Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-Муфрад” асари асосида оммавий маданиятга қарши маърифий курашиш

Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-Муфрад” асари асосида оммавий маданиятга қарши маърифий курашиш

Хозирги даврда жахонда глобаллашув жараёнлари кундалик ҳаётимизга тез суръатлар билан ҳамма соҳаларда кириб келиши ижтимоий, сиёсий ва иктисодий тараққиётимизда давлатлар, минтақалараро боғланишимизда ижобий таъсир кўрсатаётган бўлсада, лекин иккинчи томондан бу жараён хозирги шароитда мафкуравий таъсир кўрсатишнинг ўткир қуролига айланиб бормоқда. Бу эса Ғарбдаги ҳар-хил сиёсий кучларнинг манфаатларига хизмат қилиб “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий беҳаёлик, ўзини бошқалардан юқори қўйиш, ўта кетган худбинлик ғояларини тарқатишни мақсад қилиб қўйиб бошқа халқларнинг шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам кўп минг йиллик маънавий, маданий ва диний қадриятларига беписандлик қилиб, улардан воз кечишга ундамоқда. Аслида “оммавий маданият” соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларга ҳам тўғри келмайди. Хусусан, бизнинг заминимизда туғилиб ўсган, жаҳон маданияти ва цивилизатсиясига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний ва бошқа кўплаб буюк аждодларимиз қолдирган мерос бугун ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Халқимизнинг гўзал маънавий қадриятларга йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё каби тушунчалари ҳаётимизга сингиб кетган. Айниқса, ота-онага ҳурмат, аёлга эҳтиром, мардлик ва жасурлик сингари туйғуларимиз бутун дунё халқларини ром этиб келади.

Буюк муҳаддис бобомиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” (“Адаб дурдоналари”) асари ҳаётимизда жуда зарур бўладиган одоб-ахлоққа доир ҳадислар тўпламидир. “Ал-Адаб ал-муфрад” китобининг номидан билиниб турибдики, бу китобнинг ўзи одоб-ахлоқ, таълим-тарбия ҳақидадир.

Асарда ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Асарда келтирилган ҳадисларда инсоннинг камолга етиши учун талаб этиладиган инсоний фазилатлар акс эттирилган бўлиб, булар меҳр-оқибат кўрсатиш, сахийлик, очиқ кўнгиллилик, ота-она ва катталарга, қариндошларга ғамхўрлик, ҳурмат, фақир-бечораларга мурувват, ватанга муҳаббат, меҳнат ва касб-ҳунарни улуғлаш, ҳалоллик, поклик, ўзаро дўст, тинч-тотув бўлиш ва бошқалардан иборатдир.

Бундан ташқари, инсоннинг ўзини қанақа бўлмасин ёмон иллатлардан тийиш, ҳар қандай яхшилик сари интилиш кераклиги борасидаги панд-насиҳатлар ҳам ўз ифодасини топганки, буларнинг барчаси Қуръони карим кўрсатмаларидан келиб чиқади ва комил инсонни шакллантириш мезони саналади.

Ҳадисларда инсоннинг маънавий камолоти мезони, унинг тафаккур доираси, дунёқарашининг кенглиги, илмий билимларни қай даражада эгаллагани, ўз билими билан атрофдагиларга, жамиятга фойда келтирувчи шахс бўлиб етишишида муҳим омил – чиройли хулқли бўлиш деб кўрсатилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу унҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ сизлардан уч нарсага рози бўлади ва уч нарсага ғазаб қилади: Унинг ўзигагина ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигингизга ва Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутишингизга, ҳамда Аллоҳ ишингизга бошлиқ қилиб қўйганларга насиҳатлашишингизга рози бўлади. Бўлар-бўлмас гапни нақл қилишиб юрмоғингизга, кўп савол бераверишингизга ва молни ноўрин ерларга сарф қилиб зое қилмоғингизга ғазабланади”, дедилар”[1]. Бу ҳадисдаги Аллоҳнинг ғазаби бўлар-бўлмас гапларни, номаъқул сўзларни сўзлаш, молу дунёсини бекорга баданига расм чиздирибми, фаҳш ишлар билан шуғулланибми ёки ақлини кетказадиган моддаларга сарфлаб зоя кетказишга ўхшаган, инсоният табиатига тўғри келмайдиган, ўзларининг тили билан айтганда “юксак маданият”га ўхшаган нарсаларга бўлиши ҳам ифодаланган.

Ибн Аббос розияллоҳу унҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги уйларининг олдида ўтирган эдилар. Усмон ибн Мазъун ўтиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга тишини кўрсатиб табассум қилди. Шунда унга: “Ўтирмайсанми?” – дедилар. Усмон ибн Мазъун: “Хўп”, – деб ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг рўпарасига ўтирдилар. Унга гапираётиб кўзларини осмонга тикдилар ва: “Ҳозиргина сен ўтирган вақтда Аллоҳнинг элчиси (Жаброил) менинг ёнимга келди”, дедилар. Усмон: “У нима деди сизга?” – деб сўради. Расулуллоҳ: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этди ва фаҳшу мункар ҳамда тажовуз (адолатни бузиш)дан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки эсласангиз”, деб ўша оятни ўқидилар. Усмон: “Бу қалбимда имон ўрнашиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қолганимда рўй берган эди”, деди”[2]. Ушбу ҳадисда кўриниб турибдики, фаҳш ва шунга ўхшаш ишлар, шунингдек, адолатни бузадиган ишлардан қайтарган. Ўша маданият аҳлиданмиз дейдиганлар адолат мезонини бузаётганларини билишмайди.

Ибн Аббос розияллоҳу унҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сурат чизса, унга жон пуфлаш таклиф қилинади ва азобланади. Унга пуфлай олмайди. Ким ўзи кўрмаган тушни ёлғондан тўқиб айтса, унга иккита сочни улаш таклиф қилинади ва азобланади. Иккисининг орасини улай олмайди. Ким ундан қочадиган қавмнинг гапига қулоқ осса, икки қулоғига қўрғошин қуйилади”, дедилар”[3]. Бу ишлар Ислом маданиятига ҳам, халқимиз қадриятларига ҳам тўғри келмайди. Бундай номаъқул амаллар оммавий маданиятнинг ишларидандир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу унҳу айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг ёмонлари бекорчи, ножўя гапларни тинмай жавраганидир, умматимнинг яхшилари эса энг гўзал хулқлиларидир”, дедилар”[4]. Бекорчи, беҳуда гап сотиб инсониятнинг энг ёмони бўлиб қолишдан сақланишимиз лозим. Ўз ахлоқимиз билан инсониятнинг энг яхшиси бўлишимизга ҳаракат қилишимиз керак.

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Албатта, ҳаё билан имон бир-бирига қўшилган. Бири кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилади”, дедилар[5]. Ҳаёси кетган одамнинг имони, имони кетган одамнинг ҳаёси кўтарилади. Имонли киши ҳаёли бўлиши мумкин. Оммавий маданият кўчасига кирганларнинг ҳаёси қоладимикан, балки шу ҳаёсизлиги имонини ҳам кетказиб қўяди. Ўзини мусулмон деган киши ҳеч қачон ахлоқсизлик қилишга йўл қўймасликка ҳаракат қилиши лозим.

Умуман, инсоният – одамзоти борки, бу дунёга беҳудаю бекорга келган эмас. Аллоҳ таоло ҳам бу маънони таъкидлаб: “Инсон ўзининг (бу дунё ҳаётига) ташлаб қўйилган деб ўйлайдими?[6]. Йўқ ундай эмас, албатта инсон бу дунёга синов имтиҳон учун келади. Бу синов ва имтиҳонлар ибодат, яхши амаллар энг гўзал одоб ва аҳлоқлар орқали намоён бўлади.

Одоб-ахлоқнинг аввали илм бўлиб, у орқали инсон зоти ўзини Роббисини, пайғамбарими ва пайғамбарининг хулқ атворларини, одобини ўрганиб ўзининг ҳаётида татбиқ, этган инсон қиёмат кунига Роббисининг ризосига Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига муаяссар бўлади ва шу билан бирга бу дунёда Аллоҳ таоло у инсонни азизу мукаррам қилиб қуяди.

Зеро, ҳар бир мусулмон инсон борки, ўзига чиройли одобни, ахлоқни лозим тутса, икки дунё бахту-саодатига мушарраф бўлади. Мана шундай асарларни мутоала қилиб, инсон ўзи қандай ҳаёт кечириши лозимлигини англаб етайлик.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Қ. Маҳмудов

[1]Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-адабу-л-муфрад. Байрут. Дору-л-башоири-л-исломия, 1989. –Б.158.
[2]Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-адабу-л-муфрад. Байрут. Дору-л-башоири-л-исломия, 1989. –Б.307.
[3]Ўша асар. –Б.397.
[4]Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-адабу-л-муфрад. Байрут. Дору-л-башоири-л-исломия, 1989. –Б.443.
[5]Ўша асар. –Б.445.
[6]Қиёмат сураси: 36-оят мазмуни.

 

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …