Home / МАҚОЛАЛАР / Оли Моза оиласининг фиқҳ илми ривожига қўшган хиссаси

Оли Моза оиласининг фиқҳ илми ривожига қўшган хиссаси

Салжуқийлар даврида ҳар бир шаҳарда ҳам раис (дин ишлари билан шуғулланувчи вакил), ҳам амир (ҳукумат ишлари билан шуғулланувчи вакил) тайин этилган. Раислар маҳаллий ёхуд ҳукмдорнинг буйриғига биноан султонга содиқ диний арбоблардан (Оли Моза оиласи вакилларига ўхшаш) тайинланган[1]. Оли Моза оиласи вакиллари ҳам диний, ҳам дунёвий ҳукмдор доира даражасига кўтарилган.

Асли марвлик бўлган Оли Моза оиласининг асосчиси Бурҳонул Кабир Салжуқийлар султони Султон Санжарнинг Мовароуннаҳрга ҳарбий юришларида ҳамроҳлик қилиши натижасида Бухорога келиб ўрнашган.

Бухорода “садр” ва “қози ал-қуззот” мансабига 495/1101-1102 йилда илк бор Бурҳонул Кабир тайинланган. Шу тариқа ўрта асрларда Мовароуннаҳр марказий шаҳарларида садрлик Бурҳонул Кабирдан сўнг расмий унвон сифатида қолган. Оли Моза оиласининг Бухородаги маданият, фан ва таълим ҳамда фиқҳ илми ривожидаги хизматини уларнинг “Сиккат ад-деҳқон” маҳалласида “Хизонат ал-кутуб” кутубхонасини ташкил этишлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу кутубхонани бойитишда Бурҳонул Кабир, Садр Шаҳид ва унинг укаси Садр Саиднинг хизмати катта бўлган. Кўплаб бухоролик фақиҳлар ўз асарларини ушбу кутубхонадаги манбалардан фойдаланган ҳолда ёзганлар.

Шунингдек, Оли Моза оиласи фақиҳ ва зиёли табақа вакилларига кўрсатган ҳомийликлари билан ҳам шуҳрат қозонган эдилар.

Ушбу оила ҳанафий мазҳабининг ривожига катта ҳисса қўшди. Бухоролик “Оли Моза” (Моза оиласи)нинг буюк имоми ва раисларидан бири Садри жаҳон Бурҳонуддин Муҳаммад ва унинг авлодлари ҳимояси остида 6000 фақиҳ ҳаёт кечириб, уларнинг барчаси Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлганлар. Ушбу оила мўғул ҳужумидан кейин ҳам Ҳанафий фақиҳларини ўз ҳимоялари остига олганлар. Масалан, 674 ҳижрий йили 4000 фақиҳ улар ёрдамидан фойданганлар. Манбаларда кўрсатилишича, оила аъзоларидан бири Садрус судур Бурҳонуддин Абдулазиз ибн Умар Самарқанд шаҳрида 30 минг қизил олтин (динор) тўплаб, бир Ҳанафий фақиҳнинг ҳаётини сақлаб қолган[2].

Бу оиладан етишиб чиққан фақиҳлар ўз илмий мерослари билан ҳам Мовароуннаҳрда фиқҳ илмининг ривожига салмоқли ҳисса қўшганлар.

Сулола вакилларидан бири Бурҳонул Кабирнинг ўғли Ҳусомиддин Садр Шаҳид фиқҳга оид кўплаб асарлар ёзган. У 20 йил давомида Бухорода раислик вазифасини бажарган. Унинг “Ал-усул ал-Ҳусомиййа” ёки “Усул ас-Садр аш-Шаҳид” асари усулул фиқҳга оид қимматли асардир. У бундан ташқари “Шарҳ ал-жомиъ ас-сағир”, “Шарҳ ал-жомиъ ал-кабир”, “Ал-фатово ас-суғро”, “Ал-фатово ал-кубро” каби асарлар муаллифидир.

Ироқлик тадқиқотчи Маҳий Ҳилол Сархон олимнинг фиқҳга бағишланган “Китоб ан-нафақот”, “Китоб ат-таклима”, “Китоб ал-мунтақо” ва бошқа бир қанча асарлари борлигини айтган.

Ушбу сулоладан чиққан яна бир йирик фақиҳ аллома Бурҳонул Кабирнинг набираси Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийдир. Бурҳониддин Маҳмуд Бухорий ҳанафий мазҳабига доир фиқҳий асарларда “Бурҳониддин”, “Бурҳонул ислом”, “Садрул ислом”, “Садруддин” ва “Бурҳонуш шариа” каби ном ва унвонлар билан зикр қилинади.

Ҳозирги кунга қадар Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг иккита асари ҳақидаги маълумотлар ўз илмий тасдиғини топган эди. Булар “Ал-муҳит” ва “Аз-захиратул бурҳониййа” асарларидир. Тадқиқотлар натижасига кўра қуйидаги асарлар ҳам унинг қаламига мансуб экани аниқланган: “Татимматул фатово”, “Ал-вожиз фил фатово”, “Ат-таҳрир фил фатово”, “Нисобул фуқаҳо фил фатово”, “Ат-тариқатул бурҳониййа”, “Ал-фатово ал-Бурҳониййа”, “Ат-тажрид фил фуруъ” кабилардир.

Бурҳониддин Маҳмуд Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Ал-муҳит” бир неча марта нашрга тайёрланган. Асарнинг илк йирик нашрини Аҳмад Иззу Иноя ҳар бири ўртача 500-550 бетдан иборат бўлган ўн жилдлик китоб ҳолида амалга оширган.

Бундан кўринадики, Оли Моза сулоласидан чиққан раис ва садрлар давлат олдидаги вазифаларини бажаришдан ташқари ўз илмий салоҳияти ва имконияти доирасида фиқҳ илмининг ривожига юксак даражада хизмат қилганлар.  Айрим қаршилик ва қийинчиликларга қарамай фақиҳларни ҳимоя қилганлар ҳамда ўз даврида юзага келган масалаларни чуқур таҳлил қилган ҳолда юксак даражадаги асарларни ёзганлар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, XX аср бошларигача ёзилган ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий асарларнинг барчасида “Оли Моза” фақиҳлари асарлари ва фатволаридан кенг фойдаланилган.

Тарихчилар томонидан Оли Моза оиласининг Бухородаги ҳукмронлик фаолияти турлича баҳоланади. Мазкур оила Бухорога кириб келгунга қадар шаҳарда Исмоил Саффор (ваф. 1139 й.) асос солган оила ҳукмрон эди. Бошқарувнинг Марвдан келган бошқа сулола қўлига ўтиши Бухорода маҳаллий уламоларнинг етакчи жамоаси сифатида танилган саффорийларнинг узоқ муддатга қадар Оли Моза оиласига мухолиф бўлишларига олиб келди.

Маҳмуд Таробий 1238 йилда садр унвонини Оли Моза оиласидан олиб, Аҳмад Маҳбубийнинг ўғли Маҳмуд Маҳбубийга (ваф. 1232-33 й.) берди. Шу тариқа Оли Моза оиласининг Бухорода диний-сиёсий ҳукмрон табақа сифатидаги фаолияти якун топди.

Р. Элмуродов
ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
[1]И.И Бекмирзаев. Бурҳониддин Маҳмуд ал-Бухорий ва Мовароуннаҳр қозилиги. –Т:.“Таълим нашриёти”, 2011. –Б. 7-8.
[2]А.Ш.Жўзжоний. Н.Юсупова. Бурҳониддин Марғиноний – буюк фақиҳ. –Т:.“Академия”, 2007. –Б.11.

Check Also

АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ТИЖОРАТ АҲЛИ ТЎҒРИСИДА

Иқтисодиётнинг бозор муносабатлари ҳукмронлик қилаётган ҳозирги замонамизда бозор ва савдо дўконларида озиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, кийим–кечаклару, …