Home / АЛЛОМАЛАР / Жадид мутафаккири Саидаҳмад Сиддиқий – Ажзий фаолиятини ёритувчи манбалар

Жадид мутафаккири Саидаҳмад Сиддиқий – Ажзий фаолиятини ёритувчи манбалар

Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг йирик вакилларидан бири Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий — Ажзий 1864 йилда Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани Ҳалвойи қишлоғида ҳунарманд оиласида таваллуд топди. Унинг аждодлари асли туркистонлик хўжалардан бўлиб, ХV асрнинг ўрталарида ҳукмронлик қилган Абу Саид Мирзо даврида Самарқандга кўчиб келган эди. Бўлажак мутафаккирнинг ёшлигида отаси Ҳасанхўжанинг вафотидан сўнг онаси уни соатсоз устага шогирдликка беради. Уста табиатан анча хасис одам бўлгани сабабли Саидаҳмад ниҳоятда қийналган, турмушнинг оғир дамларини ўз бошидан кечирди. У бу ҳақда ўз таржимаи ҳолида батафсил баён қилган эди[1]. Турмуш машаққатларига қарамасдан, ўзининг тиришқоқлиги туфайли Саидаҳмад соатсозлик ҳунарини пухта ўрганиб олган, шунингдек, тўқувчилик, заргарлик билан ҳам шуғулланган эди. Шу билан бирга, мазкур йиллар давомида у Самарқанд мадрасаларидан бирида ўқишни ҳам давом эттирди. Аммо, тирикчилик шароитининг оғир бўлганлиги туфайли ўқишни ташлаган ва ота касби бўлган тўқимачилик билан шуғулланган эди[2].

Бу даврда Саидаҳмад ўзининг туғма қобилияти туфайли мустақил билим олишга киришди. Жумладан, шарқ классик адабиёти, араб, форс, озарбайжон ва кейинчалик рус тилини ўзлаштирди. 1880 йиллардан эътиборан ўзи ҳам анъанавий усулдаги шеърлар машқ қила бошлади. Аммо, унинг маърифатчилик фаолияти ва ижоди ўз даврининг буюк кишиларидан бири сифатида эътироф этилишига олиб келди.

Сиддиқий – Ажзий 1901 йилда ҳаж сафарига отланади. Мазкур саёҳат давомида бир қатор Шарқ мамлакатларида бўлиб, ислом дунёсидаги янгиликлар билан танишди, бир неча муддат Жиддада Русия элчихонасида таржимонлик қилди. Сўнг Москва, Петербург шаҳарларини айланиб, Тифлисга ўтади. Ниҳоят Самарқандга қайтиб, 1903 йил Ҳалвойи қишлоғида янги мактаб очади[3]. Шоир кейинги бутун ҳаётини ана шу муқаддас ишга сарф этди. Ўзи очган мактабда табиий фанлар, араб ҳамда рус тилларидан сабоқ берди, дарсликлар тузди. У миллий уйғониш даврининг барча шоирлари сингари кенг оммани маърифатга бошлаш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини англашга ўргатишни адабиётнинг бош мавзуи деб билди унга ўз ҳаётини бағишлади. Шу билан бир вақтда, Сиддиқий Ажзий вақтли матбуот нашрларида ҳам фаол иштирок этди. Жумладан, Ватан, илм-маърифатга бағишланган мақолалари билан Қозон, Оренбург ва Кавказдаги нашрларда қатнашди.

Сиддиқий Ажзий 1917 йил февраль инқилобидан кейинги ижтимоий ҳаракатларда ҳам бевосита иштирок этди. Жумладан, 1918—21 йилларда Вилоят Адлия комиссари лавозимида фаолият кўрсатди. 1922 йилдан яна ўқитувчиликка қайтди. Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги «Машраб», «Мулла Мушфиқий» каби ҳажвий журналларни, «Зарафшон» газетасини чиқаришда фаол иштирок этди. «Майна», «Гинагина», «Шашпар», «Тир», «Гумном», «Олмос» имзолари билан ҳажвий асарлар ёзди. Сиддиқий 1926 йили қаттиқ касалланиб, 1927 йилнинг июл ойида Самарқандда вафот этди.

ХХ аср бошларида етук шоир, таржимон ва моҳир педагог, усули жадид мактабларининг ташкилотчиларидан бири сифатида фаолият кўрсатган маърифатпарвар Сиддиқий Ажзийнинг кўп қиррали фаолияти 1920-йиллардаёқ тадқиқотчилар эътиборини тортди. Жумладан, Сиддиқий-Ажзий ҳақидаги дастлабки мақола Вадуд Маҳмуд (1897 — 1976) томонидан «Инқилоб» журналининг 1924-йил 11 — 12-сонларида эълон қилинди. Унинг мазкур мақоласида олим ҳақида кўплаб маълумотлар эълон қилиниб, қуйидагича фикр билдирилди; «Бошлаб Сиддиқий яхши техникдур: соат ва турли мошиналарни тузатмоқ ишига моҳирдур… Мусиқа билан ҳам анча шуғуллангандур. Ўз тилидан бошқа араб, форс, рус тилларини билур… Самарқанд жадидларининг бошида Беҳбудий, Сиддиқий ва жадид мактабининг муаллимларидан Шакурий ўлароқ расман такфир этишлариға сабаб бўлғондур»[4].

Сиддиқий-Ажзий фаолияти ҳақида қимматли маълумот берувчи иккинчи муҳим манба Турсунқул(Раҳим Ҳошим)нинг «Маориф ва ўқутғучи» журналининг 1928-йил 3-сонида босилган «Сиддиқий тўғрисида мулоҳазалар» мақоласи бўлди. Мақола муаллифи Ажзийнинг шоирлик салоҳияти билан бир қаторда, мазкур даврда фаолият юритган жадидларнинг мактаб ва маориф соҳасидаги фикрларига ҳам эътиборни қаратади[5]. Шу билан бирга, у олим ҳақида фикр юрита туриб унга қуйидагича таъриф беради: «Сиддиқий мафкура ва ўйлашда ўз чоғдош (муосир) ва маслакдошларидан юқори туради. Унинг хаёли кенг, дунёни кўриши атрофли, кўзининг уфқи вусъатлидур»[6].

Юқорида номлари келтирилган мақолалар билан бирга, бирмунча муддат ўтгач, бу борада илмий тадқиқот ишлари ҳам олиб борилди. Жумладан, 1962-йилда Р.Арслоновнинг фалсафа фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган «Сиддиқий дунёқараши» диссертацияси, 1965-йилда педагог-олим М. Фаттаевнинг Сиддиқий-Ажзий фаолияти ҳақида ҳам сўз юритилган «Атоқли педагогларимиз» рисоласи яратилди. 1967-йилда профессор Б.Қосимовнинг «Сиддиқий-Ажзий»[7] номли анчагина кўламли мақоласи эълон қилинди. Шунингдек, Бухоролик тазкиранавис Неъматулло Муҳтарам томонидан яратилган «Тазкиратуш-шуаро» асарида эса олимнинг талабалик вақтларида шеъриятга муҳаббат қўйганлиги тўғрисидаги маълумотлар берилди. Мазкур манбалар ва тадқиқотлар кейинги ишлар учун муайян йўналишларни тақдим этди.

Бундан ташқари, Тожикистонлик академиклар З.Ражабов ва А.Баҳоуддиновлар томонидан Сиддиқий-Ажзийнинг ижодкор-маърифатпарвар сифатида шаклланишида Аҳмад Дониш ва унинг «Наводирул-вақое» («Нодир воқеалар») асари муҳим аҳамиятга эга бўлганлиги тўғрисидаги маълумотлар келтирилди. Шунингдек, у Аҳмад Дониш фаолиятининг изчил давомчиси сифатида эътироф этилди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ХХ аср бошларида Туркистонда фаолият юритган, жадидчилик ҳаракатининг йирик намоёндаларидан бири Саидаҳмад Сиддиқий-Ажзий фаолияти ўлкада маориф тараққиёти, янги усул мактабларининг вужудга келиши ва ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унинг саъй-ҳаракатлари натижасида Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги Ҳолвойи қишлоғида янги усул мактабига асос солинди. Мазкур даргоҳ нафақат ўз қишлоғи ва вилоятда, балки, бутун Туркистонда машҳур бўлди. Кейинчалик олимнинг серқирра фаолияти ҳақида юқорида номлари келтирилган турли асарлар яратилди. Мазкур асарлар нафақат олимнинг таржимаи ҳоли ва фаолиятини ўрганишда, балки, Туркистон жадидлари фаолияти тарихини ўрганишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Жумаев Жонибек
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Диниймаърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

 

[1] Arslonov R. “Siddiqiy dunyoqarashi”, falsafa fanlari nomzodi ilmiy darajasini olish uchun yazilgan dissertatsiya. 1962-yil, 62-bet.
[2] Р. Ҳошим. Сиддиқий тўғрисида мулоҳазалар. «Маориф ва ўқитувчи», 1928-йил, 3-сон
[3]  1903 йилда Ҳалвойи қишлоғида шоирнинг ўзи қурдирган мактаб ҳозир ҳам мавжуд бўлиб, мактабга унинг номи берилган.
[4] Saidahmad Siddiqiy-Ajziy (1864 – 1927), «Соғлом авлод учун» журнали, 2005-йил, август, 8(112)-сон, -Б.31
[5] Saidahmad Siddiqiy-Ajziy (1864 – 1927), «Соғлом авлод учун» журнали, 2005-йил, август, 8(112)-сон, -Б.31
[6] Маориф ва ўқитувчи» журнали, 1928-йил, 3-сон
[7] «Sharq yulduzl”. 1967-yil, 11-sоп, 224-237-betlar.

Check Also

Абул Баракот Насафий ҳаёти ва унинг машҳур асари

Ватандошимиз Имом Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий Насаф шаҳрида милодий XIII – …