Home / ЯНГИЛИКЛАР / “Ҳаж ва Умра зиёратини самарали ташкил этиш” мавзусида брифинг

“Ҳаж ва Умра зиёратини самарали ташкил этиш” мавзусида брифинг

Фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ишлар самарадорлигини янада ошириш, зиёратларни юқори савияда ва тизимли ташкил этиш ҳамда кўрсатиладиган хизматлар нархини арзонлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 март кунида № 154-Ф Фармойиши қабул қилинди.

Унга кўра Ишчи гуруҳи тузилиб, улар жорий йилнинг 7-10 март кунлари “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини ташкил этиш механизми ва бозорларни ўрганиш мақсадида Саудия Арабистони қироллигига хизмат сафарини амалга оширишди.

Сафар давомида Ишчи гуруҳ аъзолари Макка ва Мадина шаҳарларида хизмат кўрсатувчи компаниялар томонидан тақдим этилаётган меҳмонхона, транспорт, овқатланиш ва бошқа хизматларнинг сифатига, шу жумладан таклиф этиладиган қўшимча шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратишди.

Аввал хабар қилганимиздек, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, қолаверса фуқароларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Раҳбарият кўрсатмаси ва жамоатчилик кенгаши қарори асосида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловларолиб ташланган эди. Ҳозирда ушбу йўналишдаги ишларни яна ҳам такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, сафарга отланган юртдошларимизга Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси ходимларидан иборат мутахассислар иштирокида Умра ибодатининг фазилати, уни мукаммал адо этиш, сафар давомида эътибор қаратиш керак бўлган муҳим жиҳатлар ва бошқа мавзуларда тизимли равишда ўқувлар ташкил этилмоқда.

Шу ўринда зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Зам-зам Пулман” ва Макка шаҳрида 4 юлдузли“Аброжул Кисва” меҳмонхонасида истиқомат қилишаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур меҳмонхоналарда ўзбек ошпазлари тайёрлаган тансиқ таомлар зиёратчиларга тортиқ қилинмоқда. Уларнинг соғлиқларини доимий назорат қилиш мақсадида 24 соат давомида бепул тиббий хизмат йўлга қўйилган.

Юртимиз зиёратчилари учун Мадина шаҳридаги Уҳуд тоғи, Икки қиблали масжид, Қубо масжиди ва Макка шаҳридаги Савр ва Нур тоғлари, Арафот майдони, Мино, Муздалифа водийсига саёҳатлар уюштирилмоқда. Малакали гуруҳ раҳбарлари мазкур зиёратгоҳларнинг ислом тарихидаги аҳамияти, у ерларда содир бўлган муҳим жараёнлар ҳақида атрофлича маълумот беришмоқда.

Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, 28 октябрдан ҳафтада 3 та авиақатнов амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 31 март кунидан эътиборанҳар куни биттадан авиапарвоз йўлга қўйилди. Олдинги йилларда бир йилда10 000 нафар зиёратчи Умра сафарига борган бўлса, ҳозирда фақатгина бир ойда 7000 нафарюртдошимиз муборак зиёратни адо этмоқда.

Ўтган йилнинг 28 октябрь кунидан жорий йилнинг 4 апрель кунига қадар 15 минг фуқаро Умра зиёратини адо этди. Рамазон ойигача ушбу кўрсаткич 30 мингга етиши режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад – ҳозирги кунда умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларимизнинг кўп йиллик навбатини бартараф этишдир.

Яқин кунларда ишчи гуруҳи томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ахборот тақдим этилиб, унда Ҳаж мавсумида Ҳожиларимиз учун яратилган имкониятлар,арзонлашган нархлар ва шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этамиз.

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …