Home / ЯНГИЛИКЛАР / Халқаро ислом академиясида «ҳадиси шариф билимдони» интеллектуал мусобақаси ўтказилди

Халқаро ислом академиясида «ҳадиси шариф билимдони» интеллектуал мусобақаси ўтказилди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 2019 йил учинчи апрелда ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш, эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга ундовчи ҳадисларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш мақсадида, “Ҳадиси шариф билимдони” деб номланган интеллектуал мусобақа ўтказилди.

Ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш, ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни тарғиб этиш ҳамда талаба-ёшларнинг ҳадис илмини қай даражада ўзлаштираётганини рўй-рост синовдан ўтказган ушбу мусобақада Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Исломшунослик факультети талабаларидан иборат олти жамоа иштирок этди.

Мусобақани очиб берган академия ректори, профессор Шуҳрат Ёвқочев талабалар ва мусобақа мухлисларини қутлар экан ушбу мусобақадан кўзланган мақсад ва ҳадис илмининг исломшунослик соҳасидаги муҳим ўрни тўғрисида тўхталиб жумладан шундай деди:

– Юртимиз Ислом оламига улкан муҳаддисларни, муфассирларни, фиқҳшунос ва мутафаккирларни берган муборак диёрдир. Ўйлайманки, бу ватан фарзандлари бугун ҳам дунё олимлари орасида ўз ўрнига эга. Шундай экан, Сиз азиз талабалар илмга рағбат этишингиз, дунё тан олган улуғ муҳаддис аждодларингизга муносиб бўлган ҳолда ҳадис илмини пухта эгаллашингиз лозим. Зеро ҳадиси шарифда «Аввало олим бўл, лоақал илм олувчи ёки уларни севувчи бўл ёки уларга эргашувчи бўл», дея таъкидланади.

Бугунги мусобақа эса Сизни бу йўлда илҳомлантирувчи, ўзаро гўзал бир рақобат муҳитини юзага келтирувчи омиллардан бири бўлиб қолсин.

Шундан сўнг академиянинг Исломшунослик факультети, Исломшунослик йўналиши талабаси – Қуръон ҳофизи Абдулҳодий Самийевнинг барчани ром этган Қуръон тиловати билан ўз ишини бошлаган ҳакамлар ҳайъати “Тарихи Муҳаммадий” асари бўйича саволларга жавоблар, ҳар бир иштирокчига берилган ўн саволга тезкор жавоб, Имом Нававийнинг “40 ҳадис” китобидан келтирилган ҳадисларни давом эттириш ва таржимасини айтиб бериш ҳамда “ҳадислар занжири”ни узвий давом эттириш каби шартлар билан ғолибларни саралашди.

Унга кўра, “Ҳадис билимдонлари” жамоаси биринчи, “Ёш муҳаддислар” жамоаси иккинчи, “Термизий авлодлари” жамоаси эса учинчи ўринга муносиб кўрилди.

Танлов ғолиблари ва иштирокчиларига Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ва бошқа ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари, китоблар тўплами ҳамда “Ҳадиси шариф билимдони” мусобақасининг рамзий статуэткалари тақдим этилди. 

Манба: iiau.uz

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …