Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИДА ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ

ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ МАРКАЗИДА ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ

2019 йил 7 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида АҚШ Тинчлик институти томонидан “Диний бағрикенглик, зўровон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда Марказий Осиё ҳамкорлигини кучайтириш” мавзусида халқаро конференцияда ташкил этилди.

Конференцияда Ўзбекистон Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, ва АҚШ давлатларидан  60 нафарга яқин хорижий экспертлар, исломшунос олимлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этишди.

Халқаро тадбир иштирокчиларини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида марказ директори Ш.Зиёдов ва илмий ходимлар кутиб олди. Меҳмонлар дастлаб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази музей экспонатлари, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли қўлёзма ва тошбосма асарлари билан яқиндан танишди ҳамда ушбу ноёб асарларга ва Имом Бухорий ҳаёти ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларга юқори баҳо берди. Шундан сўнг меҳмонлар Марказ конференциялар залига таклиф этилди.

Конференцияни АҚШ тинчлик институти Марказий Осиё уюшмаси аъзоси Гевин Хэлф ҳамда мазкур институт катта ходими Бармак Пажвак, шунингдек, “Минтақавий мулоқот” ташкилотининг Словениядаги филилали катта маслаҳатчиси Мьюша Север  олиб борди.

Дастлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов сўзга чиқиб йиғилишни очиб берди ва ушбу Марказнинг ташкил этилиши тарихи, илмий ходимлар учун яратилган шароитлар, хорижий илмий-тадқиқот муасасалари билан алоқалари, эришилган келишувлар ва ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтди. АҚШ тинчлик институтининг Марказий Осиё ва Афғонистон дастурлари бўйича директори сўзга чиқиб, АҚШ Тинчлик институти экспертлари Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй ҳаракатларини, ҳамда ҳукуматнинг экстремизмга қарши кураш, диний бағрикенгликни ва ислом динини тарғиб этиш борасидаги сиёсатини юқори баҳолади.

Шундан сўнг Конференция кун тартибига мувофиқ навбати билан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистонликлик экспертларга сўз берилди.

Эътироф этиш жоизки, ҳар бир давлат вакиллари Ўзбекистонда унинг Президенти томонидан сўнгги йилларда хорижий мамалакатлар билан ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолашларини таъкидлаб ўтишди.

“Айниқса, Давлатингиз раҳбарининг сўнгги йилларда диний-маърифий соҳага қаратаётган эътибори, Ислом дини нуфузини янада ошириш борасида олиб бораётган ишлари Қозоғистонликларни ҳам бирдек қувонтирди” дейди Қозоғистонлик эксперт Айнур Абдиразик қизи.

“Мазкур халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилганлиги биз Марказий Осиёликларни бирдек қувонтиради ва бир мақсад йўлида бирлаштиради. Биз қирғизистонликлар араб давлатларига борсак Қирғизистонданман, Тожикистонданман десак ҳеч ким танимайди ва билмайди. Бухородан, Самарқанддан десак ҳамма билади. Азалдан Самарқанд, Бухоро улуғ алломалар юрти бўлган, ислом дини ҳам тараққий этган, қирғизистоннинг дин пешволари мустақилликка қадар Бухоронинг Мир Араб мадрасаси ва Тошкентдаги диний муассасаларда таҳсил олган” деди Қирғизистонлик эксперт Зайир Эргашев.

Шунингдек, яна бир қозоғистонлик эксперт Айгул Садвокасова “Биз марказий осиёликлар мустақилликдан сўнг 25 йил давомида ўзимизни англаш устида иш олиб бордик ва бугун биз ўзимизни, ўзлигимизни англаб етдик. Яъни биз марказий осиёлик қардош халқлар биргаликда ҳаракат қилсак ҳар соҳада катта марраларни забт этишимиз мумкинлигини англаб етдик. Бу жараёнларда Ўзбекистон Президентининг ташаббускорлигини ҳам алоҳида эътироф этаман” деди.

Бундан ташқари, Тожикистон Республикасидан келган экспертлар хусусан, Шерали Ризоён экстремизим ва радикализмга қарши курашда эътибор қаратиш лозим жиҳатлар хусусида гапириб, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТнинг 72-сессиясида таъкидлаганидек, бу иллатларга қарши курашда қурол билан эмас, балки “Жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш лозимлиги ҳақидаги ташаббуси барча марказий осиёликларни хусусан, тожикистонликларни қувонтириб юборди. Мазкур иллатларга қарши курашда тарғибот ишларини ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида ҳам кучайтиришимиз керак” деди.

Конференцияда шунингдек, Афғонистонлик эксперт Аҳмад Фаҳим Ҳаким сўзга чиқиб, “Афғонистонда тинчликни сақлаш борасида Ўзбекистон томонидан  кўрсатилаётган ташаббус ва олиб борилаётган ишлар учун биз ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Бу иллатларга қарши курашда қардош халқларимизни ҳамкорликка чақирамиз” деди. Шунингдек у Марказ қўлёзмалар фонди билан яқиндан танишиб, Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли ноёб қўлёзма ва тошбосма асарларига юқори баҳо берди ва ушбу асарларнинг шу кунгача жуда яхши ҳолатда сақланганлигини ҳамда қўлёзмаларни сақлаш учун  Марказда барча шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлади.

Конференция иштирокчилари АҚШ Тинчлик институти вакилларининг Марказий Осиё мамлакатлари тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Мулоқот якунида томонларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди, билдирилган фикр ва таклифлар асосида истиқболдаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди. 

ИБХИТМ матбуот хизмати

Check Also

Президент Шавкат Мирзиёев: Ислом цивилизацияси маркази илмий фундаментал база бўлиши лозим

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили июнда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази қурилишига рамзий тамал тоши қўйган …