Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига меҳмонлар ташрифи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига меҳмонлар ташрифи

Ўзбекистонда кейинги йилларда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан ислоҳотлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юксак эътибор билан тилга олинмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг  ташаббуслари билан ташкил этилган илмий Марказ мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида, баркамол авлод тарбиясида катта аҳамиятга эга.

Ушбу Марказ мамлакатимизда ҳамда жаҳондаги энг улуғ илм-маърифат масканларидан бири бўлди.

Марказ илмий ходимлари буюк муҳаддислар, улуғ фақиҳлар ва калом илми мутафаккирларининг бебаҳо маънавий меросини тадқиқ этиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима қилиш ва қиёсий матнларини ўрганиш ҳамда мавжуд манбаларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказишдек масъулиятли вазифалар билан шуғулланиб, илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар.

29-январ куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти директори М. Насриев раҳбарлигида 6-нафар ўқитувчилар ҳамда Тошкент Давлат техника университети ректори ўринбосари М.Курбанов ташаббуси билан Беларусия Миллий техника университети ректори ўринбосари Г.А. Вирщина раҳбарлигида бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар ташриф буюрди.

Меҳмонларни Марказ директори Ш.Зиёдов, Диний маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи  Т.Эвадуллаев ва Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи О.Рустамовлар кутиб олди.

 

Бундан ташқари “Sevimli” телеканали мухбирлари, Марказ фаолиятини ёритиш мақсадида директор Ш.Зиёдов ва Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи Т.Эвадуллаевдан интервью олишди..

Дастлаб меҳмонлар Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан танишиб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти тўғрисида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг  халқаро меҳмонларга музейда сақланаётган ноёб экспозициялар, замонавий ахборот берувчи воситалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Айниқса халқаро меҳмонлар, Марказ кутубхонасида  сақланаётган ноёб қўлёзма ва тошбосма асарларга ва музейдаги буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларга жуда юксак баҳо бердилар.

Ташриф буюрувчи меҳмонлар томонидан Марказнинг ҳеч бир жиҳати  назардан четда қолмаганлиги ва энг замонавий жиҳозлар, хоналар дизайни ва компьютер технологиялари билан таъминланганлиги юқори баҳоланди.

Шундан сўнг меҳмонлар Музейда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар, ноёб экспонатларни томоша қилдилар. Улар мана шундай маърифат масканлари инсонни улуғворликка, аждодларга муносиб авлод бўлишга ва буюк боболаримиздан фахрланиш туйғусини ҳис қилишга ундашини таъкидладилар.

Ташриф учун меҳмонларга Марказ директори Ш.Зиёдов ўз миннатдорчилигини билдирди.

ИБХИТМ Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …