Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ

Йирик мутафаккир ва буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий 810 йилда Бухорода таваллуд топган. Имом Бухорийни бутун дунёда муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони деб атайдилар.

Имом Бухорийнинг отаси Исмоил тижорат ишлари билан шуғулланган, онаси тақводор, диёнатли, оқила аёл бўлган. Отаси вафот этгач, унинг тарбияси волидаси зиммасига тушади. У 5-6 ёшидан илмга қизиқиб ҳадисларни ўрганишга ва ёдлашга киришади. Ёш имом Бухорий таниқли муҳаддислар Имом Дохилий, Муҳаммад ибн Салом Бейкандий, Муҳаммад ибн Юсуф Бейкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Маснадий ва бошқалардан сабоқ олади.

Анъанага кўра, муҳаддислар сафарга чиқишдан олдин ўз юртидаги ровийлардан бирорта ҳам ҳадис қолдирмасдан ёзиб олган бўлиши ва шундан кейингина бошқа шаҳар ёки мамлакатга сафарга отланиши мумкин эди. Бухорий 16 ёшга етгунча, ўз юртидагиолимлардан ҳадис эшитиб, ёзиб олиб, турли шаҳарлар томон йўл олади. Бухорий 825 йили онаси ва акаси Аҳмад билан Маккага келиб, ҳаж ибодатини адо этади. Онаси ва акасини Бухорога қайтариб, ўзи Маккада қолади. Бу ерда фаолият кўрсатаётган олимларнинг илмий дарсларида қатнашади.

827 йили Мадинага боради. Мадинадаги машҳур уламолардан Иброҳим ибн Мунзир, Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза каби олимлар билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳадис илмларидан сабоқ олади. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламнинг саҳобалари, саҳобаларнинг издошлари турли мамлакатга тарқаб кетган эдилар. Шундай шароитда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳ васалламнинг ҳадисларини тўплаш учун турли шаҳар ва мамлакатларга сафар қилишни тақозо қилар эди.

Бир неча тарихчиларнинг таъкидлашича, Бухорийнинг Ҳижоз, Макка, Мадина ва Тоифга қилган илмий сафари 6 йил давом этган. Сўнг, Басра, Куфа ва Бағдодга сафар қилиб, Шом ва Мисрга ўтади. Бундан ташқари Хуросон, Марв, Балх, Хирот, Нишопур ва Рай каби шаҳарларда бўлиб, бу шаҳарлардаги муҳаддислардан сабоқ олди ва ҳадислар тўплайди.

Хорижий юртлардаги сафардан кейин Бухорога қайтгач, ҳадис илмини халққа ўргатишга киришади. Ул зотнинг бу саъй-ҳаракатлари Бухоро ҳукмдори Холид ибн Аҳмад Зуҳлийга хуш келмайди. Шу сабабли Имом Бухорий Бухорони тарк этиб, Пойкендга, кейин Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғига келиб яшашга мажбур бўлади.

Бухорий бутун фаолияти давомида илм аҳлларини маънавий ва моддий жиҳатдан кўллаб-қувватлаган келган. Тижоратдан келган ойлик даромадидан беш юз дирҳамини талабалар ва фақиру мискинларга сарфлаган. Шахсий ҳаётида ортиқча дабдаба ва ортиқча сарф-ҳаражатларга йўл қўймаган.

Бухорий 20 дан ортиқ китоб тасниф этган. Улардан айримлари бизгача етиб келган. Бухорийнинг “Жомиъус саҳиҳ” деб номланган 4 жилддан иборат ҳадислар тўплами ислом оламидаги бошқа муҳаддислар тузган ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир.

Бухорийнинг 1322 та ҳадис жамланган “Адабул муфрад” (“Адаб дурдоналари”) асари катта тарбиявий аҳамиятга молик беназир тўпламдир. “Китобул куня” асари ровийларнинг куняларига бағишланган. “Тарихул кабийр” ва “Тарихус сағийр” китоблари ҳадис тарихига оид қимматли асар хисобланади. Бухорий яратган “Китобул фавоид” (“Фойдали ашёлар ҳақида китоб”), “Жомеъул кабийр” (“Катта тўплам”), “Муснадулкабийр (“Катта муснад”), “Тафсирул кабийр” (“Катта тафсир”), “Китобул хиба” (“Хайр-эҳсон ҳақида китоб”),”Тафсирул Қуръон” (“Қуръон тафсири”) каби асарлари машҳур.

Бухорий асарлари мусулмон дунёсининг барча мадраса ва дорилфунунларида ҳадис, Ислом тарихи ва сийрат фанлари бўйича асосий дарслик, қўлланма ҳисобланади.

Имом Бухорий 870 йили Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида вафот этади.

Ўзбекистонда Бухорий хотираси муносиб тарзда абадийлаштириш мақсадида 1971 йилда ташкил этилган Тошкент ислом институтига Бухорий номи берилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Буюк муҳаддис имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ 1997 йил 29 апрелда Самарқандда юбилей бўлиб ўтди. Аллома абадий қўним топган Пайариқ туманидаги Хартанг қишлоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи очилди.

2017 йил 27 мартда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди. Қарорда кўзда тутилган марказ биноси 2019 йил 10 январь куни қуриб фойдаланишга топширилди ва 6 гектар майдонни эгаллаган ушбу ҳудудда Ҳадис илми мактаби ҳам барпо этилди.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

Манба

Check Also

Исломда мазҳабларнинг юзага келиши

Исломда мазҳабларнинг юзага келиши бевосита фиқҳ тарихи билан боғлиқ. “Фиқҳ” сўзи луғатда “чуқур тушуниш”, “идрок …