Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-муфрад” асарида саломлашиш одоби ва унинг фазилатлари

Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-муфрад” асарида саломлашиш одоби ва унинг фазилатлари

“Саломлашиш” одобнинг илк кўриниши ҳисобланади. Инсоннинг ҳулқ-атвори ва гўзал фазилатларини, унинг серсаломлиги акс эттиради. Салом инсонлар орасида бевосита алоқа боғловчи сўздир. Салом берганда унга нисбатан алик олиш, бу инсонларнинг бир-бирига бўлган ҳурматидир. Ҳадиси шарифда келтирилишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло Одам алайҳи васалламни яратди, унинг бўйи 60 зироъ эди. Аллоҳ унга: Бор, анави бир гуруҳ малоикаларга салом бер ва уларнинг жавобларини эшитиб ол, бу сенинг ва зурриётларингнинг саломи бўлади, деди. У (Одам алайҳи васаллам фаришталарга): “Ассалому алайкум”, деди. Фаришталар: “Ассалому алайка ва раҳматуллоҳ”, деб жавоб бердилар.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саломни ошкора қилинглар (орангизда ёйинглар) саломат бўласизлар”, дедилар.

            Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жаннатга киролмайсиз мўмин бўлмагунингизча, мўмин бўла олмайсиз то бир-бирларингизни яхши кўрмагунингизча. Бир-бирингизни яхши кўрадиган бир нарса ўргатайми?” дедилар. “Албатта, эй Аллоҳнинг Расули”, дейишди. Ул зот: “Орангизда саломни ошкор қилинг (кенг ёйинг)”, дея марҳамат қилдилар.

 Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтдилар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Раҳмонга ибодат қилинг, (қорни очларни) таомлантиринг, саломни кенг ёйинг, жаннатга кирасизлар”, дедилар.

 Жобир розияллоҳу анҳу “Отлиқ пиёдага, пиёда эса, ўтирганга салом беради. Пиёда юрганларнинг ичида афзали эса, биринчи бўлиб салом берганидир”, дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир йиғинда ўтирганларида бир киши келиб: “Ассалому алайкум”, деди. Расулуллоҳ “ўнта ҳасанот”, дедилар. Яна бир киши келди-да: “Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳ”, деди. Ул зот: “йигирмата ҳасанот”, деб қўйдилар. Сўнг яна бир киши келиб: “Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳи ва баракотуҳу”, деди. Ул зот: “ўттизта ҳасанот”, дедилар. Шунда бир киши йиғиндан туриб кетаётиб салом бермади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Дўстингиз саломни унутаёзди, агар бирортангиз одамлар тўпланган жойга келсангиз салом беринг, жой кўрсатилса ўтиринг, туриб кетишда яна салом беринг. Биринчи салом иккинчисидан савоб ва фазилатга ҳақлироқ эмас”, дея марҳамат қилдилар”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ас-Салом Аллоҳ азза ва жалланинг исмларидан биридир. Аллоҳ уни ер юзига қўйди, бас, саломни ўртангизда ёйингиз”, дедилар”.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида намоз ўқиётгандик, кимдир “Аллоҳга салом бўлсин”, деди. Намоздан сўнг “Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга салом бўлсин”, деб ким айтди? Аллоҳ Саломдир. Лекин сизлар “Аттаҳиййату лиллаҳи ва-с-саловоту ва-т-тоййибату ва-с-саламу ъалайка аййуҳа-н-набий ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ, Ассаламу алайна ва ала ибодиллаҳи-с-солиҳин. Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳ”, деб айтинг”, дедилар”. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Буни улар худди сиз Қуръондан бир сура ўрганганингиздек ўрганар эдилар” дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичиклар катталарга, пиёда ўтирганга ва камчилик кўпчиликка салом беради”, дея марҳамат қилдилар”.

Собит ибн Убайд айтадилар: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўтирган йиғинга бордим. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “ Салом берсангиз эшиттириб беринг, зеро у Аллоҳ ҳузуридаги гўзал, муборак таҳийётдир”, дедилар”.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ҳеч ким бўлмаган ерга кирмоқчи бўлган киши: “Бизга ва солиҳ бандаларга Аллоҳнинг саломи бўлсин”, деб кирсин. Албатта уйга кираётганда аввал ўнг сўнг чап томонга салом бериб кириш керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Кимки салом бермасдан киришга изн сўраса, унга то саломдан бошламагунча изн берилмайди”, дедилар. Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Агар бирон кимса бирон уйга кириш истаги бўлса, “Ассалому алайкум”, демагунча кирмасин”.             

 

Шодиева Моҳира
Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
 Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими ходими

  Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Имом ал-Бухорий Ал-адаб ал-муфрад (Адаб дурдоналари). Т.: Мов-ҳ, 2006 .
  2. Одоблар дурдонаси. “Имом Бухорий Ал-адаб ал-муфрад асари”дан сайланма ҳадислар.Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2018.
  3. https://t.me/Al-adab-al-mufrad

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …