Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказда “Буюк Ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг Ренессанси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

Марказда “Буюк Ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг Ренессанси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

2019 йил 25 май куни Самарқанд давлат университети ва “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташаббуси билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази конференциялар залида “Буюк Ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг Ренессанси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Туркия, Покистон, Индонезия, Босния ва Герцеговина, Россия, Франция, Италия, Ж.Корея, Польша, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон мамлакатларидан хорижлик нуфузли олимлар ва туризм соҳасининг етакчи мутахассислари билан бирга юртимиз туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган раҳбарлар, тадқиқотчи мутахассислар ва марказ илмий ходимлари иштирок этди.

Халқаро анжуман иштирокчиларини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида марказ директори Ш.Зиёдов ва илмий ходимлар кутиб олди. Меҳмонлар дастлаб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази музей экспонатлари, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли қўлёзма ва тошбосма асарлари билан яқиндан танишди ҳамда ушбу ноёб асарларга ва Имом Бухорий ҳаёти ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларга юқори баҳо берди. Шундан сўнг меҳмонлар Марказ конференциялар залига таклиф этилди.

Дастлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов сўзга чиқиб йиғилишни очиб берди ва ушбу Марказнинг ташкил этилиши тарихи, илмий ходимлар учун яратилган шароитлар, хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан алоқалари, эришилган келишувлар ва ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Покистон ислом республикасининг Дорул улум Мужаддида Наемия мадрасалар комплекси директори Муҳаммад Назеер Жаан “Авваламбор ассалому алайкум ҳаммангизни муборак рамазон ойи билан табриклайман!Ушбу конференцияга таклиф қилганларингиз учун сизларга ўз миннатдорчилигимни билдираман! Бу диёр шунчалик муқаддаски, инсон тамаддуни учун ҳамда бутун ислом олами учун буюк алломалар етказиб берган буюк  юртдир! Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг мақбарасини зиёрат қилишдек улуғ бахтга эришганлигимдан бениҳоя хурсандман! Ҳадис илми султони қолдирган бой илмий мерос у улуғ зотнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этишга ундайди!” деб таъкидлади.

Шундан сўнг Конференция кун тартибига мувофиқ навбати билан Малайзия, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, АҚШ, Индонезия ва Босния ва Герцоговиналик эксперт-мутахассисларга сўз берилди.

Сўзга чиққанлар аввало, ташкилотчиларга ушбу конференцияга таклиф этганликлари учун ўз миннатдорчилигини билдириб, келгусида ўзлари фаолият олиб бораётган институтлар ва Марказ ўртасида ўзаро илмий-амалий алоқалар ва ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканлигини таъкидлади.

Бу анжуманни Самарқандда ўтказилишида ҳам ўзига хос маъно бор. Самарқанд кўп минг йиллик тарихга эга шаҳар бўлиб, бугунги кунда ҳақиқий туризм шаҳрига айланиб бормоқда. Жумладан қадимий Афросиёб ёдгорлиги, Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси, Регистон ансамбли, Амир Темур мақбараси каби кўплаб ноёб ёдгорликлар бу заминдаги қадимий цивилизация ва маданиятдан гувоҳлик беради.

Ўзбекистон республикаси ва Покистон Ислом республикаси ўртасида тузилган Йўл харитасининг 51-53 бандларига биноан Ўзбекистон ва Покистон уламолари ўртасида илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шу асосда конференция сўнггида Покистоннинг Дорул илм Мужаддида Наемия мадрасалар комплекси директори Муҳаммад Назеер Жаан билан Марказ раҳбарияти, илмий ходимлари ўртасида давра суҳбати ташкил этилди. Илмий учрашув сўнггида икки марказ ўртасидаги илмий-амалий алоқаларни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланди.

Диний маърифий тадбирлар
бўлими илмий ходими
Ж. Жумаев

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …