Home / МАҚОЛАЛАР / Тафсир илмининг нозик жиҳатлари: тафсир ва таъвил орасидаги фарқ

Тафсир илмининг нозик жиҳатлари: тафсир ва таъвил орасидаги фарқ

Инсонлар Қуръони каримнинг маъноларини тушуниш борасида баробар эмаслар. Кишилар идрокидаги тафовут сабаб Каломи шариф маънолари қанчалик равшан ва аниқ бўлмасин, уларнинг туб маъносини англаб етишга ҳамма ҳам қодир бўлолмайди. Шу сабабдан ҳам муфассирлар томонидан оятлар маънолари шарҳланиб, тушунтириб берилган.

Тафсир илмининг муфассирлар эътибор қаратишлари лозим бўлган нозик жиҳатларидан бири “тафсир” ва “таъвил” орасидаги фарқни кўрсатиб беришдир. Бу икки ибора бир бирига яқин маъноларни ифода этсада, аслида улар орасида катта фарқ бор.

“Тафсир” сўзи луғатда “очиб бериш”, “баён қилиб бериш”деган маъноларни англатади. Истилоҳий маънода эса тафсир “Аллоҳ таъолонинг Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган китобини тушуниш”,“маъноларини баён қилиш, ҳукм ва ҳикматларини чиқариб олиш”ни ўргатадиган илмдир.

“Таъвил” сўзи луғатда “қайтиш” деган маънони англатади. Гўёки муфассир таъвил қилишда оятни очиқ кўриниб турган маъносидан эҳтимолий бошқа бир маънога қайтаради. Истилоҳий маънода эса таъвил деб оятдан тушуниш мумкин бўлган нозик, сирли ва махфий маънолардан аниқ маънони чиқариб олишга айтилади[1].

Тафсир олимлари “тафсир” ва “таъвил” ўртасидаги фарқ ҳақида турли қарашларни билдирганлар. Баъзилар бу икки ибора синоним бўлиб, битта маънони англатади дейишган.Бу қараш мутақаддим уламоларнинг аксариятининг фикридир. Яна баъзи муфассирлар, хусусан, мутааххируламолар “тафсир” ва “таъвил” орасида катта фарқ борлигини айтганлар. Яъни тафсир бу оятнинг очиқ ва равшан маъносидир. Таъвил эса бир нечта маъно тушуниш мумкин бўлган оятдан баъзи эҳтимолий маъноларни аниқлаштириб олишдир, деганлар[2].

Мавзумиз мақсадини аниқроқ тушуниш учун қуйидаги мисолни келтирамиз:

“Албатта Роббингиз кузатиб турувчидир”[3], ояти тафсири қуйидагича: “кузатиб турувчи” ибораси Қуръонда “мирсод” дейилган бўлиб, “кузатмоқ” маъносини берувчи  “росада” феълидан олинган. “Мирсод” муболаға маъносини берувчи сўз шакли ҳисобланади.Яъни оятнинг маъноси Аллоҳ ким нима қилаётганини ўта аниқлик билан кузатиб туради, деганидир.

Оятнинг таъвилидан Аллоҳнинг амрига бепарволик қилмасдан, ундан ғафлатда қолмаслик ва қиёматга тайёргарлик кўриш тушунилади[4].

Имом Роғиб айтади: “Тафсир таъвилдан умумийроқдир. “Тафсир”кўпинча якка лафзлар,“таъвил”эса маънолар ва жумлаларга ишлатилади. Таъвил кўпинча Қуръонга нисбатан ишлатилса, тафсир Қуръон ва бошқа сўзларга нисбатан ҳам қўлланилади”[5].

Имом Мотуридий: “Тафсир – оятдан мурод айнан мана шу деб қатъий айтиш ва Аллоҳ ҳам ушбу маънони назарда тутган деб гувоҳлик беришдир. Агар шу маънони тасдиқловчи қатъий далил келса тафсир саҳиҳдир. Агар келмаса бу рай билан тафсир қилишга айланади ва бундан қайтарилгандир. Таъвил бир нечта эҳтимолий маънолардан бирини афзал кўришдир. Бунда қатъий фикрга келинмайди ва Аллоҳ ҳам айнан шу маънони назарда тутяпти деб гувоҳлик берилмайди”[6], деган.

Бу икки илмнинг фазилати ҳақида уламолар ушбу оятни келтирганлар:

У кимнихоҳласа, ўшанга ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлар. Фақат ақл эгаларигина эсларлар[7].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо оятдаги “ҳикмат берилиши”ни Қуръонни носих ва мансух, муҳкам ва муташобиҳ, олдин нозил бўлган ва кейин нозил бўлган, ҳалол ва ҳаром масалалари сингари жиҳатлари билан англаш деб тушунтирган. Шунингдек, ҳикматдан мурод Қуръон эмас, унинг тафсири экани, чунки Қуръонни яхши ҳам ёмон ҳам ўқишини таъкидлаган[8].Чунки оятда ҳикмат берилган киши кўп яхшиликларга эга бўлишини инобатга олсак, ёмон ва фожир кимсанинг бундай шарафга муносиб бўлиши мумкин эмас.

Тафсир ва таъвил илмлари энг шарафли илмлардан бўлиб, бу билан Қуръони каримнинг очиқланмаган маънолари юзага чиқади, башарият қисқа лафзларда олам-олам маънолар ётганини англаш орқали Аллоҳнинг буюк ҳикмат ва чексиз илм соҳиби эканини амин бўладилар.

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари Усмонхон Муҳаммадиев
[1]Муҳаммад Алий Собуний. Ат-тибён фи улумил Қуръан. -Покистон. -Карачи. Мактабаттул Бушро, 2011. -Б. 90.
[2]Ўша китоб.
[3]“Фажр” сураси, 14-оят.
[4]Жалолуддин Суютий. Ал-итқон фий улумил Қуръан. –Байрут:Муассасатур рисалути наширун, 2008. -Б.758.
[5]Роғиб Асфаҳоний. Муфродоту алфазил Қуръон. – Дамашқ: Дорул қалам, 2009. – Б. 636.
[6]Имом Мотуридий. Таъвилоти аҳли сунна. Таҳқиқ: Фотима Юсуф Хоймий. – Байрут:Муассасатур рисалутин наширун. 2004. –Б.3.
[7]“Бақара” сураси, 269-оят.
[8]Жалолуддин Суютий. Ал-итқон фий улумил Қуръан. – Байрут: Муассасатур рисалути наширун, 2008. -Б.761.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …