Home / МАҚОЛАЛАР / Лоқайдлик – муаммолар эшиги

Лоқайдлик – муаммолар эшиги

Ҳушёрликни таъминлаш масаласи тарихдан кун тартибидаги биринчи масала бўлиб келган. Бу борада кичик, арзимас деган нарсалар бўлмайди. Зеро, “Бир гугурт бир қишлоқни ёндиради”, дейдилар…

Афсуски, ҳали-ҳануз беғамлик, лоқайдлик, содир бўлаётган ҳодисаларни кўриб кўрмасликка олиш каби иллатлар кишилар орасида мавжуд. Ён-атрофда рўй бераётган ҳодисалардан таъсирланмайдиган,  ватан, миллат келажагига бефарқ, “сен менга тегма, мен сенга тегмай”, қабилида иш тутадиганлар орамизда сезиларли даражада топилади. Жамиятда бундай лоқайд кимсалар борлигининг ўзиёқ тараққиётга жиддий хавф солади. Луқмони Ҳакимдан “Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?” деб сўрадилар. У киши: “Одамларнинг ёмонлик қилаётганини кўра туриб, кўрмасликка олгани, бепарво, лоқайд бўлганидир”, деб жавоб бердилар.

Донишмандлардан бирининг “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бироқ, бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли Ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”, деган фикрларидан ҳам лоқайдлик ва бефарқликнинг даҳшатини тасаввур қилиш мумкин.

Қуръони каримнинг кўплаб оятларида бандаларнинг жамият билан ҳамоҳанг яшаш, бошқаларнинг хурсандчилигига-ю қайғуларига шерик бўлишга ва шу билан бирга турли фитналарга бефарқ бўлмасликка тарғиб қилган. Жумладан, Қуръони каримнинг “Анфол” сурасининг 25-оятида шундай дейилади:

“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.

Ушбу ояти каримадаги “фитна” сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало-офат маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда, бошқалар қараб турса, ҳамма – зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар жавобгар бўладилар.

Имом Термизий ривоят килган ҳадисда “Набий алайҳиссалом: “Лоқайд бўлманглар. Одамлар яхшилик қилса, биз хам яхшилик қиламиз, ёмонлик қилсалар, ёмонлик қиламиз, деманглар. Улар яхшилик қилсалар, яхшилик қилинглар. Ёмонлик қилсалар, зулм қилманглар”, дедилар”, дейилган.

Хушёрлик ва огоҳлик энг муҳим жиҳатдир. Қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиш лозим. Бефарқ, лоқайд, эътиборсиз бўлиш мусулмон кишига ёт тушунчадир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”, деганлар. Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тану бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда.

Бошқа бир ҳадисда бундай дейилади: “Мусулмон киши бир кун ҳам ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч ҳолда қолдирмайди”. Яъни, қўшнисини бир кун ҳам оч ташлаб қўймайди, дегани аслида мусулмон киши қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради деганидир. 

Лоқайдликдан йироқлашиш, хушёр ва огоҳ бўлиб яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг елкамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга хушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим.

Усмонхон Муҳаммадиев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …