Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАЪРИФАТГА ЧОРЛОВЧИ МАСКАН

МАЪРИФАТГА ЧОРЛОВЧИ МАСКАН

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мамлакатимиз маънавий-маърифий тараққиётининг ҳозирги даврида, ўқувчи-ёшлар тарбиясида ижобий аҳамиятга эга масканлардан биридир.

Миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган марказ биноси фойесига киришингиз билан сизда ёрқин таассуротлар пайдо бўлади. Фойедаги жозибадор улкан гумбаз ва унинг ички томонига ёзилган Қуръони карим оятлари, марказ мазмун-моҳиятини тўлалигича ифода қилиб, маърифат масканига ташриф буюрганингизни қалбдан ҳис этасиз. Марказда ташкил этилган музейни томоша қилган киши эса ўзини руҳан енгил ҳис этиб, мавжуд манбалардан маънавий озуқа олади.

Жорий йилнинг 3 апрел куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанд вилояти Иштихон тумани халқ таълими бўлимига қарашли 28 умумтаълим мактаби ўқитувчилари, 35 нафар ўқувчи ёшлари саёҳатга келишди.

Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими С.Эргашев меҳмонларни музейга таклиф этиб, ўқувчиларга бу ерда сақланаётган нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар, ноёб экспонатлар, Марказ фаолияти ҳақида ахборот берувчи замонавий воситалар тўғрисида маълумотлар берди.

Ўқувчилар Имом Бухорийнинг музейдаги илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларни кузатиб, буюк муҳаддис бобомизнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этишга ундашини таъкидлади.

Ёш баркамол авлодни мана шундай маънавият ва маърифат масканларига саёҳатини уюштириб, долзарб мавзуларда давра суҳбатларини ташкил этиш, ўқувчиларимизни илм олишга, китобга бўлган меҳрини оширишга, аждодларга муносиб авлод бўлишга ва буюк аждодларимиздан фахрланиш туйғусини ҳис қилишга ундайди.

Ж.Жумаев
ИБХИТМ Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …