Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари делегациясини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Қарқовий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда бўлиб турган нуфузли делегацияни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг изчил ривожланиб бораётганига юксак баҳо берди.

Жорий йилнинг март ойида Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида бўлиб ўтган олий даражадаги сермаҳсул учрашувлар икки давлат ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда янги босқични бошлаб бергани қайд этилди.

Ташриф якунида муҳим келишувларга эришилди, жумладан, иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд истиқболли инвестиция лойиҳалари бўйича салмоқли икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди. Уларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда тегишли “Йўл харитаси” қабул қилинди.

Бугунги суҳбат давомида давлат ташкилотлари, илмий марказлар, етакчи компания ва корхоналар, банк-молия институтлари даражасида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Бирлашган Араб Амирликларининг давлат бошқаруви ва инновацион ривожланиш соҳасидаги илғор тажрибани жорий этишда ўзаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатларимиз экспертлари ҳамкорлигида устувор йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

Вазир самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди ҳамда БАА Президенти Шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва БАА Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Муҳаммад ал-Қарқовий Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолаб, Бирлашган Араб Амирликлари раҳбариятининг мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш борасидаги интилиши қатъий эканини билдирди.

Манба: prezident.uz

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …