Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Ҳафс Насафийнинг ҳаёти ва тафсир илмига қушган хиссаси

Абу Ҳафс Насафийнинг ҳаёти ва тафсир илмига қушган хиссаси

Абу Ҳафс Насафийнинг асл исми Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Насафий бўлиб, 1068 йилда (баъзи уламоларнинг маълумотига кўра 1069 й.) Насафда таваллуд топган[1].

Абу Ҳафс Насафий муфассир, фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз, мутакаллим, муаррих, адиб, тилшунос-наҳвшунос олим Насафда ҳадис тинглаган, сўнгра Самарқанд, Бухоро, Бағдодга ва Марв каби илм марказларида кўплаб олимлардан илм олган. Исмоил ат-Тонуҳий ва унинг жамоасидан ҳадис ривоят қилган. Умрининг асосий қисмини Самарқандда ўтказганлиги учун “Насафий сумма ас-Самарқандий” (“Насафлик сўнгра Самарқандлик”) исми нисбалари ишлатилган. Баъзан у ал-Мотуридий нисбаси билан зикр этилади. Бу олимнинг имом ал-Мотуридий таълимотини юзага келиб чиққан издошлари даврасида таълим олгани ҳамда калом ва фиқҳ асосларини баён қилишда кўп ҳолатда Мотуридия қарашларига таянганлигини кўрсатади.[2] Асосан, мутафаккир илм оламида Абу Ҳафс Насафий номи билан машҳур. Алломанинг таржимаи ҳоли тарих олимларининг жуда кўп манбаларида келган[3].

Абу Ҳафс Насафий 45 ёшида Маккаи Мукаррамага ҳаж ибодати учун йўл олади. Ўз сафари давомида Бағдод шаҳрида бўлиб, у ердаги таниқли олимлар суҳбатидан баҳраманд бўлади. Амир Хумортегин ибн Абдуллоҳ мадрасасида ҳадис илмидан сабоқ беради, муҳаддис Абулқосим ибн Баёндан ҳадислар ёзиб олади.

Абу Ҳафс Насафий ўзидан сўнг бой илмий маънавий мерос қолдирди. Манбаларда асарларининг умумий сони юздан ортиқ деб келтирилади.

Ҳанафий олимлар ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи табақотларда ан-Насафий кўроқ фақиҳ ва муфассир сифатида тилга олинади. Чунки унинг асарлари, асосан, ушбу соҳаларга тегишли бўлиб, улар ислом оламида кенг тарқалган[4].

Насафийнинг Қуръон илмига оид асарлари “Ат-Тайсир фи-т-тафсир” (Тафсирда енгиллик), форс тилидаги “Тафсир-и Насафий” (Насафий тафсири), “Китоб заллат ал-қори” (Қорининг хатоси), “Мухтасар ал-баён ва қироати Асим  би-ривоятиҳи Ҳафс” (Ҳафс ривоятида Осим қироатининг  қисқача баёни ҳақида), “Усул ал-вуқуф ала мавази ал-вуқуф”  (Тўхташ ўринларида тўхташ асослари)[5] номли асарлари мавжуд.

Насафий тафсир соҳасининг ҳам билимдони бўлган. Тафсир илмини Насафий асосан, Насафда Нуҳий сулоласи вакилларидан бири Абу Муҳаммад Исмоил ибн Муҳаммад Нуҳийдан (1033-1089) ўрганган ва у кишидан ан-Насафий ҳадислар ривоят қилгани келтирилган[6]. У ёзган “ат-Тайсир фи илм ат-тафсир” 4 жилдли (Тафсир илмига оид осонлаштирилган китоб) асари ҳам ана шундан далолат беради. Унда Қуръон оятларинг  шарҳи ўзига хос тартибда берилади.

Босния ва Герцеговина давлатининг Сараево шаҳридаги “Ғози Хисрав” кутубхонаси фондида № R 335 рақам остида сақланаётган Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафийнинг “ат-Тайсийр фи тафсир” номли ноёб қулёзма асарида “Нисо” сурасидан бошланган бўлиб, “Анъом” сураси, “Аъроф” сураси, “Анфол” сураси, “Тавба” сураси, ва “Юнус” сураси билан якунланган. “Ат-Тайсийр фи тафсир” номи билан машҳур бўлган ушбу китоб, ҳанафий мазҳаби ва мотуридий ақидасига мувофиқ ёзилган бўлиб, бутун ислом дунёсида, айниқса, Ўрта Осиёда катта шуҳрат қозонади. Китобнинг бир неча жойларида Ҳанафий мазҳаби йўлбошчилари ва Имом ал-Мотуридийнинг сўзлари ҳамда ўша даврнинг илм марказлари ҳисобланган Бухоро, Самарқанд олимларининг фикрларини ўқиш мумкин. Оятларни филологик жиҳатдан таҳлил қилишда, наҳв илмининг машҳур олимлари Имом ал-Сабивайҳ, Имом ал-Фарроларнинг қавллари ҳамда қироатнинг етти хил туридан кенг истифода қилинган[7]. Юқоридагилар сабабли “ат-Тайсийр фи тафсийр” асари бир неча асрлардан бери тафсир фанидан “Тафсир-ал-Байзовий”, “Тафсиру-л-Жалолайн”, “Тафсиру ибн Касир” китоблари қаторида дарслик сифатида лойиқ деб топилиб, мударрис ва талабаларнинг суйиб мутолаа қилинадиган тафсирларидан бирига айланди.

Дарҳақиқат, ушбу асар бошқа тафсир китоблари каби кенг кўламда ёзилган бўлса ҳам, асарни ўқиган киши ундан малоллик ҳам топмайди ёки маълумотнинг тўлиқ кўрсатилганлиги боис тушунмай ҳам қолмайди.

Кейинги даврда Қуръонни шарҳлашда раъй-ижтиҳодни ишлатиш кенг тус ола бошлади. Абу Ҳафс Насафий, Алоуддин Самарқандийларнинг ўз раъй ва ижтиҳодларини қўллаган ҳолда шарҳ ёзганлари бунга мисол бўла олади.

XI-XII асрларда Мовароуннаҳрда тафсир илми даврда нафақат Мовароуннаҳрда балки бошқа ўлкаларда ҳам раъйга асосланиб тафсир асарлари ёзила бошланган эди.

Мовароуннаҳрда тафсир илми бошқа ислом ўлкаларида каби ривожланди ҳамда Қуръонни шарҳлашда турлилик кузатилади. Бу ўз навбатида Қуръонни тушуниш ва шарҳлаш бўйича маъсур тафсир, раъй билан тафсир қилиш, ақидавий йўналишда шарҳлаш, тасаввуфий йўналишда шарҳлаш, луғавий шарҳлаш бўйича мукаммал мактаблар шаклланганини кўрсатади.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб устозлардан таълим олган бўлиб, ҳатто у зот устозларининг исми шарифлари ҳақида “Таъдаду шуюхи Умар” номли алоҳида асар ҳам таълиф этган.

Насафийнинг шогирдлари бўлган Муҳаммад ибн Иброҳим Турбуштий; Абу Лайс Аҳмад ибн Умар Насафий. Бу зот Умар Насафийнинг ўғли бўлган; Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Уқайлий ва ҳоказо булардан бошқа кўплаб машҳур шогирдлар етиштирган.

Абу Ҳафс Умар Насафий 1142 йилда Самарқандда Чокардиза қабристонида Абу Мансур Мотуридий ёнида дафн қилинган.

Ахмат Рахимов,
Қуръоншунослик шуъбаси илмий ходими
[1] Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси. Имом Бухорий халқаро маркази, 2016. 257 -бет.
[2] Матлаъ ан-нужумтўпламида фиқҳ асосларини баён қилишда ан-Насафий куп ҳолатда Мотуридийнинг қарашларига суянади-Вв. 36а-44а.
[3]  “Ат Таҳбийр” 1ж/527, “Муъажам ал-адиббо” 16ж/70-71 б,  Имом Суютийнинг “Табақоту-л- муфасирийн” 27-б, “Шазароту-з-заҳаб 4ж/115-бет.
[4] “Матла ан-нужум ва мажма  ал-улум”. “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент-2015.Б-9.
[5] “Матла ан-нужум ва мажма  ал-улум”. “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент-2015.Б-12
[6] “Матла ан-нужум ва мажма  ал-улум”. “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. Тошкент-2015.Б-9.
[7] Нажмиддин Абу Ҳафз Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ан-Насафийнинг “ат-Тайсийр фи тафсийр” 2-жуз номли  қулёзма асари

Check Also

Имом Мотуридий ҳаёти ва ижоди

Шайх Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш, Мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади. …