Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Матбуот анжумани ўтказилди

Матбуот анжумани ўтказилди

Вилоят “Матбуот уйи”да Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими  ҳамда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, фаолияти, мақсади ва ҳозирда хорижнинг нуфузли тадқиқот марказлари билан ўрнатилаётган ҳамкорлик алоқалари, эришилаётган ютуқлар тўғрисида аҳолини холис ва ишончли ахборот билан таъминлашда ОАВ ҳамкорлиги” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманини “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Ғолиб Ҳасанов олиб борди.

Анжуман кун тартибидаги мавзулар юзасидан  марказ директори Шовосил Зиёдов ҳамда марказнинг бўлим бошлиқлари маҳаллий журналистлар ва Республика Оммавий ахборот воситаларининг вилоятдаги мухбирларига маълумот беришди.

Матбуот  анжуманида бугунги кунга қадар марказ томонидан дунёнинг 14 та етакчи ислом тадқиқот маркази, университетлар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзолангани, шунингдек, Буюк Британия, Франция, Германия, АҚШ, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Малайзия, Покистон, Ҳиндистондаги илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани, Малайзиянинг Ислом илмлари университети, Ислом цивилизацияси институти, Исломни англаш институти билан буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш йўналишида келишувларга эришилгани, Саудия Арабистонининг Подшоҳ Абдулазиз университети, Суннат ва набавий меросни ўрганиш маркази билан хорижда сақланаётган нодир қўлёзмаларнинг нусхаларини олиш бўйича муҳим келишувларга эришилгани ва Марказ илмий ходимлари томонидан 20 га яқин китоблар нашр этилгани  таъкидланди.

Анжуман доирасида мазкур китобларнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Журналисларни қизиқтирган саволларга марказ ходимлари томонидан жавоблар қайтарилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …