Home / МАҚОЛАЛАР / Илм олиш одоблари

Илм олиш одоблари

Муқадас динимизда илм олиш ва уни ўргатишга катта аҳамият берилади. Илм эгаси ҳамиша қадрланади ва мақталади. Айниқса, илм ўргатувчи – устознинг бошқа касб эгаларига қараганда мартабаси, шарафи, рутбаси баланд бўлади. Шу боис пайғамбарларнинг меросларини инсонларга ўргатувчи муаллим гўзал хулқ билан зийнатланиши ва ўзига номуносиб ишлардан тийилиши ҳамда зарур одобларни ўзида мужассам этиши сув ва ҳаводек зарур ҳисобланади.

“Илм” сўзи луғатда бир нарсани воқеъликдагидек идрок этишни билдиради. Қуръони каримнинг илк ояти илм олишга бўлган буйруқ билан нозил бўлиши инсон ҳаётида илмнинг жуда катта аҳамият касб этишига далил бўлади.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркагу аёлга фарздир”. Инсон ўзлигини, дунёни англамоқ учун биринчи навбатда илм керак. Қолаверса, мусулмон бўлиш учун ҳам, Яратган зотни таниш учун ҳам илм керак.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Бошлиқ бўлмасингиздан аввал илмни чуқур ўрганинг!” – дея мусулмон киши масъулият ёшига етиб келмасидан олдин илм олишга чақирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳам ёшлари улгайганда ҳам илм ўрганишдан тўхтаб қолмаганлар.

Муҳаммад ибн Ҳасан, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар: “Мен учун уламолар ҳақидаги ҳикоялар фиқҳдан кўра севимлироқдир. Чунки уларда қавмнинг одоб-ахлоқлари бор”. Ҳубайб ибн Шаҳид ўғлига: “Эй, ўғилчам! Фақиҳлар ва олимлар билан кўпроқ ҳамроҳлик қил, уларнинг одобларига разм сол! Сенинг мана шундай қилишинг менга ҳадисни кўп билишингдан кўра маҳбуброқдир” деди. Имом Шофеъийга: “Одобга хоҳишингиз қандай?”, дейилганида у киши шундай жавоб бердилар: “Одобдан ўзим билмаган бир ҳарфни билиб оламан. Бас, аъзоларим унга муҳаббат қўяди ва ҳар бири эшитувчига айланади. Сўнг одоб билан ҳузурланади”. Яна айтилди: “Одоб ўрганишга талабингиз қандай?” Имом Шофеъий: “Худди она яккаю ягона боласини йўқотиб қўйиб қидираётгани каби”, дея жавоб берган эканлар.

Молик, Ибн Шиҳобдан ривоят қиладилар. У киши бундай деган эканлар: “Бу илм Аллоҳнинг одобидир. У билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ўрнида умматларига одоб бердилар. Бу Аллоҳнинг ўз Расулига бошқаларга етказиши берган учун омонатидир. Кимдаким бирон илмни эшитса, уни ўзи билан Аллоҳ азза ва жалланинг ўртасида ҳужжат қилсин”.

Ибн Муборак: Муҳаммад ибн Ҳусайн менга бундай дедилар: “Биз кўп ҳадисдан кўра кўп одобга муҳтождирмиз”, дедилар.
Закариё Анбарий: “Одобсиз илм ўтинсиз олов кабидир. Илмсиз одоб эса жасадсиз руҳ кабидир”, дедилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир. Илмни унга лойиқ бўлмаган кимсага ўргатиш худди жавоҳирни тўнғизга илиб қўйганга ўхшайди, дедилар”. (Имом ибн Можа ривояти).

Илмни унга қизиқмаган, ёқтирмаган ва илмни эгалласа фасод ишларни қиладиган одамга ўргатиш уни зое қилиш ҳисобланади. Аммо илм олишга рағбати, муҳаббати бор одамга ҳамиша кўмакчи бўлиш, илму ҳунарнинг барча сирларидан хабардор қилиш, касб маҳорати, нозик қирраларини яширмаслик ҳақиқий таълим берувчининг вазифасидир.

Зотан, илм кишининг диёнат ва эътиқодини зиёда қилиш ўрнига аҳли давлат, аҳли дунёларга қул қилиб қўйса, у илм эмас, балки жаҳолат илмсизликдир.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими
А. Рахимов

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …