Home / ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий мажмуаси атрофида 10 миллион долларлик меҳмонхона қурилади

Имом Бухорий мажмуаси атрофида 10 миллион долларлик меҳмонхона қурилади

Самарқанд вилоятида зиёрат туризмини ривожлантириш, сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада юксалтириш, янги зиёрат туризми йўналишларини очишга алоҳида эътибор қаратилмокда.
 
Вилоят ҳудудида 1105 та археологик, 670 та меъморий, 37 та диққатга сазовор жой, 18 та монументал, 21 та мемориал, жами 1851 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд. Осмон остидаги очиқ музей, деб эътироф этиладиган Самарқанд шаҳрининг тарихий муҳофаза қилинадиган марказий қисми 2001 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси объектлари рўйхатига “Самарқанд-маданиятлар чорраҳаси” номинацияси билан киритилган. Айниқса, қадимий кентнинг эски шаҳар қисмидаги Регистон ансамбли, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ва мақбараси, Мирзо Улуғбек музей мажмуаси, Шоҳизинда, Хўжа Дониёр, Ҳазрати Хизр зиёратгоҳлари сайёҳлар эътиборини тортмоқда.
 
Дарвоқе, вилоятда бугунги кунда зиёрат туризмини ривожлантириш, зиёратга келувчи сайёҳлар учун қулай шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида Самарқанд шаҳрига келувчи сайёҳлар сони икки баробар кўпайган. Шунингдек, вилоятда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
 
Президентимиз жорий йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Индонезиянинг сайёҳлик ҳамда меҳмонхоналар бизнеси билан шуғулланувчи “Саҳид гроуп” компанияси Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳудудида замонавий меҳмонхоналар қуриш бўйича ўз тақдимотини ўтказган эди. Давлатимиз раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, уни амалга ошириш ва барча зарур чораларни кўриш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берганди. Компания билан маҳаллий инвесторлар ҳамкорлиги самарасида Имом Бухорий мажмуаси атрофида 6,4 гектар ер ажратилди ҳамда меҳмонхонани қуриш ишлари бошланди. Умумий лойиҳа қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур меҳмонхона уч босқичда барпо этилади. Меҳмонхонанинг дастлабки босқичи бир йил ичида қуриб битказилади ва 100 та хона ишга туширилади.
 
– Бизнинг компания 65 йилдан буён туристик фаолият билан шуғулланиб келади, – дейди Индонезиянинг “Саҳид Гроуп” компанияси президенти Ҳарияди Сукамдани. – 2018 йилнинг ўзида 1 миллион нафар фуқаро компаниямиз орқали Ҳаж ва Умра зиёратига борди. Бу кўрсаткич йилига 8-10 фоизга ошиб бормоқда. Муҳими, уларнинг қарийб 10 фоизи Умра зиёратидан олдин турли давлатларга сафар қилади. Ана шуларни Ўзбекистонга олиб келиш асосий мақсадимиздир. Бу йилига 100 минг нафар зиёратчи ташриф буюради, дегани. Ўзбекистонда туризм учун яратилаётган қулай шароитлар бизни қувонтирмоқда. Қисқа вақтда фаолиятимизни бошлаб юбордик. Ер олиш, бошқа барча масалаларда ҳеч қандай муаммо йўқлиги, Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги келажагини кўрганимиз учун ҳам бу ерга сармоя киритмоқдамиз. Амалга ошираётган лойиҳамизга келсак, бу меҳмонхона 300 хонадан иборат бўлади. Келгусида шу ернинг ўзида Ҳаж ва Умра зиёратига борувчилар учун Ҳаж амалларини ўргатишга мўлжалланган марказ ҳам ташкил қилмоқчимиз.
 
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли бугун Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси янги қиёфа касб этмоқда. Бу ерда барпо этилган халқаро илмий-тадқиқот маркази, ҳадисшунослик мактаби, замонавий турар жой бинолари яхлит комплекс сифатида ҳудудга ўзгача чирой бағишлайди. Шу боис ҳам бугун Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилар билан гавжум. Бу эса, ўз навбатида, мазкур ҳудудни янада обод этиш, зиёрат туризми имкониятлари кенгайиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, мажмуа атрофида халқаро талабларга жавоб берадиган меҳмонхоналар, зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган замонавий иншоотлар фаолиятини йўлга қўйишни тақозо этади. Хартанг қишлоғининг бош режасига асосан бу ерда кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Ҳудуддаги турар жой ва нотурар жой бинолари бошқа жойга кўчирилди. Лойиҳа-таклиф асосида бу ерда янги объектлар қуриш бўйича тадбиркор ва ташаббускорларнинг таклифлари эшитилиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
 
Яна бир муҳим жиҳат. Зиёрат туризми йўналишида келадиган ҳамда таомлари ўзига хос бўлган давлатлардан ташриф буюрадиган сайёҳлар учун овқатланиш таомномаларини мослаштириш, мусулмон зиёратчилар учун “ҳалол” стандарти талаблари асосида таом тайёрлайдиган ошхоналар сонини кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
 
Самарқанд вилоятида зиёрат туризмини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Бу ерда буюк аждодларимиз ақл-заковати билан яратилган, жаҳон аҳлида ҳамон ҳайрат ва ҳавас уйғотиб келаётган тарихий-маданий обидалар, шунингдек, сўлим ва баҳаво масканлар туризмни ривожлантиришга хизмат қилади. Мазкур соҳадаги эзгу ва хайрли ташаббуслар Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик салоҳиятини жаҳонга кенг намоён этишга замин яратади.
Манба: Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, ЎзА

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …