Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илм-маърифатга чорловчи маънавият маскани

Илм-маърифатга чорловчи маънавият маскани

Муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан кейинги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илк бор 2016-йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида илгари сурган эди. Ўтган қисқа давр ичида иш бошлаган Марказ фаолияти билан танишиш инсонга  куч- қудрат ва завқ бағишлайди.

Нафақат юртимизда, балки бутун мусулмон дунёсида ноёб бу Марказ ислом динининг асл моҳиятини, унинг фалсафасини кенг тарғиб қилиш, илмий бойитишга салмоқли ҳисса қўшган алломаларимизнинг мероси тимсолида бунёд этилди.

Жорий йил 1 апрел куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри марказий жомеъ масжиди имоми Абраев Алижон домла бошчилигидаги 23 нафар зиёратчилар ҳамда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Исломов Исомиддин домла ташаббуси билан 25 нафар расмий масжид имом хатиблари  зиёратга келишди.

Меҳмонларни Марказ Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими С. Эргашев кутиб олди. Дастлаб меҳмонларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берди. Шундан сўнг меҳмонларни музейга таклиф этиб, музейдаги ноёб қўлёзма ва тошбосма асарлар, нодир экспонатлар ва девордаги тасвирлар билан  яқиндан таништирди.

Айниқса, меҳмонларда музейдаги замонавий ахборот берувчи воситалар ҳамда  буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий сафарлари акс эттирилган деворий суратлар катта таассурот уйғотди.

Шу билан бирга меҳмонлар Марказ кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзма ва тошбосма асарлар билан танишиб, уларни катта қизиқиш билан томоша қилдилар.

 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Диний-маърифий тадбирлар бўлими
илмий ходими: Ж. Жумаев

Check Also

ИБХИТМ ва Мармара университети ўртасида халқаро ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди

Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасида тузилган “Йўл харитаси”га биноан мамлакатлардаги илмий-тадқиқот марказлари ўртасида илмий-амалий алоқаларни …