Home / МАҚОЛАЛАР / Инсон бугунги кун билан яшамайди

Инсон бугунги кун билан яшамайди

Халқимизни турли ғоявий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш ва янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадрятларимиз, миллий – диний анъаналаримиз, минталитетимизга ёт тушунча ва ғоялар кириб келиши, тарқалишига тўсқинлик қилиш барчанинг бурчи ва вазифаси ҳисобланади.

Биринчи навбатда, ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият беришимиз лозим. Қолаверса жамиятимизда яшаётган кишиларга динимизни мусаффо ҳолда етказиш, ёшлар ўртасида соғлом туpмуш тарзини қарор топтириш, уларни биз учун ёт бўлган мафкура ва ғоялардан ҳимоя қилиш, ўз қатъий қарашлари ва эътиқодига эга, маънавий баркамол этиб тарбиялаш вазифаси доимо долзарб эканини унутмаслик лозим.

Марҳум Президентимиз “Аллоҳ қалбимизда юрагимизда” китобларида шундай деган эдилар: “Ҳар бир сўзимизни, ишимизни Бисмиллаҳ билан бошлаймиз, яхши – ёмон кунларимизда Худога шукрона келтирамиз, тавба қиламиз “Шукр” деган каломни ҳар куни айтмайдиган бирор инсон Ўзбекистонда бормикан ўзи”! Ҳар бир кунимиз учун шукр қилиб яшашимиз лозим.

Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизлик ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида:

“…Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди.

Тинчлик учун курашиш ва уни асраб авайлаш бугунги кунда яшаётган ҳар бир Ўзбекистонликнинг муқаддас бурчи ҳисобланади. Бунинг учун жамиятда ўзаро ишончни шакллантириш, ўзликни англаш ақл ва тафаккур билан бепарволикка берилмасдан зийрак бўлиб, жамият мустаҳкамлиги, унинг аъзолари орасида ўзаро ишонч намунасини шакллантириб, садоқат, одамлар орасини ислоҳ этиш, ўзаро ёрдам, олийжаноблик фазилати, ширинсўзлик фазилати, авф – кечиримли бўлиш, қийинчиликларга сабр қилиш, эҳсон қилиш, дўст танлаш каби амалларда ўрнак бўлишимиз даркор. Яхши дўст танлаш ва яхшилар билан ҳам суҳбат бўлиш ахлоқни чиройли қиладиган ишлардандир. Бир донишманд: “Дўстинг ким эканини менга айтсанг, сенинг ким эканингни айтиб бераман”, деган экан. Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайхи васаллам) ёмон ҳамсуҳбат ҳақида: “Ахмоқ киши билан қилинган суҳбат, қиёмат куни хасрат ва надоматдир”, деганлар. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб доимо суҳбатдошимизнинг ким эканлиги ва унинг ҳатти ҳаракатларини доимо сергаклик ва зийраклик билан диққат марказимизда тутишимиз лозим. Кўпинча юрт тинчлиги, осойишталигининг йўқолиши сабабларидан бири турли хил миш – мишларнинг тарқалиши ва кишиларнинг берилган неъматларга ношукрлик қилиши натижасида юзага келади, Аллоҳ таъоло Қуръони каримда “Қуруқлик ва денгизда фасод зоҳир бўлди” деб марҳамат қилади. Бу оятни тафсирида ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу аънҳу) айтадилар оятдаги “Барр” дан мурод тилдир ва “Баҳр” дан мурод қалбдир, оятдаги “Фасод” сўзи бирор нарсанинг бузулиши, айниши каби маъноларни англатади. Демак оятдаги маъно кишиларнинг тили ва қалби бузилди яхшиликнинг зиддига юра бошлади деган маънони англатади. Шундай экан тилимиз ва қалбимизни яхши ҳолатда асраш учун доимо маслаҳат гўйларимиз яхши дўстлар бўлиши лозим.

Огоҳ ва хушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатарлар олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Инсон учун ниҳоятда хатарли бўлган маънавий таҳдидлардан яна бири бепарволик ва лоқайдликдир. Жамиятда бепарво, лоқайд кимсалар борлиги тараққиётга жиддий хавф солади.

 

Абдуллаев Бекназар
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …