Home / МАҚОЛАЛАР / Давлат ва дин, виждон эркинлигининг хуқуқий асослари

Давлат ва дин, виждон эркинлигининг хуқуқий асослари

  Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар масаласи ижтимоий ҳаётда ҳар доим муҳим ва мураккаб масала бўлиб келган. Бинобарин, унинг замирида шахснинг ҳуқуқи, демократия, адолатпарварлик ва инсонпарварлик каби катта ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва ахлоқий тушунчалар ётади. Виждон эркинлиги кишиларнинг руҳий оламига, унинг соғлом ва баркамоллигига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис бу масаланинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва бажарадиган вазифалари ғоят муҳим. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг уставидан тортиб барча халқаро ҳужжат ва шартномаларда, ҳамма мамлакатларнинг конституция ва қонунларида виждон эркинлиги ўз ифодасини топган. 1948 йилда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари умумий Декларациясига мувофиқ ҳар бир инсон фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини, ўз дини ёки эътиқодига ўзича, шунингдек, бошқалар билан биргаликда амал қилиш кафолатини, ибодат қилишда ва диний маросимларда якка тартибда ёки одамлар орасида бирга қатнашиш эркинлигини ўз ичига олади.

Бундан ташқари бу масала яна бир мураккаб ҳодиса – турли дунёқараш, эътиқодда бўлган кишилар ўртасидаги, давлат билан дин, диний ташкилотлар билан давлат ўртасидаги муносабатларнинг амалда ҳуқуқий таъминланишини ҳам назарда тутади. Зеро, одамлар доим турли дунёқараш ва эътиқод билан яшаганлар ва яшайдилар. Ҳар кимнинг ўз ички дунёси, ўз эътиқоди бўлади.

Виждон эркинлиги қандайдир бир мавҳум тушунча эмас, у маълум ижтимоий вазиятда албатта намоён бўлади. Шунинг учун уни конкрет тарихий, ижтимоий шароитсиз, объектив ва субъектив омилларсиз тасаввур қилиш қийин. Бундан ташқари «виждон эркинлиги» тушунчасини илмий талқин қилишда миллий, мафкуравий ва маданий омилларни ҳам албатта назарда тутиш керак.

Шу жиҳатдан 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳар бир фуқаро учун виждон эркинлиги ҳуқуқининг кафолатланиши табиий ҳолдир. Яна бир муҳим томони – кейинги йилларда давлат билан диний ташкилотлар ўртасидаги ўзаро муносабатларда салмоқли ўзгаришлар содир бўлмоқда. Диннинг жамиятдаги ўрни тикланмоқда. Диний уюшма ва ташкилотларнинг фаолият кўрсатишларига имконият яратилмоқда. Қатор тарихий обидалар диний ташкилотлар ихтиёрига ўтказилди, янги масжидлар очилмоқда. Диний ташкилотларнинг халқаро алоқалари кун сайин кенгайиб бормоқда.

Мустақиллик йилларида виждон эркинлиги принципларини тиклаш ва унга оғишмай амал қилиш давр, кундалик ҳаёт талаби ва заруриятига айланиб қолди. 1991 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди. 1998 йилда бу қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниб, 15 май куни матбуотда эълон қилинди ва шу кундан эътиборан кучга кирди.

Мазкур қонун 23 моддадан иборат. Унинг 1-моддасида ушбу қонуннинг мақсади нималардан иборат эканлиги очиқ ва равшан баён этилган: «Ушбу қонуннинг мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъи назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек, диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб туришдан иборат».

Қонуннинг 3-моддаси виждон эркинлиги ҳуқуқи ҳақида бўлиб, унда ҳар бир фуқаро динга муносабатини ўзи мустақил аниқлаши, у ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги ва бу ҳуқуқ эса Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси томонидан кафолатланажаги таъкидланди.

4-моддада фуқароларнинг динга муносабатларидан қатъи назар, тенг ҳуқуқлилиги ҳақида сўз боради. Расмий ҳужжатларда фуқаронинг динга муносабати кўрсатилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланади.

Виждон эркинлиги ҳақидаги Қонуннинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикасида дин ва диний ташкилотлар давлатдан ажратилганлиги кўрсатилган. Бу дегани давлат диний масалалар билан шуғулланмайди, диний ташкилот ва диний бошқарма ишларига аралашмайди. Дин ва диний ташкилотлар ҳам давлат ишларига аралашмаслиги лозим. Лекин диний ташкилотлар жамоат ишларида иштирок этиш ҳуқуқига эгалар.

Шунингдек, мазкур моддада давлат турли диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлаши, конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга, хусусан, бир диний конфессиядаги диндорни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатларга, миссионерликка йўл қўймаслиги таъкидланган.

Диний ташкилотларга Ўзбекистон Республикасида диний ҳарактерга эга бўлган партиялар тузиш, республикадан ташқаридаги диний партияларнинг бўлим ёки филиалларини очиш ман этилади.

Диндан давлатга ва Конституцияга қарши тарғибот олиб боришда, душманлик, нафрат, миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, бўҳтон, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатишда, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришда ҳамда давлатга, жамият ва шахсга қарши қаратилган бошқа хатти-ҳаракатларда фойдаланишга йўл қўйилмайди. Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек, бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг бундай фаолиятлари тақиқланади.

Фуқаролар динга бўлган муносабатларидан қатъи назар, таълимнинг хилма-хил турлари ва даражаларини эгаллаши мумкин. Қонуннинг 9-моддасида кўрсатилишича, диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари руҳонийларни ва ўзларига зарур бўлган диний ходимларни тайёрлаш учун диний ўқув юртлари тузишга ҳақли. Диний ўқув юртлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилиб, тегишли лицензия олганидан кейин фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Олий ва ўрта диний ўқув юртларида таълим олиш учун фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ умумий мажбурий ўрта таълим олганидан кейин қабул қилинади.

Диний таълим берувчилар махсус диний маълумоти бор кишилар бўлиб, болаларни ўқитиш учун диний бошқарманинг ёки марказнинг рухсатномасига эга бўлиши керак. Хусусий диний таълим беришга йўл қўйилмайди. Бу қонун-қоидаларни бузганлар қонун олдида жавобгардирлар.

Диний ташкилотлар диний таълим олиш учун фуқароларни чет элга юборишлари ва чет эл фуқароларини таълим олиш учун қабул қилишлари мумкин.

 

Исроилов Шухратилла
Учқўрғон тумани “Муҳаммад Зариф” жомеъ
масжиди имом хатиби

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …