Home / МАҚОЛАЛАР / ЁЛҒИЗ АМАЛНИНГ ЎЗИ ЖАННАТГА КИРИТМАЙДИ

ЁЛҒИЗ АМАЛНИНГ ЎЗИ ЖАННАТГА КИРИТМАЙДИ

5673 – حَدَّثَنَا أَبُو الْيَمَانِ أَخْبَرَنَا شُعَيْبٌ عَنْ الزُّهْرِيِّ قَالَ أَخْبَرَنِي أَبُو عُبَيْدٍ مَوْلَى عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ لَنْ يُدْخِلَ أَحَدًا عَمَلُهُ الْجَنَّةَ قَالُوا وَلَا أَنْتَ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ لَا وَلَا أَنَا إِلَّا أَنْ يَتَغَمَّدَنِي اللَّهُ بِفَضْلٍ وَرَحْمَةٍ فَسَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَلَا يَتَمَنَّيَنَّ أَحَدُكُمْ الْمَوْتَ إِمَّا مُحْسِنًا فَلَعَلَّهُ أَنْ يَزْدَادَ خَيْرًا وَإِمَّا مُسِيئًا فَلَعَلَّهُ أَنْ يَسْتَعْتِبَ

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳеч ким фақат тоат-ибодат қилгани билан жаннатга киравермайди”, – дедилар. Саҳобалар: “Ҳаттоки, сиз ҳамми?” – деб сўрадилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа шундай, агар Аллоҳ таоло мени ўз фазлу раҳмати оғушига олмас экан, мен ҳам (ёлғиз тоат-ибодат билан жаннатга кира олмайман). Шу боисдан ҳам тўғри йўлдан озманглар, қуюшқондан чиқманглар. Сизлардан ҳеч бирингиз, у хоҳ солиҳ, хоҳ фожир бўлсин, ўзига ўзи ўлим тиламасин. Чунки, агар унинг қилмиши яхшилик бўлса, ажаб эмаски, яхшиликлари яна ҳам зиёда бўлса ва агар у ёмонликка мойил бўлса, шояд инсофга келиб, Аллоҳ таоло ризолигини истаб қолса!” – дедилар. [1]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу – Абдуроҳман ибн Сохр ад-Давсий ал-Яманий 599 м.й.да Яманда туғилган, 676 м.й.да Мадинада вафот этган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобий, ундан 5374та ҳадис ривоят қилинган.

Ҳадиснинг умумий маъноси:

Инсон ҳаётлигида иймон-эътиқод ва ихлос билан қилган барча амалллари унинг фойдасига, яъни номаи аъмолига ёзилиб боради. Аммо, инсоннинг қилаётган солиҳ амаллари қанчалик кўп бўлмасин, Аллоҳ таолонинг унга инъом этган неъматларининг энг кичигига ҳам эваз бўла олмайди. Шу сабабли Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 “Ҳеч ким фақат тоат-ибодат қилгани билан жаннатга киравермайди”, – дедилар.

Демак, инсонни жаннатга дохил бўлмоғи учун тоат-ибодат билан бир қаторда бандани чин ихлоси ва Яратган зотнинг розилиги каби бошқа воситалар ҳам зарур экан.

Саҳобалар: “Ҳаттоки, сиз ҳамми?” – деб сўрадилар.

Саҳобалар Расулуллоҳнинг бу сўзларидан таажубланиб, сиз ҳам ўз амалингиз билан жаннатга кира олмайсизми, ҳолбуки сиз орамизда энг кўп ибодат қиладиган кишисиз-ку, деган маънода савол беришдилар.

“Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа шундай, агар Аллоҳ таоло мени ўз фазлу раҳмати оғушига олмас экан, мен ҳам (ёлғиз тоат-ибодат билан жаннатга кира олмайман).”

Саҳобалар шариати исломда бажаришга буюрилган солиҳ, савобли амалларни бажаришга иштиёқманд, ғайратли эдилар. Аммо, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларданда тоат-ибодатга маҳкамроқ, тақволироқ эдилар. Шундай бўлсада, Расулуллоҳ Аллоҳ таолодан ўзига фазлу раҳмат бўлмас экан бажараётган тоат-ибодатлари ҳеч нарсага арзимаслигини билдирмоқдалар.

Демак, бандасига Аллоҳ таолонинг фазлу карами бўлмаса фақат тоат-ибодат ҳамда бошқа солиҳ амаллари уни жаннатга киргиза олмайди. Имон-эътиқодли киши буни яхши билади ва ўзига берилган илм ҳамда бажараётган солиҳ амаллари билан ҳеч қачон мағрурланиб қолмайди. Аллоҳ таолонинг шариатида фарз қилинган амалларни бажариш билан бир қаторда У зотнинг розилиги, раҳмати, фазлу карамини сўрайди. Аввало, ўзини мана шу ҳақ динга ҳидоят қилиб ва солиҳ амалларга муяссар қилгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб шукрлар қилади. Албатта, Аллоҳнинг мағфирати ва раҳмати чексиз. Хоҳласа, банданинг биргина яхши амали сабабли ҳидоят қилиб, жаннатига эриштириши ҳеч гап эмас. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан мўмин киши ибодатларни бажариш билан бир қаторда, Аллоҳ таолонинг розилиги, марҳамати, фазлу карамини умид қилиши ва ҳеч қачон бирор гуноҳ сабабли тушкунлика тушиб Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги лозим экан. Аллоҳ таоло биз уммати Муҳаммадга:

“Рaҳмaтим ҳaммa нaрсaдaн кeнгдир.”[2]

“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир”[3], деб марҳамат қилади. Мўмин киши учун бундан ортиқ хушхабар, бундан ортиқ фазл бўлмаса керак.

Шунингдек, Расулуллоҳдан ривоят қилинган мазкур ҳадиснинг замирида иккинчи бир маъно ҳам мавжуд. У ҳам бўлса, ибодатларни бажаришда ҳаддидан ошиш, ғулув – чуқур кетмаслик. Бунга ҳадиснинг давоми далолат қилади.

“Шу боисдан ҳам тўғри йўлдан озманглар, қуюшқондан чиқманглар.”

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган бағрикенг, мўътадил диндир. Аммо, исломий арконларнинг ижроси баробарида инсон диний илмсизлик сабабли кўплаб муаммоларга дуч бўлиши табиий ҳолдир. Мана шу муаммолардан бири дин арконларини бажаришда қуюшқондан чиқиш ҳисобланади. Дин арконларини бажаришда мутаассибона чуқур кетиш инсон тўғри йўлдан озиб, унинг ўзи учун ҳам атрофидагилар учун ҳам кутилмаган кўнгилсизликларни келтириб чиқаради.

Ҳолбуки, Ислом фақат диний аҳкомлардан иборат бўлган дин эмас, балки у жамият маънавияти ва маърифатини шакллантириб камолга етказувчи  ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, руҳий-маънавий талабларини қондирувчи диндир. Ислом дини хайрли амаллар, адолат, яхшилик, маърифат, омонат, ростгўйлик, поклик, қалб мусаффолиги, имоннинг ақл ва нафсдан устунлиги, бошқаларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром, тавозеъ, раҳмдиллик, тўғрилик, ҳаё каби инсоний фазилатлар устига қурилган бўлиб, бу каби улуғ фазилатли хислатларни мўътадиллик асосида ушлаб туришга чақирилади. Бу умматнинг бошқа умматларга нисбатан фазилатли жиҳати ҳам айнан мўътадиллик сабабли эканлиги Қуръони каримда таъкидланади:

 “Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли, мўътадил) бир миллат қилдик. …”[4]

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу масалага доир бошқа ҳадисларида: “Тоат-ибодатларингизни тўғри, мўътадил адо этинглар, билингларки, бирортангизни қилган тоат-ибодатингиз жаннатга киритмайди. Аллоҳ таоло хушлайдиган тоат-ибодат, қисқа бўлса-да, узлуксиз адо этиладиган ибодатдир!”[5].– деб кўрсатма берадилар.

“Сизлардан ҳеч бирингиз, у хоҳ солиҳ, хоҳ фожир бўлсин, ўзига ўзи ўлим тиламасин.”

Инсонга берилган бу умр омонат, бир кун келиб инсон ажали ўз вақти билан ўз эгасини топиб келади. “Қаерда бўлсангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур”.[6] Аммо, бу омонатни инсонга берилишидан маълум бир илоҳий мақсад мавжуд. Зеро, Аллоҳ таоло айтганидек, инсон зотини бу дунёга яратишидан мақсади ҳам шу эди:

(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яраттан зотдир. У қудратли ва мағфиратлидир.”[7]

Дарҳақиқат, инсон ҳаёти имтиҳон ва синовлардан иборат, банда ҳаётдаги бундай синов ва машаққатлар олдида ожизлик қилиб, ўзига ўлим тилаши жоиз эмас, балки Аллоҳга дуо қилиши керак. Туғилиш ва ўлиш бизнинг ихтиёримизда эмас. Аммо, берилган ҳаётда қандай йўлни танлаш имконияти мавжуд. Шундай экан бу берилган ҳаёт неъматини сермазмун қилиб, чиройли умргузаронлик қилмоқга ҳаракат қилишимиз лозим. Бизнинг ҳаётимизни гўзал қиладиган, умримизни сермазмун қиладиган амаллар солиҳ ва савобли ишлардир. Шунинг учун Аллоҳдан ўлим сўраш ўрнига хайрли ишларда ёрдам, мадад, гуноҳ ишлардан йироқ қилмоғини сўраш керак.

“Чунки, агар унинг қилмиши яхшилик бўлса, ажаб эмаски, яхшиликлари яна ҳам зиёда бўлса ва агар у ёмонликка мойил бўлса, шояд инсофга келиб, Аллоҳ таоло ризолигини истаб қолса!”

Ҳадиснинг давомида умрнинг давом этиши солиҳ банда учун ҳам, гуноҳкор банда учун ҳам қандай манфаат келтириши баён қилинмоқда. Яъни, агар инсон солиҳ, яхши бўлса яшашлиги билан унинг яхшиликлари ҳам кўп бўлиб охиратда савоби бисёр бўлади. Агар инсон фожир-гуноҳкор банда бўлса, яшашлиги  унга фосиқлик йўлидан қайтиб солиҳлар йўлини танламоғига бир имкондир. Шояд, у мана шу имкониятдан фойдаланиб, тавба қилиб ҳидоят йўлини танласа. Шу танлови эвазига охиратда жаҳаннам азобидан қутилиб, абадий саодат – жаннатга мушарраф бўлса.

Ҳадисдан олинадиган истифодалар:

  1. Тоат-ибодатнинг ўзи инсонни жаннатга кирита олмайди.
  2. Жаннатга кирмоқ учун тоат-ибодатлар билан бирга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли карами лозим.
  3. Мусулмон киши ўзининг тоат-ибодатлари ва бошқа савобли амалларига суяниб қолмаслиги.
  4. Инсон ўз тоат-ибодатлари ва бошқа солиҳ амаллари билан мағрурланмаслиги.
  5. Дин арконларини бажаришда тўғри бўлиш.
  6. Ибодатларни бажаришда ҳаддан ошмаслик.
  7. Дин арконларини бажаришда мўътадил бўлиш ҳамда бу борада аҳли илм билан маслаҳатлашиб туриш.
  8. Инсон ҳар қандай ҳолати – хоҳ у солиҳ хоҳ у фожир ҳолатида бўлсин ўлимни орзу қилмаслиги.
  9. Берилган ҳаётдан унумли, тўғри фойдаланиш.

 

Қобилов Н.С
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

 

[1] Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил. “Саҳиҳи Бухорий”, “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”, Т.: 2008. 2-жуз.  –Б 334.
[2] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Аъроф сураси,156-оят таржимаси.
[3] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Зумар сураси, 53-оят таржимаси.
[4] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Бақара сураси, 143-оят таржимаси.
[5] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. “Ўзбекистон милий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008.  2-китоб.  –Б 444
[6]Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004.  Нисо сураси, 78-оят таржимаси.
[7] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Мулк сураси, 2-оят таржимаси.

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …