Home / ЯНГИЛИКЛАР / Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш устувор вазифалардан биридир

Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш устувор вазифалардан биридир

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси демократик ислоҳотлар, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинлиги, қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Парламентнинг инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш устидан парламент назоратини амалга оширишдаги роли тубдан ўзгарди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини парламент палаталари томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий этилди.

2017 йил 2-12 октябрь кунлари БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича тавсияларни амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида 2018 йил 4 майда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унинг ижросини назорат қилиш юзасидан мониторинг ўтказувчи ишчи гуруҳ шакиллантирилди.

2019 йил 15 январь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” ижросининг бориши юзасидан мониторинг ўтказувчи ишчи гуруҳ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг ҳамкорликдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Депутатлар, сенаторлар, вазирлик, идора, таълим муассасалари раҳбарлари, диний ташкилотлар, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этган ушбу йиғишлишда Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси – Ишчи гуруҳ раҳбари Акмал Саидов кириш сўзида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида алоҳида тўхталиб, 2017-2018 йилларда виждон ва эътиқод эркинлиги борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

 – Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси” 52 та тадбирни ўз ичига олган бўлиб, улар асосан БМТнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шахиднинг тавсияларини амалга оширишга қаратилган. 2018 йилнинг июль ойида Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда АҚШ давлат департаменти томонидан ташкил этилган конференцияда мазкур тавсияларни амалга ошириш мақсадида иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрдаги 72-сессиясидаги ташаббусига асосан, 2018 йил 12 декабрда БМТнинг “Диний маърифат ва диний бағрикенглик ҳақида”ги Резолюцияси қабул қилинди.

Бундан ташқари АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик соҳасида “алоҳида хавотир уйғотувчи” мамлакатлар рўйхатидан чиқарди, – деди А.Саидов ўз сўзида.

Йиғилишда иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасур Акрамовнинг маълум қилишича, “Йўл харитаси” доирасида Конфессия ишлари бўйича Кенгаш тўғрисида низом тасдиқланган. Республика бўйлаб ноисломий диний ташкилот вакиллари билан учрашувлар уюштирилган, “Дунёвий давлат ва диний хилма-хиллик”, мавзуларида 20 га яқин ток-шоулар, муносабат ва бошқа дастурлар эфирга узатилган.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мутасаддилари маълумотига кўра, “Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан, қайта ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарор билан диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун олинадиган давлат божи миқдори 5 баробарга қисқартирилган, диний ташкилотларнинг рўйхатга олувчи органларига фақатгина бир йилда бир маротаба ҳисобот бериш тартиби белгиланган.

Бундан ташқари, Ҳукуматнинг юқоридаги қарори билан рўйхатга олувчи органнинг диний ташкилотни тугатиш бўйича ваколати чиқариб ташланган. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойҳаси тайёрланган.

Йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддилари, Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ректори, профессор Шуҳрат Ёвқочев, Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати А.Юнусова ва бошқалар сўзга чиқишиб, Дин ёки эътиқод эркинлигини таъминлаш юзасидан “Йўл харитаси”нинг ижросига киритилган масалалар хусусида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

ОАВлари вакиллари саволларига атрофлича жавоб берилгач, йиғилиш якуни бўйича Ишчи гуруҳнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба: Дин ишлари бўйича қўмита

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …