Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Марказга Шайху-л-ислом Муҳаммад Тақий Усмоний Ҳафизаҳуллоҳнинг ташрифи

Марказга Шайху-л-ислом Муҳаммад Тақий Усмоний Ҳафизаҳуллоҳнинг ташрифи

Мамлакатимизда кейинги йилларда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар нафақат ҳамюртларимиз балки жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.

Шунинг учун ҳам Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига сўнгги вақтларда маҳаллий зиёратчилардан ташқари хорижий меҳмонлар ташрифи ҳам тобора ортмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси ўртасида тузилган Йўл харитасига биноан Ўзбекистон ва Покистон уламолари ўртасида илмий–амалий алоқаларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шунга асосан жорий йилнинг 16 апрел куни Марказга Покистонлик улуғ уламо Шайх-ул ислом Муҳаммад Тақий Усмоний Ҳафизаҳуллоҳ ташриф буюрди. Муҳаммад Тақий Усмоний йирик ислом уламоларидан бири бўлиб, у БАА, Баҳрайн, Буюк Британия, АҚШ, Австралия каби давлатларда илмий сафарларда бўлган.

Халқаро меҳмонларни Марказ директори ўринбосари доктор (PhD) Ш.Умаров ва халқаро алоқалар бўлими илмий ходими А.Мамадалиев кутиб олди. Нуфузли меҳмонларга Самарқанд вилояти бош имом хатиби З.Эшонқулов ҳамроҳлик қилди. Дастлаб Ш. Умаров халқаро меҳмонларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти тўғрисида маълумотлар берди.

Шундан сўнг Марказ конференциялар залида халқаро меҳмонлар ва илмий ходимлар, диний соҳа вакиллари ўртасида тадбир давра суҳбати тарзида ташкил этилди. Тадбирда муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан Самарқандда ташкил этилган Ҳадис ва Калом илми мактаблари тингловчилари ҳам иштирок этди. Илмий–амалий учрашувни юксак мартабали меҳмон Шайх-ул ислом Муҳаммад Тақий Усмоний Ҳафизаҳуллоҳ ва унинг ҳамроҳлари Имом Бухорийнинг “Сулосиёт” китобини ҳадис иснодлари билан ўқиб берди ва ҳадис иснодини билиш буюк илм эканлиги ҳақида маъруза қилди. Шайх-ул ислом ушбу маскан ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, Марказ ўз фаолиятини бошлагани билан барчани муборакбод этди. Муҳаммад Тақий Усмоний “Аввало шуни таъкидлаб ўтишим лозимки, муҳтарам Президентингиз Ш.Мирзиёевнинг мамлакатингизда муқаддас ислом динига, буюк муҳаддис Имом Бухорийга ва улуғ аждодларингизга ҳурмати тимсолида ушбу Марказ ва Ҳадис илми мактабини бунёд эттирганини кўриб бениҳоя у кишига янада ҳурматимиз ошди. Мана шу илмий масканда худди Имом Бухорий давридагидек ҳадис илми мактаби ва илмий муҳитни шаклланишига ва равнақ топишига ишонаман” деб таъкидлади ва муҳтарам Президентимиз ҳаққига дуолар қилди. Шайх-ул ислом Муҳаммад Тақий Усмоний Марказда фаолият юритаётган ходимларга буюк муҳаддис Имом Бухорийдек юксак фазилатли, гўзал хулқли, илм-маърифатли, сабр-матонатли ва шижоатли бўлишлигини тилаб, келгусидаги илмий фаолиятларида омадлар тилади.

Меҳмонлар буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг қолдирган бой илмий мероси у улуғ зотнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этишга ундашини таъкидлади.

Тадбир якунида Шайх-ул ислом Муҳаммад Тақий Усмоний Марказ кутубхонасига бир нечта ҳадис илмига доир нодир китобларни совға қилди. Муҳаддис: “Имом Бухорий араб эмас эди, ажамлардан бўлиб ҳадис илмида бутун дунёни лол қолдирди “Саҳиҳ ал-Бухорий” асари Қуръони каримдан кейинги китоб даражасига кўтарилди. Бу Имом Бухорийнинг буюк меҳнати, тақвоси ва ихлосининг самараси бўлган” деди.

Марказ жамоаси ва меҳмонлар келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва илмий–амалий алоқаларни изчил давом эттириш тўғрисида келишиб олишди. Марказ раҳбарияти нуфузли меҳмонларга ташриф учун ўз миннатдорчилигини билдирди. 

Диний-маърифий тадбирлар
бўлими илмий ходими:
Ж. Жумаев

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …