдан, “Саҳиҳи Бухорий”ни тўлиқ ёдлаб чиққан экан. Абдуллоҳ ибн Исо ас-Сарақустий (ваф. 530 ҳ./1136 м.) деган олим ҳам “Саҳиҳи Бухорий”ни тўлиқ ёд олгани нақл қилинган.
Юқоридаги маълумотлар мусулмон умматининг “Саҳиҳи Бухорий”га не чоғли диққат-эътиборли бўлганини, уни ўқиб-ўрганишга нақадар аҳамият беришганини билдиради.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Check Also

Исломда мазҳабларнинг юзага келиши

Исломда мазҳабларнинг юзага келиши бевосита фиқҳ тарихи билан боғлиқ. “Фиқҳ” сўзи луғатда “чуқур тушуниш”, “идрок …