Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда

Маънавий-маърифий тадбирлар давом этмоқда

Муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари билан кейинги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илк бор 2016-йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида илгари сурган эди. Ўтган қисқа давр ичида иш бошлаган Марказ билан танишиш инсонга  куч- қудрат ва завқ бағишлайди.

Нафақат юртимизда, балки бутун мусулмон дунёсида ноёб бу Марказ ислом динининг асл моҳиятини, унинг фалсафасини кенг тарғиб қилиш, илмий бойитишга салмоқли ҳисса қўшган алломаларимизнинг мероси тимсолида бунёд этилди.

27 феврал куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Халқ таълими бўлимига қарашли мактаблар директори маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва марказ илмий ходимлари ўртасида ”Буюк муҳаддис Имом Бухорий асарларларининг ёшлар тарбиясидаги ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Маънавий-маърифий тадбир илмий ходимлар ва ўқитувчи-мураббийлар ўртасида савол-жавобларга бой, қизғин давра суҳбати тарзида бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари томонидан берилган саволлардан, уларнинг аждодларимиз ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида яхши билимга эга эканлигини кўришимиз мумкин.

Тадбир давомида Марказ илмий ходимлари, иштирокчиларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берди.

 Шу куни Марказга Булунғур тумани 15 нафар имомлари ушбу маънавият ва маърифат маскани билан яқиндан танишиш мақсадида саёҳат уюштирди.

Меҳмонларни фиқҳ шўъбаси раҳбари М.Хидиров Марказ ва унинг фаолияти ҳамда музей фондидан жой олган буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий ноёб асарларининг қўлёзма нусхалари ва бошқа нодир экспозициялар билан яқиндан таништирди. Миллий ва замонавий архитектура услублари асосида бунёд этилган марказ биноси, иштирокчилар ва саёҳатчиларда катта таассурот уйғотди. Тадбир иштирокчилари ва саёҳатчилар маънавият масканига ташриф буюрганини қалбдан ҳис этиб, ўқувчи-ёшларни мана шундай илм-маърифат масканларига саёҳатларини уюштириш, баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтди. Марказ музей фондларидан жой олган буюк муҳаддис бобомизнинг ноёб асарлари ва бошқа экспозициялар томошабинларда катта қизиқиш уйғотишини таъкидлади.

Шунингдек қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими С.Эргашев саёҳатчилар ва тадбир қатнашчиларига музейда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар, ноёб экспозициялар, тўғрисида маълумотлар бериб, Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратлар буюк муҳаддис бобомизнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этишга ундашини таъкидлади.

  Ж.Жумаев
Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

Марказ олимлари – илмий сафарда

Айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва бўлим бошлиғи Шукурилло Умаров …