Home / МАҚОЛАЛАР / “ШИРЪАТ АЛ-ИСЛОМ” АСАРИДА ЗИЁФАТ ОДОБИ ВА УНГА ОИД ҲАДИСЛАР

“ШИРЪАТ АЛ-ИСЛОМ” АСАРИДА ЗИЁФАТ ОДОБИ ВА УНГА ОИД ҲАДИСЛАР

Мазкур асар муалифи Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Жуғий[1] ал-Бухорий ал-Ҳанафий бўлиб, тарихда “Имомзода” тахаллуси билан танилган. Машҳур тарихчи Самъонийнинг ёзишича, у фазилатли имом, фақиҳ, воиз, адиб, шоир, тақводор, чиройли хулқли, кўп хайрли ишларни қилувчи улуғ аллома бўлган. Аллома ҳижрий 491, милодий 1098 йил робийъул аввал ойида таваллуд топган.[2]

         Аллома Бухоро фақиҳларидан бўлган Абулфазл Бакр ибн Муҳаммад ибн Али аз-Заранжарий ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Фоил ас-Сурхакатий[3] дан таълим олган.

         Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Жуғий ал-Бухорийнинг асосий шогирдларидан, “Мухтасар ал-виқоя” асари муаллифи Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-Шарийъа, тарихда иккинчи Абу Ҳанифа номи билан шуҳрат қозонган, насл-насаби буюк саҳобий Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳуга бориб етадиган аллома Жамолиддин ал-Маҳбубий, Убайдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдулмалик ибн Умар ибн Абдулазиз ва Саъдуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Авфийлар келтирилган.[4]

Алломанинг кўпчиликка машҳур асари “Ширъат ул-ислом” бўлиб, китоб 61 қисмдан иборат. У ўз ичига ақида, одоб-ахлоқ, ислом доирасидаги кундалик амаллар, Қуръон ва суннатга эргашиш, Қуръон фазилатлари, Қуръонни ўрганиш ва ўргатиш масалалари, намоз, рўза, закот, таҳорат ва ибодатга оид ҳукмлар баёни, ейиш-ичиш ва кийиниш масалалари, никоҳга тегишли ҳукмлар, зиёфат одоблари, қариндошлик масалалари, уй-жой тутиш, мусулмончилик ва қўшничилик ҳуқуқи, эр-хотин ва ёш болаларга оид масалаларни олган.

         Биз қуйида мазкур асарда зиёфат одоблари ва унга доир ҳадислардан намуналар келтирамиз.

Меҳмоннинг иззат-икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг кела оладиган миллат йўқлигига дунё аҳли тан берган. Мусулмонларнинг бу фазилатлари тилларда достон бўлиб кетган. Ислом адабиётига кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммасига динимиз таълимотлари ва кўплаб ҳадислар сабаб бўлган. “Меҳмон атои Худо”, “Меҳмон отангдай азиз” каби ҳикматли сўзлар ҳам ана ўша таълимотлар таъсирида айтилган. Биз, мусулмонларнинг кейинги авлодлари ҳам бу улкан фазилатни ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб боришимиз лозим.

Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни унинг дастурхонига келтириб тўкмаган бўлсин.

Зиёфат мусулмон кишининг ўз биродари зиммасидаги ҳаққидир. Ҳанафий, моликий ва шофеъий мазҳабларини ўзига лозим тутганлар зиёфатни суннат, ҳанбалийлар эса вожиб дейишган[5].

Қуйида Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Ҳанафий “Ширъат ал-ислом” асарида меҳмондорчилик одобларини жуда чиройли тарзда баён қилади:

Меҳмон кутиш ислом одобларидандир. Ҳадисда қуйидагича келади: “Меҳмон ўз ризқи билан келади. Меҳмон кетар чоғида эса мезбоннинг гуноҳлари кечирилади[6]”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Аллоҳ таоло бир қавмга яхшиликни ирода қилса уларга бир ҳадя беради”-дедилар. Саҳобалар: “У қандай ҳадя?”-дея сўрадилар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз ризқи билан келадиган меҳмондир, у кетар чоғида эса мезбоннинг гуноҳлари кечирилади”-дедилар[7].

Яна бир ҳадисда: “Дастурхони ёзилган кишига фаришталар салавот айтиб туради. Меҳмоннинг ҳаққи уй соҳиби бўлган ҳар бир мусулмонга вожибдир. Бас, у зиммасидаги қарзни дунёда адо қилсин ёки охиратга қолдирсин[8]”.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дастурхони ёзилган кишига фаришталар салавот айтиб туради” дедилар [9].

Бошқа бир ҳадисда “Меҳмон кирмайдиган уйга фаришталар кирмайди”. Биринчи бўлиб меҳмон кутган инсон Иброҳим алайҳисссаломдир. Иброҳим алайҳиссалом “Абу Зийфон”(меҳмонлар отаси) дея куняланганлар. У зот бир ҳовли қуриб унинг тўрт томонидан эшик очганлар. Иброҳим алайҳиссалом меҳмон талабида бир неча масофа юрардилар ва у зот меҳмонлар билангина овқатланар эдилар.

Меҳмоннинг қўлидан ушлаб очиқ юз билан уйга таклиф қилинади. Меҳмонга хурсандчлик билан боқади. Меҳмонни имкон қадар меҳрибонлик ва лутф ила икром қилмоқ лозим. Калом ва хитобда илтифот кўрсатади.

Меҳмон учун қўйилган нарсалар кўп бўлса ҳам исроф саналмайди. Меҳмонга қўйган нарсаларини қийматламайди. Чунки бундай қилиш бахилликдир. Меҳмон учун энг покиза ва ҳалол таомлар ихтиёр қилинади.

Меҳмон ёмон кўрадиган ва тоқати етмайдиган ҳолатларни келтириб чиқармайди. Ким меҳмонни ёмон кўрса Аллоҳ ҳам уни ёмон кўради.

Тақводор мўъмин учун зиёфат беради. Агар ҳузурида бир кеча-кундузлик таоми бўлса ҳам меҳмонни ихтиёр қилиши мумкин.

Меҳмонларга ўз қўли билан хизмат қилади, хизматни аҳли байтига топшириб қўймайди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам меҳмонларга ўз қўллари билан хизмат қилганлар. Меҳмоннинг олдига ҳузуридаги энг яхши нарсаларни келтиришдан бошлайди.

Меҳмонни хизматга қўймаслик мурувватдандир[10].

Умар бин Абдулазиз тунда бир нарса ёзиб ўтирардилар, ҳузурларида эса меҳмон бор эди. Шу пайт чироқ ўчиб қолаёзди. Меҳмон:

-Чироқни тузатиб қўяйми?- деди.

-Йўқ, меҳмонни хизматга қўйиш-мурувватдан эмас- дедилар.

-Бўлмаса хизматкорни уйғотинг.

-Йўқ, ўзи у ҳозиргина ухлади- деди- да, ўзлари туриб, чироққа ёғ қуйиб келдилар.

Меҳмон:

-Ўзингиз турдингиз-а, амирул-мўъминин! – деди.

Умар ибн Абдулазиз:

-Умар бўлиб бориб, Умар бўлиб қайтдим – дедилар.

Мана бу ибратли воқеадан ҳам кўриниб турибди-ки, меҳмонни фақат яхши инсонларгина ҳурматини жойига қўяди.

Агар хонадон соҳиби меҳмон билан бирга ўтирган бўлса таомга биринчи бўлиб қўл узатиб, охирги бўлиб тортмоқлиги, агар меҳмонда сустликни кўрса ейишга қизиқтириши суннатдандир.

Меҳмон харажатлари Аллоҳнинг зиммасида дея эътиқод қилинади. Бирор киши таомга чақирилса Аллоҳ учун чақирилади. Риё, тортишув ва фахрланишдан узоқ бўлинади. Меҳмон ҳузурига унга мувофиқ бўлган кишилар киритилади.

Зиёфатдан фақирларни ман қилиб, бойлар учун хосламайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васаллам: ”Таомларнинг энг ёмони – мискинлар тарк қилиниб, бойлар чақириладиган валима таомидир” – дедилар[11].

Бир ҳовлида яшовчи ака ёки ўғилларнинг ёшлари катта бўлса, отани ўзини чақирмайди. Албатта бу нарса жафодир.

Агар ака-укалар бир ҳовлида яшасалар, уканинг ёши ҳам катта бўлса, аканигина чақириб укани чақирмаслик дуруст эмас, ёки ўша ҳонадон соҳибининг ўғли бўлса-ю, унинг ҳам ёши катта бўлса зиёфатга уни ҳам чақириш керак бўлади.(давоми бор)

 

Тоҳир Эвадуллаев    
Диний маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи
 

[1] Хайриддин ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Али ибн Фарис аз-Заркалий ад-Димашқий.  Ал-Аълам.6-.жуз Б.54

[2] Ёқут ал-Ҳамавий.Муъжам ал-Булдон. 3-жуз. Б.335, Мустафо ибн Абдулло ал-Қистатиний Румий ал-Ҳанафий. Кашф уз-зунун ан асомий ал-кутуб ва-л-фунун.2-жуз.Б.1044.

[3]Самъоний “Ал-ансоб” да “Сурхакат” Мовароуннаҳрдаги икки қишлоқнинг номи. Уларнинг бири Ғузор туманида иккинчиси Самарқандда бўлган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Фоил ас-Сурхакатий асли Самарқандлик бўлиб, уни шу қишлоққа нисбат беришган деб маълумот берган.

[4] Жаваҳир ал-Музийя фи табақат ал-Ҳҳанафийя.1 жуз. Б.546, Табақот ал-Ҳанафия. 2 жуз.Б. 362.

[5] Қаранг. Шайх Муҳаммад  Содиқ  Муҳаммад  Юсуф. Ижтимоий одоблар. Тошкент.: Hilol-nashr, 2012. –Б . 99.     

[6] Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Ҳанафий. Ширъат ал-ислом. -Қозон.: Мактабат аш-ширкат, 1902. – Б.72.

[7] Жалолиддин ас-Суютий. Жомеъул аҳадис.  Шомила электрон кутубхонаси. Ж.II. – Б.275.

[8] Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Ҳанафий. Ширъат ал-ислом. -Қозон.: Мактабат аш-ширкат, 1902. – Б.72.

[9] Аҳмад бин Ҳусайн бин Али бин Мусо ал-Хусравжардий Абу Бакр ал-Байҳақий.  Шуъбул имон. Ар-риёд.:  Мактабатур-рушд, 2003. Ж.XII. – Б. 141.

[10] Имомзода Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Ҳанафий. Ширъат ал-ислом. -Қозон.: Мактабат аш-ширкат, 1902. – Б.72-73.

[11] Аҳмад бин Ҳусайн бин Али бин Мусо ал-Хусравжардий Абу Бакр ал-Байҳақий . Ал-одоб. Ж.I. –Б.157. http://www.ahlalhdeeth.com

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …