Home / МАҚОЛАЛАР / Миллий маънавиятни асраш хавфсизликни таъминлашнинг муҳим стратегик вазифасидир

Миллий маънавиятни асраш хавфсизликни таъминлашнинг муҳим стратегик вазифасидир

Жамият тараққиётида хавфсизликни таъминлаш вазифаси ҳар доим ҳам биринчи даражали муҳим стратегик вазифа бўлиб келган ва ҳар доим шундай бўлиб қолаверади. Ҳатто диний манбаларда ҳам бу ҳақиқат долзарб вазифа сифатида қайд этилади. Ҳадисларда тинчликни ва саломатликни асраш ҳамма нарсадан ҳам улуғ вазифадир деб таъкидланган. Ҳақиқатдан ҳам жамиятда тинчлик ва барқарорлик таъминлансагина, бошқа ишларни амалга ошириш мумкин. Усиз ҳеч нарсани амалга оширишга имконият бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2017 йилнинг 7 февралида имзолаган Фармон: “2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” нинг 5-устувор йўналишида бу масала “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар” деб аталиб, унинг хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасига бағишланган биринчи бандининг асосий вазифалари қуйидаги масалаларни қамраб олган: “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш; ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборотни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ахборот соҳасидаги таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб ҳаракатларни ташкил этиш; фуқаролик, миллатлар ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш; давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар қудрати ва салоҳиятини ошириш; атроф-табиий муҳит, аҳоли саломатлиги ва генофондига зарар етказадиган экологик муаммоларнинг олдини олиш; фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизимини такомиллаштириш”[1].

Бу стратегик вазифалар замирида маънавий таҳдидалнинг олдини олиш, уларга муносиб зарба беришдек муҳим мамлакатимиз учун тақдириломон вазифа турибдики, бизнинг асосий мақсадимиз шу масланинг мазмун-моҳиятини очишга қаратилгандир.

Энг аввало, маънавий таҳдид тушунчасини таҳлил қилайлик: бу тушунча ҳақида адабиётларда хилма-хил, баъзан эса бир-бирига зид келувчи таърифлар ҳам учрайди. Биз шу таърифлардан ўртача мўътадил бир тарифни асос сифатида олайлик.

Маънавий таҳдидлар деб шахс руҳиятига бавосита ва бевосита ёриб кириб, унинг қадрият мўлжалларини ўзгартирувчи, дунёқараши ва миллий маънавиятига деструктив таъсир қилувчи ходисалар ва омиллар тушунилади.

Жамият аъзоларининг, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёсини бундай таҳдидлардан ҳимоя қилиш – миллий мафкуранинг асосий вазифаларидан биридир.

Бир қатор таҳдидлар халқимизнинг диний қадриятларига, муқаддас Ислом динининг қадр-қимматини пасайтиришга йўналтирилгандир. Кейинги пайтларда Марказий Осиё республикаларида прозелитизм касаллиги, яъни маҳаллий диндорларнинг бошқа динларга ўтиб кетиш ходисаси пайдо бўлди. Бу ходисанинг илдизида бир томондан, аҳолининг айрим диндор қатламларида диний эътиқоднинг юзакилиги, диний билимларнинг саёзлиги ва иқтисодий етишмовчиликлар сабабчи бўлса, иккинчи муҳим омил бўлиб Республикамизда ҳар хил динларга мансуб миссионерларнинг очиқ ва яширин фаолиятлари сабаб бўлиб келади.

Бундай таҳдидлар зарба бериш учун илм-маърифатни янада юксалтириш, рақибларнинг асоссиз даъволарини пучга чиқарувчи асарлар ёзиш, халқнинг диний ва дунёвий маълумотини такомиллаштириш зарур бўлади. И.А.Каримов “Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин”[2] деганларида айнан шу йўлни назарда тутганлар.

Халқнинг кўпчилигида диний тасаввурлр саёзлигидан фойдаланган турли мафкуравий марказлар Ислом динини бир ёқлама ақидалаштиришга, ёки уни ўта радикаллаштириш мақсадида исломни мутаасиблаштириб тасвирловчи адабиётлар тарқатишга зўр беришмоқда. Бундай таҳдидлардан ҳимояланишда халқнинг ўз эътиқодига, ҳанафия мазҳаби ғоялари билан суғорилган анъанавий исломий қадриятларига таяниб иш кўриш мақсадга мувофиқдир. Бундай қадриятлар инсоний, яъни гуманистик моҳиятга эга бўлиб, халқ онгида асрлар давомида сақланиб келмоқда. Улар Ислом динини ақидалашишдан ва радикаллашишдан асрайди. Бу қадриятлар инсоф ва адолат, имон ва эътиқод, номус ва орият, шарм ва ҳаё, саҳоват ва мурувват, садоқат ва диёнат, илм ва маърифат, софдиллик ва тўғриликни қадрлаш, ҳалолликка интилиш ва ҳаромдан жирканиш каби инсоний туйғуларидан иборат бўлиб, бу туйғулар инсон камолотида муҳим ўрин эгаллаб келган.

Таҳдидларнинг яна бир йўналиши халқнинг тарихий хотирасини бузишга қаратилгандир. Бунинг учун айрим мафкуравий марказлар рус ва ўзбек тилларидан ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихини бузиб кўрсатувчи китоб ва дарсликлар нашр этиб Республикамизда арзон нархда ёки текинга тарқатишга интилишди. Айни пайтда халқнинг маҳаллийчилик руҳини уйғотишга ва бу туйғу орқали турли вилоятларда яшовчи кишиларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга интилишмоқда.

Бугунги ахборот жараёнларининг кенг миқёсда глобаллашуви шароитида мафкуравий таҳдидлар информацион фазога ҳужум тарзида ташкил этилмоқда. Бу орада Интернет тизимида Ўзбекистондаги бугунги воқеликни бузиб кўрсатувчи хабарлар сонининг кўпайиши – мафкуравий тазйиқнинг намоён бўлишидан дарак беради. Бундай хабарлар на фақат ёшларни, ҳатто мафкуравий иммунитети заиф бўлган айрим катталарни ҳам тўғри йўлдан чалғитмоқда. Бундай тоифадаги кишилар жумласига илгари собиқ иттифоқ даврида анча яхши яшаган, лекин бугунги кундаги воқеликка яхши киришиб кета олмаган соддадил зиёлилар, ўтмишини қўмсаб яшовчи дунёқараши чекланиб қолган катта ёшли кишилар, совет давридаги имтиёзлардан маҳрум бўлиб қолган айрим собиқ партия фахрийлари ва бошқалар киради. Бундай кишилар, сохта хабарлар таъсирига осонгина берилади ва бу хабарларни аҳоли орасида тарғиб этиб, ўзига ўхшаш анқов кишиларни орқасидан эргаштирадилар, натижада, кишилар орасида сохта хабарлар тарқалади. Бу хабарлар ёшларни миллий мафкурамиз тамойилларидан бегоналашишига олиб боради.

Бундай таҳдидлардан ёшларимизни ҳимоя қилиш учун қуйидаги маънавий, маърифий ва мафкуравий вазифаларни амалга оширишни долзарб вазифа деб ҳисоблаймиз:

1.Ёшларнинг маънавий билимларини кучайтириш мақсадида қуйидаги мазмундаги оммабоп китобчаларни нашр қилиш муҳимдир. Бундай китоблар оммабоп тарзда, ёшлар учун қизиқарли бўлган мазмунда, содда ва тушунарли тилда ёзилган бўлиши ва уларни халқ орасида арзон нархда тарқатиш керак.

  • Маънавий таҳдидлар сериясидаги рисолалар нашр этиш:
  1. Маънавий таҳдидлар: диний экстремизм ва терроризм;
  2. Маънавий таҳдидлар: ақидапарастлик;
  3. Маънавий таҳдидлар: оммавий маданият;
  4. Маънавий таҳдидлар: миссионерлик ва прозелитизм;
  5. Маънавий таҳдидлар: тарихий хотирани сохталаштирувчилар;
  6. Маънавий таҳдидлар: миллатчилик ва шовенизм;
  7. Маънавий таҳдидлар: замонавий тариқатчилик;
  8. Маънавий таҳдидлар: миллий нигилизм;
  9. Маънавий таҳдидлар: миллий менталитетдан бегоналаштириш;
  10. Маънавий таҳдидлар: маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик;
  11. Маънавий таҳдидлар: татиуровка (баданга белгилар қўйиш);
  12. Маънавий таҳдидлар: Авлиё Валентин – севгипарастлик тимсоли;
  13. Маънавий таҳдидлар: Оила қадриятларини девалвациялаш;
  14. Маънавий таҳдидлар: бир жинсли никоҳ тарғиботчилари;
  15. Маънавий таҳдидлар: хиппизм;
  16. Маънавий таҳдидлар: никоҳ базмларидаги оммавий маданият элементлари;
  17. Маънавий таҳдидлар: кийиниш маданиятига таҳдидлар;
  18. Маънавий таҳдидлар: саломлашиш маданиятига таҳдидлар;
  19. Маънавий таҳдидлар: муомила маданиятига таҳдидлар;
  20. Маънавий таҳдидлар: “ОИТСга қарши кураш” шиори остидаги маънавий таҳдидлар;
  21. Маънавий таҳдидлар: космополитизм;
  22. Маънавий таҳдидлар: ксенофобия;
  23. Маънавий таҳдидлар: паниранизм;
  24. Маънавий таҳдидлар: пантуркизм;
  25. Маънавий таҳдидлар: панамериканизм;
  26. Маънавий таҳдидлар: панславянизм;
  27. Маънавий таҳдидлар: хитойпарастлик;
  28. Маънавий таҳдидлар: ҳиндпарастлик (кришнаизм);
  29. Маънавий таҳдидлар: оловпарастлик (зорастризм);
  30. Маънавий таҳдидлар: японпарастлик (АУМ синрикиё);
  31. Маънавий таҳдидлар: америкапарастлик (массонлик);
  32. Маънавий таҳдидлар: европапарастлик;
  33. Маънавий таҳдидлар: мазҳабпарастлик, ва бошқа шунга ўхшаш китобчалар ёшларда маънавий таҳдидларга нисбатан мафкуравий иммунитетни шакллантиради.
  34. Ёшларда ватанпарварлик, миллий ғурур ва орият туйғуларини тарбиялашга оид жонли давра суҳбатлари ташкил қилиш (Радио, телевидение ва жамоатчилик орасида).
  35. Юртимизнинг жаҳонга машҳур бўлган осори-атиқалари ҳақида илмий-оммабоп маълумотларга эга безакли буклетлар чиқариш. Мас.: Усмон мусҳаби, Имом Бухорий мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Амир Темур муҳри ва бошқа шу кабилар ҳақида
  36. Халқимизнинг умуминсоний қадрият бўлиши мумкин бўлган одат ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи мақолалар ёзиш. Мас.: Ҳашар, саҳоват, меҳмондўстлик, ғурур, шукроналик, уят, ибо, имон, субут, диёнат, сабр-матонат, шарм-ҳаё, орият.
  37. Халқимизнинг миллий қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилувчи кичик китобчалар тайёрлаш (Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Темурмалик, Амир Темур ва бошқалар).
  38. Ёшларга миллий ғоянинг асосий ғоялари: Обод ва озод Ватан, эркин ва фаровон ҳаётни бунёд қилиш; Юрт тинчлиги, Ватан равнақи, Халқ фаровонлиги, Ижтимоий ҳамкорлик, Миллатлараро ҳамжиҳатлик, Динлараро баҳрикенглик, Комил инсон ва асосий фалсафий принциплари: Ватаннинг муқаддаслиги, Инсоннинг улуғлиги, Тафаккурнинг қимматлилиги, Маънавиятнинг етакчилиги ҳақида махсус тушунчалар берувчи адабиётлар нашр қилиш.

7.Республикамизда яшовчи турли миллат ва турли диний конфессия ёшларининг ватанпарварлик туйғуларини кучайтирувчи оммавий сайллар уюштириш (махсус сценариялар асосида).

  1. Халқнинг маросимлари ва тўйларида ортиқча дабдабабозик, “ким ўзади” қабилидаги мусобақалари, исрофгарчиликлар, ғарбпарастлик, европапарастлик (айниқса келинларнинг эротик либослар кийиши, фотосессиялари, ҳали никоҳдан ўтмаган келин-куёвларни бир-бири билан кучоқлаштириб суратга олишлар, отга миниб сайр қилишлар, вальсга туширишлар) ва бошқа миллий ғурурни поймол қилишга қаратилган одатларни чеклашга чақириш. Бу ёшларни оммавий маданият иллатларидан асрашда муҳим омил бўлар эди.

Маънавий таҳдидларнинг кириб келишига омил бўлиб хизмат қиладиган муаммолардан бири ишсизликдир. Жамиятда ишсизлар сонини таълим олувчилар ва ҳарбий хизмат вазифаларини адо этувчилар эвазига камайтириш мумкин. Бу бандликни таъминлаш масаласи.

  1. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш учун, уларларни ўқиш билан банд қилиш – мақсадли коллеж ва лицейлар сонини кўпайтириш, олий ўқув юртларининг кечки, сиртқи ва дистанцион таълим тизимларига қабул сонини кўпайтириш, 1 йиллик армия хизматига чақирилувчилар сонини ошириш эвазига армия хизмати миқёсини чақирилувчиларга саноат ва халқ хўжалигининг турли соҳаларида керак бўладиган хилма-хил касбларни ўргатиб чиқариш мақсадида кенгайтириш, 1 йиллик хотин-қизларни рўзғорга ўргатиш касб-ҳунар мажбурий хизмат академияларини ташкил этиш. (Юқорида қайд этилган барча таълим соҳаларида касбидан ташқари, миллий-амалий этикет қоидаларини ўргатиш).

Ҳаракатлар стратегияси шарҳининг миллий маънавиятни асрашга оид вазифалар қисмида мазкур дастурни амалга ошириш – “жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш йўлидаги шахдам ҳаракатларга янги куч бағишлайди”[3], деб жуда тўғри таъкидланган.

Бу ҳаракатлар стратегиясида илгари сурилган вазифалар ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқаролари зиммасига улуғвор вазифаларни юклайди ва уларни адо этишда ижтимоий ҳамжиҳатликнинг қарор топишига кенг йўл очади.

Тураев Б.О. – фалсафа фанлари доктори, профессор,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари
[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида / Расмий нашр / Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги. – Тошкент: Адолат, 2017. Б.27.
[2] Каримов И. Жамиятимиз мафкураси халқни халқни – халқ, миллатни – миллат қилишга хизмат қилсин. Т.: Ўзбекистон, 1998. 10-б.
[3] Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида / Расмий нашр / Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги. – Тошкент: Адолат, 2017. Б.37

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …