Home / МАҚОЛАЛАР / НАВРЎЗ-УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ

НАВРЎЗ-УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ

НАВРЎЗ-Ўрта Осиё ва Шарқ мамлакатларида яшовчи халқларнинг қадимий анъанавий байрами ҳисобланади. Баҳорги тенг кунликка, яъни қуёшнинг ҳамал буржига киришига тўғри келади. Наврўз деҳқончилик ишларини бошлаш байрами ҳам ҳисобланади. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги унган кўкатлардан тансиқ таомлар пиширилган, баъзи экинларни экиш бошланган. Дастлаб, Наврўз байрамини ўтказиш ўтроқ деҳқонларда расм бўлган, кейинчалик улар орқали ярим ўтроқ ва кўчманчи туркий халқларнинг ҳам урф-одатларига айланган. Асрлар ўтиши билан турли халқларда Наврўз байрамини ўтказиш маросимлари уларнинг турмуш тарзига, мафкурасига мослашган.

Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқлар ҳам бу кунни янги йилнинг бошланиши деб қувонч билан кутиб олганлар. Байрамдан бир неча кун илгари тайёргарлик ишлари бошланган. Буғдойни ундиришга қўйилган ва унинг майсасидан сумалак тайёрланган, кўкат чучвара, ялпиз сомса каби таомлар пиширилган, отчопар, улоқ, кураш сингари халқ ўйинлари, сайиллар ўтказилган, баҳор ҳақида қўшиқлар куйланган. Наврўзнинг биринчи куни қишлоқ жойларида болалар тўп-тўп бўлиб хонадонлар эшиги олдида Наврўзга бағишланган қўшиқлар айтишган. Хонадон эгаси уларни совға-салом ва егуликлар билан сийлаган. Болалар егуликларнинг бир қисмини қишлоқдаги бева-бечораларга улашишган. Бу удум ҳозир ҳам Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг айрим қишлоқларида сақланган. Наврўз янги йил байрамигина бўлиб қолмай, меҳнат байрами ҳам ҳисобланган.

Келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Ўрта Осиёда ҳам Наврўз байрами қадимдан расм бўлган. Лекин, собиқ совет тузуми даврида (20-а. 80-й.лар ўрталаридан) асоссиз равишда Наврўз диний байрам ва маросимлар қаторида ман қилинди. Ўзбекистон ва Ўрта Осиёдаги бошқа мамлакатлар мустақилликка эришгач, бошқа қадриятлар қаторида Наврўз байрами яна тикланди. Ҳозир Ўзбекистонда ҳам Наврўз умумхалқ байрамларидан бири сифатида нишонланади ва юртимизда байрам кунлари дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳар йили шу куни республиканинг барча вилоятларидаги хиёбон ва майдонларда байрам сайиллари ташкил қилинади. Бир неча кун мобайнида маҳаллаларда Наврўзга бағишланган тадбирлар ўтказилади, сумалак, ҳалим ва бошқа тансиқ таомлар пиширилади. Наврўз кунлари ҳокимликлар, маҳаллаларнинг фаоллари, хайр-эҳсон ташкилотлари – меҳрибонлик уйлари болалари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар ҳузурига ташриф буюриб, уларни қутлаб, совға-саломлар улашади.

Ж.Жумаев
ИБХИТМ Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …