Home / МАҚОЛАЛАР / Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ва унинг “Бадъул амолий” асари

Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ва унинг “Бадъул амолий” асари

Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ мотуридия мазҳабидаги машҳур уламолардан ҳисобланади. Манбаларда Фарғоний, Ҳанафий, Мотуридий дея эътироф этилган ушбу зотнинг исми шарифи Сирожиддин Абулҳасан Али ибн Усмон Ўший бўлиб, ўша вақтларда Фарғона ўлкасига қарашли бўлган Ўш шаҳрида ҳижрий беш юзинчи йиллар атрофида туғилган. Туғилган йили аниқ эмас. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб илмлар бўйича пешқадам олим бўлиб, бу зотнинг асарларида назмий услуб алоҳида ўрин тутган. Манбаларда бу зотнинг шайх, имом, қози каби унвонлари айтилган. Илм даражаларининг юқори бўлгани ёзган асарларидан ҳам билиниб туради. Бу зотнинг турли мавзуларга оид кўплаб асарлари бўлган:

  1. “Фатовои Сирожия” (Сирожиддиннинг фатволари). Бу асар кўплаб фиқҳий мушкул масалаларнинг ечимига бағишланган ҳанафий мазҳабига оид муҳим китоб ҳисобланади.
  2. “Ғурорул ахбар ва дурорул ашъар” (танланган хабарлар ва дурдона шеърлар). Бу асарда асосан Аллоҳнинг азобидан қўрқитиш ва раҳматидан умидвор қилиш маъносидаги турли мавзуларга оид мингта ҳадис жамланган. Бу асардаги ҳадислар “Саҳиҳул Бухорий”, “Жомеъут Термизий” ва “Фирдавсул ахбор” каби китоблардан саралаб олинган.
  3. “Нисобул ахбар литазкиротил ахёр фи аҳадиси Набийил мухтор” (“Ихтиёр қилинган Пайғамбарнинг ҳадислари тўғрисида” яхши кишиларга билдириш йўлидаги хабарларнинг асоси). Бу китоб “Ғурорул ахбар ва дурорул ашъар” китобининг мухтасари, яъни, ундан қисқартириб олинган китоб ҳисобланади.
  4. “Савоқибул ахбар” (ўткир хабарлар).
  5. “Мухталафур ривая” (ривоятларнинг турлари). Бу китоб Абу Ҳафс Умар Насафийнинг “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума) асари шарҳи бўлиб, ўнта бобга ажратилган. Биринчи бобда Имом Аъзамнинг қавли, иккинчи бобда имом Абу Юсуфнинг қавли, учинчи бобда имом Муҳаммаднинг қавли, тўртинчи бобда имом Аъзам ва имом Абу Юсуфларнинг қавли, бешинчи бобда имом Аъзам ва имом Муҳаммадларнинг қавли, олтинчи бобда имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадларнинг қавли, еттинчи бобда барчаларининг қавли, саккизинчи бобда имом Зуфарнинг қавли, тўққизинчи бобда имом Шофеъийнинг қавли ва ўнинчи бобда имом Моликнинг қавли жамланган. Уламолар бу асарнинг байтлари икки минг олти юз олтмиш тўққизта, деганлар.
  6. “Бадъул амолий” (қалбдан ёзишлар муқаддимаси). Ушбу асар “Яқулул абду” ва “Қасидатул ломия” номлари билан ҳам машҳур бўлган. “Яқулул абду” номи асарнинг биринчи байти туфайли тарқалган бўлса, мисралари лом ҳарфи билан тугалланиб ёзилгани учун “Қасидатул ломия”, яъни “Ломлик қасида” деб ҳам номланган. Асар қисқа бўлишига қарамасдан, ундаги эътиқодий масалалар мотуридия мазҳабига кўра лўнда тарзда баён этилган, кенг қамровли асар ҳисобланади. “Бадъул амолий” асари ҳижрий 569 йилда ёзиб тугалланган.

Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг қачон вафот этгани ҳақида икки хил машҳур қараш мавжуд:

  1. Ҳижрий 569 йилда.
  2. Ҳижрий 575 йилда.

Кўпчилик уламолар Ўший раҳматуллоҳи алайҳни ҳижрий 575 йилда вабо касалига чалиниб вафот этган, дейишган.

“Бадъул амолий” асарининг турли нусхалари орасида кам бўлса-да баъзи фарқлар мавжуд. Мулла Али Қорининг “Зовъул маолий” шарҳида ҳам, “Туҳфатул аолий”да ҳам, Ҳумайдийнинг “Амолий таржимаси” асарида ҳам бир хил 68 та байт келтирилган. Абу Бакр Аҳмад Розийнинг шарҳида эса 60 та байт келтирилган. Асарнинг асосий маълумотлари 60 та байтда баён қилинган бўлиб, қолганларида ўқувчиларга насиҳатлар ва дуолар ўрин олган. Ушбу асарни таҳқиқ қилган баъзи уламолар унинг байтлари етмиш учта эканини айтганлар. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзма нусха ҳам ушбу асарнинг байтлари аслида етмиш учта бўлганини тасдиқлайди. Ушбу қўлёзма нусхада “Бадъул амолий” асарининг юқорида зикр қилинган асарларда йўқ бўлган олтита матн келтирилган. Бу матнлар кириш қисмига тааллуқли бўлиб, асосан ҳамду саноларни ўз ичига олган. Ушбу нусхада мазкур ҳамду сано ва салавоту саломлардан сўнг бошқа нусхаларда биринчи келган يقول العبدматни бошланган. Бу олтита матннинг нима учун кўплаб машҳур нусхаларга кирмай қолгани сабаби ҳозирча маълум эмас. “Бадъул амолий”нинг аҳли илмларни доимо ўзига жалб қилиб келган ажойиб асар экани унга ёзилган шарҳларнинг кўплигидан ҳам билиниб туради. Саккиз юз йилдан ортиқ вақт давомида матнлари ёд олиниб, маъноларига эътиқод қилиб келинаётган ушбу асарга кўплаб шарҳлар битилган. Турли асрларда битилган шарҳларининг баъзилари қуйидагилардир:

  1. Халил ибн Ало Нажорий, Яманийнинг “Нафисур риёз ли иъдамил амроз” (“эътиқоддаги” касалликларни кетказиш йўлидаги кўркам чаманзорлар) асари.
  2. Изуддин Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Жамоанинг “Матлаул мисал фи ақоидил исламия ва манбаул камал фи масаилил каламия фи шарҳи қасидатил ломия” (“Ломлик қасида” шарҳидаги Ислом ақидасининг намунавий пиллапояси ва калом масалаларидаги баркамоллик манбаси) асари. Мулла Али Қори “Зовъул маолий”да ушбу китобдан кўп иқтибос келтирган.
  3. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ғозий, Темиртоший, Ҳанафийнинг “Фаваидул марзия фи шарҳи қасидатил ломия” (“Ломлик қасида” шарҳидаги маъқулланган мазмунлар) асари.
  4. Мулла Али Қорининг “Зовъул маолий либадъил амалий” (“Бадъул амолий”нинг улуғворлик ёғдуси) асари. Ушбу шарҳ “Бадъул амолий”нинг энг мўътабар шарҳларидан бири бўлиб, муаллифи уни “Фиқҳул акбар”нинг шарҳини тамомлаганидан сўнг, алоҳида эҳтимом билан ёзган.
  5. Муҳаққиқлар гуруҳининг “Туҳфатул аолий” (Улуғлар туҳфаси) асари. Ушбу китоб баъзи муҳаққиқ олимлар томонидан Мулла Али Қорининг “Зовъул маолий” асарига ҳошия қилиб битилган. Ҳижрий 1164 йилда ёзилган.
  6. Ҳусайн ибн Иброҳим ибн Ҳамза ибн Халилнинг “Лаоли фи шарҳи бадъил амоли” (“Бадъул амолий” шарҳи ҳақида дурлар) асари.
  7. Исмоил ибн Абдулбоқий ибн Исмоил Язижий Ҳанафий Дамашқийнинг “Зовъул лаолий шарҳу бадъил амолий” асари.
  8. Қози Шайх Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Канъоннинг “Жамиъул Лаолий шарҳу бадъил амолий” асари. Бу асар ҳижрий 1429 йил (милодий 2008 йил) Робиъул охир ойининг 20-куни ёзилган. Булардан бошқа ҳам кўплаб шарҳлар ёзилган.
А. Шоназаров
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …