Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом – тинчлик ва тотувликка чорловчи диндир

Ислом – тинчлик ва тотувликка чорловчи диндир

Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”[1]

Ислом динимизни пок сақлашда, бегона ёт ақидалардан ҳимоя қилиш ва тозалашда буюк уламоларимиз, хусусан диёримиздан етишиб чиққан Имом Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳ жонкуярлик билан ўз ҳаётлари ва қимматли вақтларини ушбу масалага бағишлаганлар. Имом Абу Мансур Мотуридийнинг саъй-ҳаракатлари билан динни, усулни, фиқҳни, ақидани тушуниш учун тўғри ва ишончли йўналиш юзага келди. Ушбу ишда динни нотўғри талқин қилувчи турли хил фирқалар, мусулмонлар ўртасида ихтилофлар келтириб чиқарадиган инсонларга тўғри ва қатъий жавоблар билан зарба берганлар.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, – дедилар” [2].

Ислом дини ўзининг таълимотларига кўра, бу дунёда тинч-омон ва  фаровон ҳаёт кечиришга чорлайди. Маълумки, инсоният ўз ҳаёти давомида турли ғоялар ва маслаклар ўртасидаги кўплаб қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У тинчлик – хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”[3].  Демак, тинчлик-хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам тинчлик ва осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукурчилик қилиб, путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этган. Муқаддас самовий китобларга назар соладиган бўлсак, унинг бирортаси урушни тарғиб қилмаган, аксинча, тинчлик, омонлик ва сулҳни илгари сурган. Қуръони карим эса уруш чиқариш йўлидаги фитнани қотилликдан ҳам ёмон жиноят ҳисоблаган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай амр қилади: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинглар ва адолатли бўлингиз! Зеро, Аллоҳ адолатлиларни севар”[4]. Яна шу сурада Аллоҳ таоло инсонларга қарата шундай дейди: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”[5]. (Ҳужурот сураси 13-оят).

Демак, халқларнинг, элат ва қабилаларнинг ҳар хиллиги урушиш, жанжаллашиш учун эмас, балки бир-бирлари билан топишиб-танишишлари, битта замин устида аҳил-иноқ бўлиб яшашлари учун экан. Бинобарин, бир ота ва бир онадан тарқалган инсониятнинг бир-бири билан Аллоҳ тақиқлаган ишлар туфайли урушиб-талашиб юриши Ислом динига ҳам, давлатимиз сиёсатига ҳам хилофдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўплаб ҳадисларида бу ғояни илгари суриб охирги (Вадо) ҳажларида: “Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”[6], – деганлар.

Ушбу ўринда шуни айтиш лозимки, мамлакатимиздаги ҳозирги тинчлик ва осойишталик улуғ неъматдир. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалардаги ходимларнинг вазифаси, деб ўйлаганлар қаттиқ адашадилар. Бу йўлда барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг. Зеро, тинчлик учун доимо курашиш керак, уни бизга ташқаридан келиб ҳеч ким яратиб бермайди.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Аллоҳ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”[7].

Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири ҳам “Ас-Салом”дир. Қуръон нозил бўлган кеча ҳам салом кечасидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”[8], дейди.

Кўплаб ҳадислар мусулмон кишини ҳам, мусулмон юртда яшаётган бошқа дин вакилини ҳам тинчликдан бебаҳра қилиш, уларнинг қалбларига қўрқув солиш мумкинмаслигига далолат қилади. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”[9], деганлар. Бундан кўринадики, Ислом бор моҳияти, бутун таълимоти билан тинчлик-осойишталикка интиладиган илоҳий таълимотдир.

Халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида кечаётган ўзгариш ва воқеалар хусусида, уларнинг асл сабабларини тушунтириш ишларини олиб боришда барчамиз масъуллигимизни доим ҳис қилиб яшашимиз керак.

Шу азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш барчамизнинг, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг зиммасига ҳам фарз, ҳам қарздир.

Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳар бир мусулмон одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга Парвардигори олдида масъулдир. Ҳар бир имонли кишининг бурчи – “Ер юзида бузғунчилик”ка йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун курашиб ҳалол ҳаёт кечиришдан иборат.

Аллоҳ таоло ер юзида ёвузлик қилмасликка буюриб, ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз! (дедик)[10]. (Бақара сураси, 60-оят).

Аллоҳ таолонинг иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида катта-катта ютуқларга эришамиз, деб ўйласалар, қаттиқ хато қилган бўладилар. Аллоҳ таоло ер юзида ҳар қандай бузғунчиликни таъқиқлайди, ёвузлик йўлига кирганларни лаънатлайди. Зеро, Қуръони каримда шундай дейилган: “Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ислоҳ этмагай”[11].

Одам ўлдиришга қасд қилиш муқаддас ислом динимизда ҳамда давлатимиз қонунида кечирилмас “улкан жиноят” ҳисобланиб, бу ишга қўл урганлар шу дунёнинг ўзида ҳам жазодан холи қолмайдилар, охиратда эса жаҳаннам азобларига дучор бўлишлари диний манбаларимизда таъкидлаб ўтилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: “Мўмин кишини ҳақорат қилиш гуноҳ, у билан жанг қилмоқ эса куфрдир”[12], – деб  марҳамат қилганлар.

  Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, тинчлик, хотиржамлик ва бирдамликда ҳаёт кечириш учун муайян бир дин ёки миллат вакили бўлиш шарт эмас. Она замин устида Аллоҳ берган ризқу рўзини еб, умр кечираётган ҳар бир одам фарзанди юқорида айтиб ўтилган буюк неъматларни асраб, қадрлаб, уларнинг бардавомлиги учун ўз ҳиссасини қўшиб яшамоғи лозимдир.

Абдуҳалим Муҳиддинов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси раҳбари
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
  1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. “Тошкент ислом университети”. Т.: – 2004.
  2. Мирзиёев Ш.М. 2016 йил, октябрь, Исо Термизий зиёратгоҳидаги суҳбат. Сурхондарё вилояти.
  3. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари.
  4. Доктор Муҳаммад ибн Абду-р-Раҳмон Хумаййис. Усулу-д-дин инда-л-имам Аби Ҳанифа. -Ар-Риёз: Дору-с-самъий ли-н-нашр ва-т-тавзийъ, 1428/2007.
  5. Саҳиҳул Муслим асари.
  6. Мифтаҳу-с-саодат. Ж. 2.
  7. Имом ал-Бухорий сабоқлари. Журнал. 2006/3.
[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан.
[2] Муттафақун алайҳ яъни, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
[3] Имом Бухорий ривояти.
[4] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Ҳужурот сураси, 9-оят. –Б. 516.
[5] Ҳужурот сураси 13-оят.
[6] Имом Муслим ривояти.
[7] Бақара сураси 208-оят.
[8] Қадр сураси 5-оят.
[9] Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривоятлари.
[10] Бақара сураси, 60-оят.
[11] Юнус сураси, 81-оят.
[12] Муттафақун алайҳи, яъни Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …