Home / МАҚОЛАЛАР / Таълим-тарбиянинг ривожи устозларга боғлиқ

Таълим-тарбиянинг ривожи устозларга боғлиқ

Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгаларидир.

Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз.Шавкат Мирзиёев[1]

Баркамол авлодни жамиятга тарбиялаб беришда устоз-муаллимларнинг ўрни беқиёс. Таълим-тарбияни уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, албатта. Улар талаба билан китоб орасини боғлайдиган ягона ҳалқадир.

Ҳар қандай таълим тизими фақат муаллим билангина ислоҳ бўлиши мумкин. Солиҳ ва малакали бир муаллим бўлмаса, таълим ҳам ўз самарасини йўқотади. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга масжидларнинг бирида фиқҳ илми билан шуғулланиб ўтиришган бир мажлис борлиги айтилганда, “Уларга бош бўладиган бирор киши борми?” – дедилар. “Йўқ ” дейишди. Шунда:“Булар ҳечам фақиҳ бўлиша олмайди”, – дедилар.

Қадимий юнон файласуфи Афлотун: “Агар косиб ёмон уста бўлса, бундан давлат жуда катта нарса йўқотмайди, фақат халқ ёмонроқ кийинади, холос, аммо агар ёшлар тарбиячиси ўз вазифаларини ёмон бажарса, у ҳолда мамлакатда нодон, жоҳил, билимсиз ва аҳмоқлар тоифаси вужудга келади”, – деган эди.

Дарҳақиқат, таълим тизимини ислоҳ қилиш, аввал муаллимни ислоҳ қилишдан бошланади. Демак, муаллим шахси масаласини ҳал этиб олмоқ лозим. Унинг билим даражаси қай даражада бўлиши, қандай ахлоқий фазилатларга эга бўлиши ва қандай қилиб талабаларга талим бериши керак ?

Бу саволларга жавоб беришда Набий соллалоҳу алайҳи ва салламнинг шахсиятлари мукаммал намуна, андоза ҳисобланади. Чунки Китоб ва суннатда У кишининг муаллим қилиб юборилганларига далолат қилувчи кучли асослар бор. Қуйида шулар келтириб ўтилади:

 هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

У омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни юборган зотдир. Ҳақиқатан, (улар) илгари аниқ залолатда эдилар.

Саводсиз, оми халқ деганда араб миллати назарда тутилган. Зеро, ўша даврда араблар ўқиш, ёзишни билмайдиган халқ бўлиб, саводхонлари жуда кам эди. Ёзувни араблар Тоиф шаҳридан, Тоиф аҳли Ҳийра аҳлидан, улар эса Анбор (Ироқ) аҳлидан ўрганишган дейилади. Араб ёзуви Пайғамбаримиз (а.с.)нинг замоналаридан бошлаб бутун ислом оламида тез суръатлар билан ривожланган. Ўқиш ва ёзишга тарғиб этадиган оят ва ҳадисларга амал қилиш натижасида араб ёзуви ва тили тарихда “илм-фан, тили ва ёзувига” айлангани барчага маълум.

Суннатда ҳам У Зотнинг муаллим эканликларига далолат қилувчи кўплаб ҳадислар мавжуд:

Ибн Можжа ва Имом Доримийлар ўзларининг “Сунан”ларида ривоят қиладилар:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан, у киши айтадилар: “Бир куни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳужраларининг биридан чиқиб масжидга кирдилар, кўрсалар масжидда икки ҳалқа бор эди: Бири Қуръон ўқир, Аллоҳ таолога дуо қилар эди, иккинчиси эса илм олиб, (уни) таълим берар эдилар. Шунда Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: Ҳаммалари яхшилик устида, мана булар Қуръон ўқиб Аллоҳга дуо қилаяптилар, Аллоҳ хоҳласа, беради; хоҳласа, бермайди. Мана булар эса илм олиб (уни) таълим бераяптилар, улар афзалдирлар, албатта мен муаллим этиб юборилдим, деб улар(аҳли илмлар) билан бирга ўтирдилар”.

Бекназар Абдуллаев
Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайн бобо” масжиди имом хатиби

[1] Ш. Мирзиёев. Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …