Home / ҲАДИС / ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ, ЁМОНДАН…

ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ, ЁМОНДАН…

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Ал-адаб ал-муфрад” номли асарида Анас розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

عن أنس رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: “ إن قامت الساعة وفي يد أحدكم فسيلة، فإن استطاع ألا تَقوم حتى يَغرِسَها، فليَغرِسْها”

“Сизлардан бирортангизнинг қўлида ниҳол бўлгани ҳолда қиёмат келиб қолса, қиёмат бўлишидан олдин уни экиб олиш имкони бўлса, уни албатта экиб олсин”, – дедилар[1].

Бу дунёда инсон қўлидан келган барча эзгу ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим. Қилган хайрли ишларининг самараси эса келажакда албатта берилади. Жаннатмакон юртимизга уйғониш фасли баҳор кириб келди. Умрнинг бу онларини ғанимат билган ҳолда ҳар бир одам яхши ният билан бир дона бўлса-да, мевали дарахт ниҳолини экадиган бўлса, эртага унинг мевасидан ўзи, болалари ва атрофдагилар ҳам баҳраманд бўладилар. Эртага нима бўлишини, қиёмат қачон бўлишини ҳеч ким билмайди. Ғайб илмини фақатгина Унинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Одамлар сендан (қиёмат) соати ҳақида сўрайдилар. Сен: “Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир”, деб айтгин”, деган[2]. Яъни, Қиёмат қойим бўлиши унинг Ўзигагина маълум бўлган вақтда содир бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз динимизда кўрсатилган барча эзгу амалларни амалга ошириш ва қолганларни ҳам савобли ишлар қилишга чақиришимиз керак. Зеро, доно халқимизда яхшидан боғ, ёмондан доғ қолади, деган мақол бор.

Мазкур ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

  1. Ҳаётнинг энг сўнгги фурсатини ҳам ғанимат билиб, яхшилик қилиб қолишга тарғиб қилинмоқда.
  2. Инсон вафот этганидан сўнг савоби қиёматга қадар ўзига етиб туриши ва унинг номидан қилинган садақа бўлиб туриши учун одамларга фойдаси тегиб турадиган нарсаларни экишга тарғиб қилинмоқда.
  3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ниҳолни мисол қилиб келтирдилар. Бу дегани ўша вақтда қўлда ниҳолдан бошқа нарса бўлса, ҳеч нарса қилмасдан уни ташлаб юборсин, дегани эмас.
  4. Мусулмон одам яхши амалларни қилишда сусткашликка йўл қўймаслиги лозим.
  5. Мусулмон одам бошқаларга фойдаси тегадиган, шахсий ҳаёти ва жамияти учун фаол бўлиши лозим.
  6. Вақт масаласида қизғанчиқ бўлиш лозимлиги. Зеро, у инсоннинг умри демакдир.
  7. Ҳамма ишларни яхшиликка йўйиб, умид билан яшаш ва келажакка ёрқин назар билан боқиш лозим.
  8. Бу ҳадис яхшиликка йўйиш, яхшилик аломати деб билиш бобида бир асосдир.
  9. Динимиз бизларни амал қилишга, сабабларни ишга солишга, ожизлик ва дангасаликка ўрганиб қолмасликка чорлайди.
  10. “Экиб олсин” калимаси ҳаракат қилишга ва янги ҳаёт бошлашга ишора қилади.
  11. Умр ниҳоясига етишидан аввал эзгу амалларни қилиб олишга шошилиш лозим.
  12. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига яхшиликни раво кўрганлар.
  13. Қиёматнинг қойим бўлиши тасодифан бўлади.
  14. Ўтаётган ҳар бир лаҳзанинг ҳаётимизда ўз қиймати бор ва унга бепарво қарамаслик лозим.
  15. Тоқатга яраша, имкониятдан келиб чиқиб, яхши ишларни қилиш керак.
  16. Аёллар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “уни албатта экиб олсин” деган хитоблари умумига кириб кетишлари. Чунки, кўчат экиш фақат эркакларга хос иш эмас.
  17. Эзгу ишларни қилганлик учун охиратда бериладиган савоб айнан мусулмонларга хос.
  18. Қўл меҳнати орқали тирикчилик қилишнинг афзаллиги.
  19. Биздан олдингилар биз учун дарахт экиб кетганлари каби биз ҳам ўзимиздан кейингилар учун дарахт экиб кетишимиз лозим.
  20. Манманлик, худбинлик қилмасдан бошқаларга ҳам фойдамиз тегиши керак.

Мусулмон одам қайси бир савобли ишни ният қиладиган бўлса, албатта, унинг учун ажру савоб олади. Ерга дарахт экиш ҳам савобли ишдир. Шунинг учун ҳам инсон ўзининг обрўсини сақлашни, аҳли аёлини боқишни, ўзидан қашшоқликни кетказишни ният қилса, бирор инсон ёки қуш ёхуд ҳайвон есин деган ният билан дарахт экадиган бўлса, албатта унинг мукофотини олади. Ҳадисда дарахт экишга тарғиб қилинмоқда. Зеро, унда кўплаб яхшиликлар бор. Мана шу замин ўз Холиқи наздида маълум бўлган муддатга қадар обод бўлиб туриши учун ҳам дарахт экиш ва шу сингари яхши амалларни қилиб яшаш лозим.

Алоуддин Ҳофий
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
[1]Ҳадис Имом Аҳмаднинг “Муснад”и (ж.3, б.183,184 ва 191)да, Таёлисийнинг “Муснад”и (2068)да ва Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад”и (479)да келган.
[2]Аҳзоб сураси, 63-ояти.

Check Also

Турли офатлар вақтида киши ўзини қандай тутмоғи лозим?

Ҳадислардан мисоллар Инсоният ўз тарихи давомида турли синовларни бошдан кечирган. Ҳосилдорлик ва қурғоқчилик, уруш ва …