Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳадис илми мактабига замонавий автобус топширилди

Ҳадис илми мактабига замонавий автобус топширилди

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш, Ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома аждодларимиз илмий меросини тадқиқ этиш, улар хоки қўним топган манзилларни обод этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги 2 йил давомида ушбу йўналишда жаҳон ҳамжамиятининг эътирофи, халқимизнинг эътибори ва эҳтиромига сабаб бўлган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактаби фаолияти ташкил этилди. Мақсад – диний ва дунёвий илмларни чуқур ўзлаштирган, бугун замон олдимизга қўяётган долзарб масалаларни ечишга қодир малакали кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистоннинг илм-маърифат маркази сифатидаги тарихий мақомини қайта тиклаш ва янада ривожлантиришдан иборат.

Жорий йилнинг 11 январь куни муҳтарам Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифлари чоғида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан танишган, тадқиқотчи ва талабаларга қулай шароитлар яратиш бўйича таклифлар билдирган эдилар. Жумладан, Ҳадис илми мактаби талабаларининг буюк алломаларимиз илмий меросини чуқур ўзлаштириши учун табаррук қадамжоларга зиёратларини ташкил қилиш бўйича кўрсатма берган эдилар. Шу мақсадда 27 март куни Ҳадис илми мактабига замонавий автобусни топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими, вилоят фаоллари, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъуллари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби жамоаси, уламолар, диний соҳа ходимлари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, маънавий-маърифий салоҳиятини янада юксалтириш, фарзандларимизни улуғ аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб авлод этиб тарбиялашга хизмат қилаётганини таъкидладилар. Ҳадис илми мактаби юртимиздан янги авлод Бухорийлари, Термизийлари, Марғинонийлари етишиб чиқишига хизмат қилишини қайд этдилар.

Тадбир якунида меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида яратилган шароитлар билан танишдилар.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази 
Матбуот хизмати 
(Ш. Шомансуров)

Check Also

ИБХИТМ ва Мармара университети ўртасида халқаро ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди

Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасида тузилган “Йўл харитаси”га биноан мамлакатлардаги илмий-тадқиқот марказлари ўртасида илмий-амалий алоқаларни …