Home / КИТОБЛАР / ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ УҚУБАТИ (29-30 ҳадислар)

ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ УҚУБАТИ (29-30 ҳадислар)

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «مَا مِنْ ذَنْبٍ أَجْدَرُ أَنْ يُعَجَّلَ لِصَاحِبِهِ الْعُقُوبَةُ مَعَ مَا يُدَّخَرُ لَهُ مِنَ الْبَغْيِ وَقَطِيعَةِ الرَّحِمِ».

Абу Бакрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Боғийлик ва қариндошлик алоқасини узишдек эгасига тез уқубат етказадиган ва қолганини охиратга сақлаб қўядиган гуноҳ йўқ», дедилар».

Шарҳ: Гуноҳларнинг ичида гуноҳкорга келадиган уқубатни энг тезлатадигани, яна охиратга олиб қўйиладигани ҳам бор экан. Ана шундай гуноҳлар иккита экан. Бири боғийлик, иккинчиси қариндошлик алоқаларини узишдир.
«Боғийлик» баъзан «зинокорлик» маъносида ҳам келади. Баъзан эса Ислом ҳукуматига ноҳақ қарши чиқиш, йўлтўсарлик қилиш маъносида ҳам келади.
Қариндошлик алоқасини узиш бўйича гуноҳ қилганлар рўйхатининг бошида ота-онасига оқ бўлганлар туради.
Демак, ота-онага оқ бўлган инсон, Аллоҳ Ўзи сақласин, уқубати энг тез етадиган, энг тез суръатларда жазосини кўрадиган энг катта гуноҳни қилган бўлар экан. Шунинг учун ота-онага оқ бўлишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозим бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Гуноҳлар жазоси тез етадиган ва тез етмайдиганга тақсимланиши.
2. Гуноҳлар ичида азоби охиратга қоладигани ҳам борлиги.
3. Боғийлик ва қариндошлик алоқасини узиш азоби тез етадиган ва охиратга ҳам олиб қўйиладиган гуноҳлардан экани.
4. Ота-онага оқ бўлишдан жуда эҳтиёт бўлиш кераклиги.

 

ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ УҚУБАТИ (30-ҳадис)

 

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «مَا تَقُولُونَ فِي الزِّنَا وَشُرْبِ الْخَمْرِ وَالسَّرِقَةِ؟» قُلْنَا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: «هُنَّ الْفَوَاحِشُ، وَفِيهِنَّ الْعُقُوبَةُ، أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ: الشِّرْكُ بِاللهِ عَزَّ وَجَلَّ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ – وَكَانَ مُتَّكِئًا فَاحْتَفَزَ قَالَ: – وَالزُّورُ».

Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Зино, ароқхўрлик, ўғрилик ҳақида нима дейсизлар?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дедик.
«Булар фаҳш ишлардир. Уларнинг уқубати бор. Сизларга гуноҳи кабираларнинг катталарини айтиб берайми? Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш», дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, ўринларидан тик туриб ўтирдилар ва: «Ёлғон сўз», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиснинг маъноси аввал ҳам ўтган ва батафсил шарҳ қилинган. Бу ерда Аллоҳга ширк келтиришдек ҳеч кечириб бўлмас бир гуноҳи азимдан кейинги ўринда ота-онага оқ бўлиш ҳам гуноҳи кабира экани таъкидлаб келтирилган.
Ҳар бир мўмин-мусулмон учун Аллоҳ таолога ширк келтириш қанчалик қўрқинчли иш бўлса, ота-онага оқ бўлиш ҳам ана шундай қўрқадиган иш бўлиши керак экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Зино, ароқхўрлик ва ўғрилик фаҳш ишлардан бўлиб, уларнинг уқубати борлиги.
2. Аллоҳ таолога ширк келтириш катта гуноҳларнинг каттаси экани.
3. Ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси экани.
4. Ёлғон гапириш катта гуноҳларнинг каттаси экани.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

“Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” китоби нашрдан чиқди

ИБХИТМ Матбуот хизмати