Home / АЛЛОМАЛАР / БУЮК МАЪРИФАТПАРВАР ИСҲОҚХОН ИБРАТ(1862-1937)

БУЮК МАЪРИФАТПАРВАР ИСҲОҚХОН ИБРАТ(1862-1937)

Исҳоқхон Тўра Ибрат фаолият доираси кенг, миллий уйғониш даврининг машҳур педагогларидан биридир. Ибратнинг асли исми Исҳоқхон, отасининг исми Жунайдуллахўжадир. Ибрат унинг адабий тахаллусидир. Исҳоқхоннинг ўзига «Ибрат» тахаллусини олиш боиси шундаки, у фаолиятининг дастлабки йилларидан бошлаб маърифатпарвар шоир, педагог олим сифатида замондошларини замон илмидан, илғор маданиятдан, янгича таълим-тарбия тизимидан ибрат олишга даъват этди. Шунинг учун ҳам у ўзига «Ибрат» тахаллусини танлади.

Исҳоқхон 1279 ҳижрий (1862 милодий) йилда Наманган яқинидаги Тўрақўрғон қишлоғида туғилди. Унинг отаси Жунайдуллахўжа Суннатуллахўжа ўғли машҳур мутасаввиф Аҳмад Яссавий авлодидан эди. Унинг беш танобча ери бўлиб, деҳқончилик, боғдорчилик билан рўзғор тебратган.

Онаси Ҳурибиби ўз даврининг ўқимишли, оқила аёлларидан бўлиб, уйида қишлоқ қизларини ўқитарди, шу билан бирга, адабиёт ва санъатга муҳаббат қўйган, шеърият билан ҳам шуғулланган, Навоий, Лутфий, Жомий, Бедил, Машраб каби буюк шоирлар асарларини мутолаа қилиш хонадон аҳли учун севимли машғулот ҳисобланган. Оиладаги бундай ҳаёт тарзи Исҳоқхонда адабиёт ва санъатга муҳаббатнинг эрта пайдо бўлиши учун асосий омил бўлди. 1870-йилда отаси Жунайдуллахўжа вафот этади. Исҳоқхон дастлаб маҳалла мактабида таҳсил кўради. Кейинроқ ўз уйида онасининг қўлида ўқийди.

Ҳурибиби ўз мактабида фақат қуруқ ёдлатиш билангина чекланмай, ёзишни, ҳуснихатни ҳам ўргатар эди. Шунинг учун ҳам Исҳоқхон асарларида онасини устоз сифатида ҳурмат билан тилга олади. Адабиёт ва санъатга зўр муҳаббат қўйган Исҳоқхонни ўқишни давом эттириш учун Қўқонга юборадилар. У ХIХ аср бошларида барпо этилган Муҳаммад Сиддиқ Тунқотар мадрасасига 1878 йилда ўқишга киради. Унинг Қўқонда таҳсил кўрган йиллари (1878-1886) ўзбек адабиётида, маданий ҳаётида, айниқса, маорифда туб ўзгаришлар содир бўлаётган даврга тўғри келди. Унинг бу адабий-маданий-маърифий ҳаётдан баҳраманд бўлганлиги шубҳасиз. У Қўқон адабий муҳитининг йирик намояндалари Муқимий, Фурқат, Муҳйи, Нодим, Ҳазинийлар билан яқин муносабатда бўлган, адабий мушоираларда иштирок этган.

Исҳоқхон Ибрат мадраса илмлари билангина чекланиб қолмади, ўқиш давомида буюк Шарқ олимлари асарларини мустақил тарзда қунт билан мутолаа қилди, араб, форс ва рус тилларини чуқур ўрганди. Унинг айниқса тил ўрганишга қобилияти кучли бўлган. У рус ва ўзбек тилларида «Туркистон вилоятининг газети», «Туркестанские ведомости», Туркистон ўлкасига янги тарқалаётган Исмоилбек Гаспиралининг «Таржимон» газетаси билан биринчи марта Қўқон мадрасасида ўқиб юрган кезлари танишди.

Исҳоқхон Ибрат 1886-йилда Қўқон мадрасасини тугатиб, ўз қишлоғи Тўрақўрғонга қайтиб келади ва фаолиятини қишлоқда маърифат тарқатиш билан бошлайди, ўша йили мактаб очади. Унинг мактаби «усули қадим»

«Усули таҳажжи», яъни, ҳижо усулига асосланган мактаблардан бирмунча фарқ қилар эди. Исҳоқхон Қўқонда ўқиб юрган вақтларидаёқ ўлкада очила бошлаган рус мактабларидаги ўқитиш усулларининг маҳаллий мактабларда ҳукм сураётган ҳижо ҳамда қуруқ ёдлаш усулидан афзаллигини сезган эди. Исъҳоқхон ўз мактабига нисбатан илғор бўлган, саводга ўргатишда анча енгиллик вужудга келтирувчи товуш (савтия) усулини татбиқ қилди ва «усули савтия»ни эски усул тарафдорларидан ҳимоя қилди. Бироқ бу мактабида узоқ ишлай олмади. Баъзи бир жоҳил мутаассиблар унинг мактабини «кофирлар мактаби» деб эълон қилиб, халқ болаларини бу мактабдан қайтаришга интилиб, генерал-губернаторлик амалдорлари ёрдамида ёптирди. Бу ёш маорифчи Исҳоқхон Ибратнинг мутаассиблар ҳамда мустамлакачи маъмурлар билан биринчи тўқнашуви эди.

Исъҳоқхон Ибрат ўзининг «Луғати ситтари ал-сина», «Жомеъ ул-хутут», «Тарихи Фағона» асарларида ёзишича, 1887 йилда, яъни 25 ёшида онаси билан ҳажга отланади. Бироқ онаси Жидда шаҳрида ўпка шамоллаш касаллигидан вафот этади.

Исҳоқхон Ибратнинг шарқ мамлакатларига сафарга чиқишдан асосий мақсади, биринчидан, онасининг ҳажга олиб бориш ҳақидаги илтимосини қондириш бўлса, иккинчидан, чет эл ҳалқлари ҳаёти, маданияти билан яқиндан танишиш, бу мамлакатларни ўз кўзи билан кўриш иштиёқи эди.

Исҳоқхон Ибрат ҳаж сафари давомида Истанбул, София, Афина, Рим каби Европанинг марказий шаҳарларида бўлди. Анча вақт Афғонистоннинг Кобул, Арабистоннинг Жидда каби шаҳарларида истиқомат қилди. Макка шаҳридан Қизил ва Арабистон денгизлари орқали Ҳиндистонга келди. 1892-

1896 йилларда Ҳиндистоннинг энг катта порт шаҳарлари Бомбей ва Калкуттада яшади. Бу ерда кўп ишлатиладиган араб, форс, ҳинд, урду ва инглиз тилларини ўрганди. Чет элларда халқ ҳаёти ва маданияти билан танишди, ўрганди, илмий асарлар учун қимматли маълумотлар тўплади. У шарқ халқлари тиллари билан бир қаторда ғарб халқлари тилларини ҳам билиш зарур деб ҳисоблади ва Арабистонда француз тилини, Ҳиндистонда инглиз тилини, шу билан бирга, энг қадимги финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўзлаштирди. Замондоши Иброҳим Даврон Ибратнинг шарқ ва ғарб тилларини билганлигини эътироф этиб шундай ёзади: «… туркча, форсча, ҳиндча, русча лисон билиб, яна русча, французча, арманича ва бошқа хатлар ёзмоққа моҳирдурлар».

Исъҳоқхон Ибрат 1896 йилда Ҳиндистондан Бирма орқали Хитойга, сўнгра Қошғарга ўтади ва у ердан ўз ватанига қайтиб келади.

Ўн йилга яқин давом этган саёҳат янгича ўқитув тизимга бўлган муносабатини мустаҳкамлади, у янги куч – ғайрат билан маърифатпарварлик фаолиятини йўлга қўйди. Саёҳат давомида йиққан катта материаллари асосида олти тил- араб, форс, ҳинд, турк, ўзбек ва рус тилларини ўз ичига олган  «Луғати ситтати ал-сина» (олти тилли луғат) асарини яратди.

Ибратнинг мингдан ортиқ фаол сўзларни ўз ичига олган ушбу луғати ўз даврида катта аҳамият касб этган. «Луғати ситтати ал-cина» асари рус тили асосий ўқув предмети сифатида ўқитишга рухсат олинган «усули жадид» мактабларида ҳам фойдаланилган . Шунинг учун ҳам китобга тақриз ёзган замондошларидан бирининг: «… Бизнинг Туркистон вилоятида сартиялардан шунча тил билиб, бул тариқа китоб ва луғат тасниф қилган одам йўқ эди»,- деган сўзлари муболаға эмас эди.

Ибрат тилшунослик илмининг энг муҳим масалаларидан бўлмиш жаҳон ёзувлари тарихига бағишланган «Жомеъул хутут» («Ёзувлар мажмуаси») асарида ҳам рус тили билан бир қаторда лотин, инглиз, немис, француз тилларини ўрганиш ёшлар учун илм – фан, маданият ва техника янгиликларини эгаллашда ҳал қилувчи восита эканлигини алоҳида таъкидлайди.

Исҳоқхон Тўра илм доираси кенг олимлиги айниқса шунда кўринадики, у ҳамма нарсани – илм –фан, маориф-маданиятни, тилларни, ёзувларни, одамларни ўсишда, ривожланишда, ўзгаришда деб тушунади. Унинг воқеа-ҳодисаларга бундай диалектик муносабатда бўлиши, эскилик устидан янгиликнинг ғалаба қозонишига бўлган ишончи айниқса «Жомеъул хутут» асарида янада яққолроқ кўринади: «Маданият хотирага ўхшаган – янги таомил, янги сўз, янги хат жорий бўлуб, эски нимарсалар, диний ишлар, бўлаклар – ҳаммаси билкул қолиб, янги юруб кетар эканлар… Уйингизда ҳозир турубдур аён…Чунончи: чироқ қолди ламфа (чиқди), чақмоқ қолди гугурт (чиқди), чойжўш қолди чойнак (чиқди), қумғон қолди самовар (чиқди) ва ҳоказо янги нимарсалар кўб жорий бўлиб қолган».

Ўзбек мутафаккирлари жадидчилик ҳаракатининг Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхон ўғли, Исҳоқхон Ибрат каби сардорлари ўзбек халқини ривож топган халқлар билан тенг кўришни орзу қилдилар ва бу орзуларини амалга оширишда мактаб ва мадрасаларни тубдан ислоҳ қилиш масаласига бутун куч-ғайратларини, билимларини сафарбар қилдилар. Улар ўз фаолиятларини ўзаро ҳамкорликда, ҳаммаслакликда йўлга қўйдилар. Ибрат Тошкент жадидлари раҳбарлик қилган «Тараққий», «Тужуор», «Садойи Туркистон» газеталарида, Беҳбудийнинг «Ойна» журналида фаол иштирок этди. У Мунавварқорининг таклифига биноан бир неча марта Тошкентда бўлиб, унинг мактабидаги имтиҳонларда қатнашган. Ўз муносабатини «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида эълон қилган.

Дунёда ўқитувчилик ишидан ҳам оғирроқ ва шарафлироқ, ундан ҳам буюкроқ иш бўлмаса керак. Чунки ўқитувчи инсон фарзандини камолот сари етаклайди. Ҳар қандай жамиятнинг инқирозию таназзули, равнақи-ю истиқболи унинг мактабга, таълим-тарбияга ва айниқса, ўқитувчига бўлган муносабат билан ўлчанади.

Илғор педагоглар ХIХ асрнинг охири, ХХ аср бошларига келиб, ўрта аср схоластикасига асосланган «усули қадимия»га қарама-қарши — замон талабларига жавоб бера оладиган, даврнинг илғор ютуқлари билан қуролланган «усули жадид» мактабларини вужудга келтира бошладилар, «тўрт девор» ичидаги хотин-қизларни маърифат нуридан баҳраманд қилиш ғоялари билан чиқдилар, бу ғояларни ўз амалий фаолиятларига ҳам татбиқ қилдилар.

Юқорида айтиб ўтилганидек, у 1886 йилдаёқ эски мактабларга нисбатан илғор бўлган мактаб очди. 1906 йилда эса иккинчи марта эски мактаблардан кескин фарқ қилган, қишлоқ болалари учун бепул «усули жадид» мактабини очди. Бу мактабда ўз ўғиллари —         Аббосхон, Ваққосхон, Фаёзхонни, қизи Василахонни ҳамда бундан бошқа 25 нафар болани ўқитди. Мактаб ўз уйида катта, ёруғ, деразали хонага жойлашган бўлиб, у янги ўқув қуроллари, асбоб-ускуналари  парта, стол-стул, қора тахта (доска), курраи арз (глобус), янги китоблар, дарсликлар, дафтар-қаламлар билан жиҳозланди, ўқиш-ўқитиш ишларини ўзи тузган дастур асосида олиб борди. Исҳоқхон мактабда дарслик ва қўлланмалар сифатида Саидрасул Саидазизовнинг «Устоди аввал», Мунавварқори Абдурашидхон ўғлининг «Адиби аввал», «Адиби соний» дарсликларидан, ўзи яратган «Луғати ситтати ал-сина», «Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий» асарларидан фойдаланди.

Исҳоқхон 1897 йилдан Тўрақўрғон туман халқ қозиси лавозимига сайланган эди. Бу унинг илғор фикрларни халқ ўртасида кенгроқ ёйишида анча ёрдам берган. Ҳамма вақт ҳам мутаассиблар унинг маърифатпарварлик фикрларига қарши очиқ чиқишга жазм қила олган эмаслар. Шунинг учун ҳам 1906-йилдаёқ ўз мактабига рус тилини ўқув предмети сифатида киритган, рус тилини мукаммал билувчи театр маорифчиси Ҳусаин Макаев (1875-1942)ни рус тили ўқитувчиси этиб тайинлаган.

Ибрат ўз мактабида ҳафталик дарс жадвалини ишлаб чиққан: ҳар 50 минутда қўнғироқ чалинган ва 10 минутлик танаффус жорий қилинган. Туркистон ўлкасидаги бошқа усули жадид мактабларидан фарқли равишда дарс жадвалига ўқитиладиган китоб-дарсликлар номи эмас, ўқув предметининг номи кўрсатилган, ҳатто, дарс жадвалига жисмоний тарбия предмети ҳам киритилган. Бу дарс кўп ҳолларда «Исҳоқия боғи»да махсус ҳаракатли ўйинлар тарзида ўтказилган. 1912 йилдан худди шу мактабда алоҳида қизлар гуруҳини ташкил қилган ва бу гуруҳга Ҳусаин Макаевнинг рафиқаси — Фотиҳа Макаева (1889-1971)ни ўқитувчи этиб тайинлаган.

Ибрат замоннинг пешқадам педагоги сифатида болаларни мактабдан бездирувчи, уларда муаллимга нисбатан ҳурмат эмас нафрат уйғотувчи тан жазосига биринчилардан бўлиб қарши чиқди, у фақат мактабда эмас, оилада ҳам болани калтаклаб тарбиялаш ўта нотўғри усул эканлигини алоҳида таъкидлайди. Унинг фикрича, мактаб-мадрасаларни ислоҳ қилиш билан бир қаторда миллатни, унинг тафаккурини ислоҳ қилиш керак. Унинг «Ойна» журналида босилган бир мақоласи «Миллатни ким ислоҳ этар?» деб номланади. Унда муаллиф шариатдин пешволари масжидларда амру маъруф ўтказиб, миллатни шариатга хилоф бидъатлардан воқиф қилсалар, «вазифалари таълиму ҳидояти халқуллоҳ» бўлган уламолар Аллоҳ олдидаги вазифаларини адо этган бўлур эдилар, деган фикрни баён қилади. Бу эса, ўз навбатида мактаб – мадрасалар ислоҳига, усули жадид мактабларига кенг йўл очар эди. Бу тадбир «ислом барча фанларнинг булоғидир» ақидасига мос келар эди.

1908 йилда Исҳоқхон Ибрат Оренбург, Уфа шаҳарларида бўлади. У ердаги Гауфман деган матбаачидан пулини ўн йил мобайнида тўлаш шарти билан кредитга литографик машина сотиб олади ва уни жуда катта машаққатлар билан Оренбургдан Қўқонга поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларда олиб келади. 1908 йил апрел ойида босмахона ташкил қилди ва «Матбааи Исҳоқия» номи билан ишга туширди. Матбаа ишларидан анча ҳабардор бўлган Ҳусаин Макаев Исҳоқхон билан ёнма-ён туриб ишлади. Туркистон ўлкасининг чекка бир қишлоғида матбаанинг вужудга келиши ўзбек халқининг таълим-тарбия, марифат соҳасидаги улкан ютуғи эди.

Миллат маънавиятида, маориф тараққиётида матбуотнинг улкан аҳамиятини яхши тушунган мутафаккирлар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлонийлар нашр этган газета ва журналларни қўлтиқлаган, уларда ўз мақола ва шеърлари билан фаол иштирок этган. Исҳоқхон Ибрат ўзи ҳам 1913 йилда «Матбааи Исҳоқия қошида «Алтижор ал-Намангон» номида газета чиқаришга ҳаракат қилади, ҳукуматдан рухсат олиш учун ариза ҳам беради.

Ҳар қанча ҳаракат қилсада, Ибрат газета чиқаришга муваффақ бўла олмади, лекин ўз уйида анчагина бой кутубхона ташкил қилди ва уни «Кутубхонаи Исҳоқия» деб атади. Ибрат архивидаги китоблар шуни тасдиқлайдики, кутубхонада таълим-тарбия ва ўқитишга оид ўзбек, рус, татар, турк, форс-тожик тилларида кўплаб китоблар бўлган, улардан нафақат ўзи, қишлоқ аҳолиси унумли фойдаланган. Исъҳоқхон Ибрат ўз мактаби ўқувчиларини кутубхонада сақланувчи китоблар, дарсликлар билан таъминлаган. Кутубхонанинг мактабларнинг ўқувчиларига бағишланган қисмида Саидрасул Саидазизийнинг «Устоди аввал», Мунавварқорининг «Адиби аввал», «Адиби соний», Абдулла Авлонийнинг «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим», «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ», М. Беҳбудийнинг «Китобат ул-атфол», С. Граменитскийнинг «Первая книга для чтения», Исмоилбек Гаспиралининг «Хожаи сибён», «Раҳбари муаллимин ёки муаллимларга йўлдош» каби 50 дан ортиқ дарслик ва қўлланмалар, таълим- тарбияга оид китоблар бўлган. Ибрат кутубхона аъзоларининг китоб олиш ва ўқиб бўлгач, уни топшириш дафтарини ҳам ташкил қилган, аъзоларнинг, айниқса, ёшларнинг китоб ўқишларини Исҳоқхоннинг ўзи назорат қилиб борган. Афсуски, бир неча минг китоб, қўлёзмалар, газета ва журналлар қўлёзмаларини ўз ичига олган ушбу кутубхона 1918-1920 йиллар тўпалонларида, 1937 йил қатағонида бутунлай йўқ қилинди.

Исҳоқхон ўзининг илғор ғояларидан бир қадам ҳам чекинмади. Ҳар қандай оғир шароитда ҳам ўзининг маърифатпарварлик фаолиятини давом эттирди. Замондоши Иброҳим Даврон гувоҳлик беришича, Исҳоқхон аҳли комил инсон сифатида “…дунёнинг сонсиз меҳнат ва андуҳлариндин ва гуруҳи кажрафтор таъналариндин бир зарра қадар бўлса-да, малулият ҳосил этмади”. 1918-йил Туркистон Мухториятининг болшевиклар томонидан қонга ботирилиши, Фарғона водийсидаги даҳшатли қирғинлар Исҳоқхон Ибратнинг шўроларга боғлаган умидини йўққа чиқарди. Октабр тўнтаришидан олдинги ғайрат, шижоат унда кўзга ташланмайди. Шундай бир тушкун вазиятда маориф соҳасидаги фаолиятини давом эттиради: 1918-йилда Тўрақўрғонда мактаб очади, ўқитувчилар тайёрлаш курсларида ишлайди. Бошқа жадид зиёлилари, педагоглари каби Исҳоқхон Ибрат ҳам болшевиклар зуғумига, таъқибларига қарамасдан, миллатни маърифатли қилиш йўлидаги эзгу ишларини давом эттирди.

Исҳоқхон Ибратнинг сўнгги йиллардаги ҳаёти анча таҳликали вазиятда ўтди. Биринчидан, қарилик, иккинчидан, 1930 йилдан эътиборан ҳамма лавозимлардан, ишлардан озод қилинган, ҳатто қарилик нафақаси ҳам тайинланмаган эди. Унинг устига маҳаллий ҳукумат маъмурияти унга ишончсизлик билан қарар эди. Ибратнинг боши узра ҳам қатағон булутлари қуюқлашиб бормоқда эди. 1937-йилнинг март ойида даҳшатли қатағон Ватанимизнинг фозил кишилари қаторида Исҳоқхон тўра Ибратни ҳам аждаҳодай ўз комига тортди. 75 ёшни қоралаган кекса шоир, педагог бир қора машина тўла китоб билан Андижон турмасига олиб кетилди. У шўролар турмасида бир неча ой ётиб, ҳаёт билан видолашди.

Истиқлол мустақиллик туфайлигина Исҳоқхон Ибрат ҳақида бор ҳақиқатни айтиш, унинг асарларини халқнинг маънавий мулкига айтантириш имконияти яратилди. 2005 йилда унинг катта ҳажмда педагогик ҳамда адабий, илмий асарлари нашр этилди.

Ж. Жумаев
ИБХИТМ Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

“ТЕЛЕФОНнинг 60 та ОДОБИ”

Одобнинг асли – ўзини нуқсонли, бошқани – комил кўрмоқликдир. Одоби кам бўлган – ўзини комил, …