Home / МАҚОЛАЛАР / Марказ қулёзмалар фонди хазинасидаги “Тафсири Қушайрий” асари

Марказ қулёзмалар фонди хазинасидаги “Тафсири Қушайрий” асари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасининг қўлёзмалар фондида тасаввуфий тафсирлар сирасига кирувчи Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрий қаламига мансуб “Латоифул ишорат би тафсирил Қуръон” (Қуръон тафсир қилишдаги нозик ишоралар) асари сақланмоқда (№ inv. MR 227).  

Асар муаллифининг тўлиқ исми Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин ибн Абдулмалик ибн Толҳа ибн Муҳаммад Истивоий Қушайрий Найсобурийдир. Тасаввуф ва ҳадис илми пешволаридан бўлган. 376 ҳижрий санада Истиво[1] шаҳрида туғилган. Қушайр ибн Каъб авлодидан бўлганлиги учун Қушайрий нисбатини олган.

Қушайрийнинг илм дунёсига кириши кичиклигидан бошланган. У дастлаб адабиёт ва араб тилини ўрганди. Кейинчалик ҳисоб илмини ўрганиб, қишлоғидаги идорада ишлаш мақсадида Найсобурга боради ва иттифоқо Абу Али Даққоқнинг дарс ҳалқасига қатнашиб қолади. Даққоқдаги ихлос, тақво ва юзида порлаётган нурни кўрган Абул Қосимда унга шогирд бўлиш истаги туғилади. Шайх ҳам ундаги зийракликни кўргач шогирдликка қабул қилади ва кейинчалик унга ўз қизини никоҳлаб беради. Абу Алий Бохарзий ўзининг “Думятул қаср”[2] китобида Қушайрийнинг шариат илмларида тенгсиз бўлганлигини таъкидлаган.

Қушайрий фиқҳ, ақоид, усул, тафсир, адабиёт, араб тили грамматикаси, шеърият илмларида замонасининг энг пешқадамларидан ва тасаввуф илми пешволаридан эди. Эътиқод бўйича ашъарий мазҳабида, фиқҳда шофиъий мазҳабида бўлган[3].

Имом Қушайрий душанба куни Робиъул аввал ойининг 16 кунида 465 ҳижрий санада Найсобур шаҳрида вафот этган ва устози Абу Али Даққоқнинг қабри ёнида дафн қилинган[4].

Исмоил Пошо Бағдодий “Ҳадийятул орифин” асарида Қушайрийнинг биз ўрганаётган асардан ташқари яна қуйидаги китобларни тасниф қилганини айтади:

“Арбаъийн фил ҳадис”, “Истифазотул муродот”, “Булғотул мақосид”, “ат-Тахйир фи илмит тазкир фий маъани исмиллаҳи таъала”, “ат-тайсир фи илмит тафсир”, “Уйунул ажвибати фий фунунил масъалати”, “ал-Фусул фил усул”, “Китабул маъариж”, “ал-Мунтаҳо фий нукати улиннуҳо”, “Носихул ҳадиси ва мансухиҳи”, “Наҳвул қулуб”, “Ҳаятул арвоҳ вад далилу ила ториқис-салоҳ”, “Шикаяти аҳли сунна би ҳикаяти ма наалаҳум минал меҳнаҳ”, “Мансурул хитоб фи шуҳудил албаб”.

Биз ҳозирда ўрганаётган “Латоифул ишорат би тафсирил Қуръон” асари 410/1019 йилда ёзилган бўлиб, ўзига хос услуби билан бошқа тафсир китобларидан ажралиб туради. Асарнинг номидаги “Латоифул ишорат”  (нозик ишоралар)” атамаси ҳам шунга далолат қилади. Муфассир Қуръон оятларини ҳар бир қори ва олим муфассирга маълум бўлмаган жиҳатларини очиб берган. Баъзи оятлар, хоссатан, “хуруфу муқаттаот” (маънодан узилган, маъноси номаълум ҳарфлар) билан бошланган оятлар сўфийлик таълимотлари асосида тафсир қилинган. Мусаннифнинг ўзи асар ҳақида шундай дейди: “Бу китобимиз Қуръон ишораларидан маърифат аҳли тилига кўчган алоҳида тарафларни зикр этади”[5]

Мусаннифнинг мақсадини яхшироқ тушуниб олиш учун эътиборимизни мисол тариқасида “Муъминун” сурасининг 2 оятига қаратамиз:

Оятда мўминлар сифатланиб, “Улар намозларида хушуъ қилувчилардир”, дейилади. “Кашшоф” тафсирида намозда хушуъ қалбнинг қўрқиши, кўзнинг пастга, сажда жойига қаратилиши, одобларга риоя қилиш, кийимни йиғиштириш,  жасадни ва кийимларни ўйнашдан тайилиш, атрофга қарамаслик[6] каби маънолар билан изоҳланган. “Тафсирий Қушайрий”да эса намозда хушуъ улуғворлик сифатларини мукаммал қилиш, кашф султони[7] ҳукми остида эриб кетиш билан қалбни муножот майдонига қўйишдир, дейилган.

“Шуаро” сурасининг биринчи ояти: “То. Сийн. Мийм” “ҳуруфу муқаттаот” (маънодан узилган, маъноси номаълум ҳарфлар) билан бошланган. “Кашшоф” тафсирида ушбу оятнинг қироат услубларини баён қилиш билан чекланилган. Қушайрийнинг тафсирида “То” Аллоҳнинг куч-қувватининг нуқсони йўқлигига, “Сийн” қудратининг ўта юксаклигига, “Мийм” буюклигининг азалий эканига далолат этиши ёритилган.           

Имом Қушайрийнинг мазкур услуби “тафсири ишорий” йўли билан тафсир қилиш дейилади. Бу услуб Қуръонни зоҳирига хилоф равишда таъвил қилишдир. Бунда илм аҳлларидан баъзилари ёки буюк тасаввуф пешволаридан мужоҳада билан нафсларини тарбиялаган, Аллоҳ қалб кўзларини мунаввар этган, Қуръони каримнинг сирларини идрок этиб, илоҳий илҳом, раббоний фатҳ воситасида зоҳирий ва ботиний маънолар орасини жамлаган ҳолда Қуръоннинг дақиқ маънолари зеҳнларида порлаган кишилар томонидан ўзларигагина зоҳир бўлган махфий ишораларга доир таржима қилишади[8].

Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган мазкур асар “Фотиҳа” сураси билан бошланиб, “Анфол” сурасида тугаган. Настаълиқ ёзув тури билан шарқ қоғозида ёзилган нусха тўлиқ эмаслиги сабабли унинг ёзилган йили ва хаттоти маълум эмас.  

Изланишлар натижасида шу нарса маълум бўлдики, ушбу тафсирнинг қўлёзма нусхалари бошқа тафсирларга нисбатан кам тарқалган. Саудия Арабистонидаги  “Мактабатун Анийза” фондида унинг айрим қисмлари сақланмоқда. Жами 124 бетдан иборат қисмлар бир тартибда эмас. Уларда Қуръоннинг еттита сураси тафсирини кўриш мумкин. Айрим бетларда қисқа ҳошиялар бериб ўтилган.

Саудия Арабистонидаги яна бир “Малик ас-Сауд” университети кутубхонасида ҳам № 2518 рақам остида мазкур асар қўлёзма нусхаси сақланаётган бўлиб, у  ҳам тўлиқ эмас. Шунингдек, Дамашқ шаҳридаги “Зоҳирия” (№391), Миср Араб Республикасидаги “Таймура” (№55/1 266), Истамбул университети марказий кутубхонасида (№376 А 3228) рақамлар остида асар нусхалари сақланмоқда. Германиялик олим Карл Бругмен каталогида №556-557 рақам билан кўрсатилган.      

“Shoh.uz” сайтида 2017 йил 20 июлда эълон қилинган “Тошкентда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар” мавзусидаги мақолада Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида асарнинг 18 асрда ёзилган қўлёзма нусхаси сақланаётганини маълум қилинган.

У.Муҳаммадиев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Қуръоншунослик шуъбаси раҳбари
[1] Найсобурга (Нишопур, Эрон) қарашли ҳудуд (Эъжомул аълом)
[2] Мазкур китобнинг тошбосма нусхаларидан бири Нию Йорк университети кутубхонасида *PB – 73677 SB 5-42 CC рақами остида сақланмоқда
[3] Абул Аббос Аҳмад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳдий ал-Ҳасаний. Ал-Баҳрул мадид фи тафсири Қуръанил мажид. Байрут. Дорул-кутубул илмийя. Т.: 1. Б.37
[4] Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрий. “Тафсирул Қушайрий ал-мусамма Латоифу-л-ишарот”. Байрут. Дорул кутубул илмийя. 2007. Т. :1. Б. : 5,
[5] Абул Қосим Абдулкарим ибн Ҳавозин Қушайрий. “Тафсирул Қушайрий ал-мусамма Латоифу-л-ишарот”. Байрут. Дорул кутубул илмийя. 2007. Т. :1. Б. : 5,
[6] Замахшарий. “Кашшоф”. Байрут. Дорул кутубул илмийя. 2009. Б.:703
[7] Аллоҳ таоло назарда тутилмоқда
[8] Муҳаммад Алий Собуний. Ат-Тибён фи улумил Қуръон.Покистон. Мактабаттул Бушро. 2011.Б.:115

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …